muslim.uz

muslim.uz

Бугун имом-хатиблар малакасини ошириш ва уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишлари учун кўплаб ўқув машғулотлари, давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда.
Хусусан, шу кунларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази Наманган вилояти минтақавий филиалида Андижон вилоятидан 12 нафар, Фарғона вилоятидан 20 нафар, Наманган вилоятидан 25 нафар имом-хатиб тингловчилар малака оширмоқда. Бу жараёнда уларга тажрибали устозлар иштирокида бўлиб ўтаётган давра суҳбатлари ниҳоят манфаатли кечаётир.
11 май куни малака ошираётган имом-хатиб ва ноиби-имомлардан иборат VII давра тингловчиларининг дарсдан кейинги бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов иштирокида давра сухбати ташкил этилди. Унда VII давра ўқув машғулотларига жалб этилган имом-хатиблардан ташқари Филиал профессор-ўқитувчилари ва “Ҳидоя” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчилари иштирок этди.
Мулоқот давомида устоз Абдулҳай домла ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, тингловчиларнинг барча саволларига жавоб берди ва келгуси фаолиятлари учун муҳим таавсиялар ҳам бериб ўтди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 11 Май 2023 00:00

Ўлимингизни кутяпсизми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янада очиқроқ ва равшанроқ қилиб айтганлар: “Сизларнинг кутганингиз туғёнга кетказувчи бойлик, унуттирувчи камбағаллик, барбод қилувчи касаллик, заифлаштирувчи қарилик, ҳозир турган ўлим, дажжол ёки қиёматдан бошқаси эмас. Дажжол келажакдаги ғайбий ёмонлик ҳамда қиёмат даҳшатлироқ ва аччиқроқдир” (Ибн Муборак ривояти, “Зуҳд” китоби).

Унуттирувчи камбағаллик: бой бўлиб, мол-дунё тўпларкансиз, Аллоҳ йўлида сарфлаш ва яхшилик учун ишлатишни унутасиз. Бунга сабаб эртага ёки индинга қиламан дея кечиктиришингиздир. Замон ўзгариб, камбағаллик етиб, ҳеч нарсангиз қолмаса-чи?! Шуни кутяпсизми?! У пайтда хаёлингизга хайр-эҳсон сиғмайди-ку! Ҳа, демак, у ёки бу ҳолат келиб қолишидан олдин хайр-садақа ва яхшилик қилишга интилинг. Шошилинг. Аллоҳ ато этган нарсалар воситасида охиратни истанг. Эртага нима бўлишини билмайсиз. Эҳтимол, сиз режалаштирган ишларнинг батамом акси бўлиши мумкин.

Туғёнга кетказувчи бойлик: тижоратга берилиб кетишингиз, ишингиз билан машғул бўлишингиз, бор эътиборингизни касб-корингизга қаратишингиз туфайли яхшилик қилишга фурсат топа олмайсиз. Ҳатто, бир сўм хайр-садақа қилишга ҳам улгурмайсиз. Ҳаммасини бойликка боғлаб, роҳат-фароғатни кутиб яшаманг. Қаердан биласиз, эҳтимол бойлик сизни туғёнга чорлар, роҳат-фароғат сизга Аллоҳни унуттирар, кенгчилик сиздан яхшилик қилиш ришталарини кесар?! Бор гап, инсон ҳамма нарсага эришганидан кейин ўзидан кетиб, яхшиликни қадрламай қўяди. Наздида унинг зарра қадар вазни қолмайди.

Барбод қилувчи касаллик: бугун соппа-соғсиз, тинчлик-офиятдасиз. Эрта ё индин бемор бўлиб, заифлашиб қолишингиз бор. Нимани кутяпсиз?! Соғлом ҳолатингиздан айирувчи, офиятингизни ўзгартирувчи, сиздан куч-қувватни олиб қўювчи касалликними?

Заифлаштирувчи қарилик: бугун сизда куч-қувватга тўла ва соғлом танага эга ёшлик неъмати бор. Бу пайтда шайтон сизни ҳали ёшсан, ўйнаб-кулиб ол, деб аврайди. Тавба, намоз, масжидга қатнаш ва хайр-садақа вақти қариликда бўлади, дейди. Ҳатто, шу даражага етасизки, ёш тақводорларни маломат қилиб, ёшлик чоғини беҳуда ўтказаётганликда айблайсиз. Лекин, ёшлик кўз очиб юмгунча ўтиб кетиб, қарилик эшик қоқиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?! Энди сизда на тиш ва на ҳазм қилиш қолмайди. Қарилик сиздан ҳамма куч-қувватни тортиб олган бўлади. Бу пайтда сиз ҳасрат-надоматдан бошқасига қодир бўлмайсиз. Саъдий Шерозий айтганидек, золим бўри ҳам қариганда тавба қилади. Аммо ёшликдаги тавба пайғамбарлар хислатидир.

Ҳа, бўри қариганда қўйларни овлашдан тўхтайди. Қарилик уни қўйларни ошлаш тугул ҳаракатдан қолдиради. Қариликдаги тавба ўз соҳибига камолотни бермайди. Аммо, куч-қувватга тўлган вақтда тақводорлар йўлини тутиб, гуноҳлардан тийилган ёш йигит пайғамбарлар хулқи ила хулқланган бўлади. Қаранг, саййидимиз Юсуф алайҳиссалом ёш, кучга тўла ва гўзал юзли эдилар. Бир бой аёл уни хоҳлади. У киши ҳам хоҳладилар-у, лекин ўша заҳотиёқ ўзларига келиб, гуноҳга қўл урмадилар. Бу ҳолат у зотнинг ожиз ва заифликлари сабаб эмас, балки Аллоҳдан қўрққанлари, Унинг буюклигини эслаганлари учун бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, (Зулайхо) уни (яъни, Юсуфнинг висолига етишни) хоҳлади. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам уни (Зулайҳони) хоҳлаган бўлар эди” (Юсуф сураси 24-оят).

Ҳозир турган ўлим: сизлар ҳикоянгизни тўхтатадиган, ёдингизни йўқ қиладиган, ҳозир турган ўлимингизни кутяпсизларми?!

Дажжол: сиз башариятга юзланиб турган даҳшатли мусибат ва барча нарсани унуттирувчи фитна кунлари амал қила оласизми?! Йўқ, у кунлари нафсни ислоҳи, яхшиликлар сари юриш, ёмон амалларни қилмаслик, тақво ила безаниш каби ишлар кутилмайди. Ҳа, на униси ва на буниси бўлмайди. Шундай экан, олдинга юринг, интилинг, шошилинг.

Ҳаёт лаҳзалари ўта қиммат, бебаҳо. Шунинг учун ҳушёрлик ва диққат билан унинг ҳар лаҳзасидан фойдаланиб, уни Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсаларга сарфланг. Ҳимматингизни олий қилинг. Шунда шайтон ва унинг иғволарига қарши тура оласиз. Чин қасдингиз бўлсинки, нафс ва унинг ҳойи ҳавасларига учиб қолмайсиз. Ҳимматингизни пасайтириб, ҳавойи нафс қулларидан бўлиб қолманг. Бундайлар нафсга эргашиб уни рози қилиш учун ҳар қандай ишни қиладилар. Фақат ҳойи ҳавасларига алданиб яшаш нақадар ёмон ҳаёт-а?! Ҳаётга ўз қадрича боқиб, уни ўлгандан кейин ҳам наф берадиган амалларга сарфлашингизга тавфиқ беришини сўранг.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

Четверг, 11 Май 2023 00:00

Тасбеҳ ишлатиш бидъатми?

САВОЛ: «Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида тасбеҳ бўлмаган, тасбеҳ кейинчалик қўлланган «бидъат» дейишади. Шунга нима дейсиз?»

Жавоб: Тасбеҳ – бидъат эмас. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам тасбеҳ бор эди. Хурмо данакларидан, майда тошчалардан тасбеҳ ўрнида фойдаланишарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди! Тасбеҳни бидъат дейиш нотўғри, чунки, динда бўлмаган нарсаларга бидъат, яъни, янгилик дейилади!

Юқорида айтилган хурмо данаклари, майда тошчалар, ип тугунлари саҳобаи киромлар томонидан тасбеҳларни ва зикрларни санаш мақсадида фойдаланган воситалардир.

Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бармоқ билан санаганлар. Бу ҳам бир тасбеҳ. Ўн тўрт бўғин ўнг қўлда, ўн тўрт бўғин чап қўлда, жами 28 бўғин. Бунга 5 ни қўшсак, 33 та бўлади, аммо 100 гача, 1000 гача бармоқлар билан санашда адашасиз. Шунинг учун тасбеҳлардан фойдаланасиз.

Ҳазрат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.

Энди бу 100 мартани адаштирмаслик учун инсоннинг имконида 100 бўғинли бир нарсанинг бўлишига нима зарурият бор? Зарурият шуки, бу суннат амалнинг гўзал бир шаклда бажарилиши учун воситадир. Етмиш тўққиз, саксон... деб саноғу ҳисобга машғул бўлмасдан тасбеҳ билан санасангиз, диққатингиз кўпроқ зикрда бўлади? Ҳисобда адашмайин десанг фикринг чалғийди. Бутун диққат-эътиборни зикрга беришда тасбеҳнинг бизга фойдаси кўп. Шу сабабли ҳам тасбеҳ – бидъат эмас.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Аввал хабар берганимиздек, Доҳа шаҳрида бўлаётган “Диний эркинликдан диний масъулият сари: қўллаб-қувватлаш ва ҳаракат ҳамжамиятларини қуриш” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

Халқаро конференциянинг “Дин ва қонун устуворлиги” шуъбаси доирасида бўлимларда 50 га яқин олим ва тадқиқотчилар, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар, диншунос ва дин етакчилари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг маърузалари ташкил қилинган.

Жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудовнинг “Диний соҳадаги ислоҳотлар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги маърузаси ва тақдимоти иштирокчиларга етказилди.

Маърузада сўнгги йилларда дин соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик такомиллаштирилгани, янги илмий ва таълимий муассасалар очилгани, барча дин вакилларининг эмин-эркин эътиқод қилишларига шароитлар яратилгани, буюк алломалар меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бир қатор эзгу саъй-ҳаракатлар аниқ мисоллар, далил ва рақамларда тақдим этилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўз навбатида, бугунги даврда дунёнинг турли нуқталарида диний ва миллий адоватлар давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда 16 та диний конфессиянинг тинч-тотув яшаши кўплаб давлатлар учун намуна тимсоли бўла олиши алоҳида таъкидланди.

Тадбирда иштирок этаётган халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги, хусусан, диний бағрикенглик борасидаги ташаббуслар юксак эътироф этилди.

Ўзбекистон делегациясининг Қатарга сафари давом этмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Четверг, 11 Май 2023 00:00

Сиз бизга кераксиз!

Инсоннинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин. Лекин меҳрга, мурувватга тўйган киши топилмаса керак.

Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарларида эшитиш ва гапиришда нуқсони бор инсонлар билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 6–8 май кунлари Ангрен, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида жисмоний имконияти чекланган инсонлар билан “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида хайрия тадбири ўтказилди.

Ангрен шаҳрида 80 нафар, Олмалиқ шаҳрида 60 нафар ва Чирчиқ шаҳрида 110 нафар имконияти чекланган юртдошларимиз иштирок этди.

Тадбирлар давомида юртимизда имконияти чекланганлар учун кўрсатилаётган ғамхўрлик, миссионерликдан огоҳ бўлиш ҳақида Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди имом ноиби Низомиддин қори Абдумаликов, Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Суннатуллоҳ домла Эрназаров, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Шавкат домла Алибоевлар нутқ сўзладилар.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси етакчи мутахассиси М.Абубакированинг “Сиз бизга кераксиз” кўргазмали чиқиши намойиш этилди ва маърузаси тингланди.

Имконияти чекланганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Адашиб, миссионерларнинг ҳийлаларига учиб, бошқа динни ихтиёр этганлардан Ангрен шаҳрида 8 нафари, Чирчиқ шаҳрида 10 нафари тадбир иштирокчилари олдида шаҳодат калимасини келтириб, иймон билан шарафланди.

Иштирокчиларга дастурхон ёзилиб, ош улашилди. Тадбир давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жами эллик миллион тўрт юз минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва совғалар берилди. Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди, яхши тилаклар изҳор этилди.

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Мақолалар

Top