muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 07 Ноябрь 2021 00:00

Яхшиликларнинг онаси

Инсоннинг энг гўзал сифатларидан бири бўлган ҳаё Ислом динида иймоннинг ярмига тенглаштирилади.  Ҳаё доимо инсонни эзгуликка ундаб, ёвузликдан қайтаради. Ҳаёсиз киши ўз қилмишларининг оқибатлари нима бўлишини ўйламай қилаверади, улар ўз манфаати йўлида бошқаларнинг инсоний ҳуқуқларини оёқ ости қилишдан тап тортмайди.

“Бир инсон иккинчи бир кишини ҳаёга даъват қилаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни ўз ҳолига қўй, ҳаё иймондандир”,  деганларини имом Бухорий ривоят қилганлар.

“Ҳаё ва иймон бир жуфт шохга ўхшайди. Вақтики биттаси кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади”.

 Машҳур олим Ҳусайн Воиз Кошифий: “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳич кимда виждон ҳам қолмайди. Кишилар бир-бирларига бефарқ қарайдиган бўлиб қолишади”, деганлар. Демак ҳаёнинг йўқолиши иймоннинг йўқолишига олиб келади.

Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир, иймоннинг жойи эса жаннатдадир. Беҳаёлик эса жафодандир, жафонинг жойи эса дўзахдадир”, дедилар.

Ҳаё-барча яхшиликларнинг онаси ва барча нарсани гўзаллаштирувчи зийнатдир. Бу борада Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаҳш қайси бир нарсада бўлса, уни хунуклаштиради. Ҳаё қайси бир нарсада бўлса уни зийнатлайди”, дедилар.

Иймон банда билан Аллоҳ ўртасидаги воситадир. Ушбу воситанинг натижаси ва меваси – нафс тарбияси, ахлоқнинг тўғриланиши  ва амалларнинг яхшиланишидир. Нафсда ҳаё ўрнашсагина инсон хатолардан сақланади, беҳуда, бемаъни ишлардан кўзини юмади.

Кийим-бошда, дин-у диёнатда ва кишилар ўртасидаги барча муомалаларда ҳаё бўлиши керак. Ҳаёсиз одамдан андишасизлик, юзсизлик, виждонсизлик каби иллатлар юзага келади.

ТИИ 4-курс талабаси

Қосимов Абдулваисхон

 

Ёшлик инсон умрининг баҳорига қиёсланади. Дарвоқе, бу фаслда ниҳол ўсиб, улғайиши баробарида кўплаб довулларга, шиддатли тўлқинларга ҳам дуч келиши табиий. Ана шу аснода ниҳолга боғбон зарур. Зеро, боғбоннинг тўғри парвариши туфайли ниҳол серҳосил дарахтга айланади.

Худди шундай бугунги талатўпли замонда ёшларни миллий маънавиятимизга, муқаддас қадриятларимизга зид турли хуружлардан асраш тобора долзарб бўлиб боряпти. Чунончи, бугун интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсаддаги кимсаларнинг ёшларнинг онгу шуурларини эгаллашга бўлган уринишлари хавфли ту оляпти.

Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов талаба-ёшлар билан учрашиб, уларга “Тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш – барчамизнинг бурчимиз” ҳамда “Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш – давр талаби” мавзуларида суҳбат қилиб берди.

Қизиқарли баҳс-мунозараларга бой кечган учрашувда талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

* * *

Куннинг иккинчи ярмида А.Юнусов Тошкент тиббиёт академияси талабалари билан учрашиб, уларга сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида гапириб  берди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари А.Юнусовнинг гўзал маърузаси ёшларда катта таассурот уйғотди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги талабалар илмга ташналиги, муқаддас динимиз таълимотидан хабардорлиги билан аввалгиларидан фарқ қилади. Шуни инобатга олиб, имом-хатибларнинг талабалар билан учрашувлар ўтказаётгани, албатта, яхши натижа беради, иншоаллоҳ.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ислом, даъват ва иршод ишлари вазири, доктор Абдулатиф бин Абдулазиз Ол аш-Шайх жаноблари муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига муфтийлик вазифасига сайланганлари муносабати билан табрик йўллади.


Унда жумладан шундай дейилади:


– Ўзбекистон муфтийси этиб сайланганингиз ҳақидаги янгиликдан чуқур мамнуният ила хабардор бўлдим. Сизга билдирилган ишонч билан самимий қутлаб, Сизга ушбу вазифани Аллоҳ таоло муборак айлашини сўрайман. Ислом ва мусулмонларга хизмат қилишингизда Ҳақ таоло улкан муваффақиятларга эриштиришини тилайман.
Аллоҳ таоло Сизни Ўз паноҳида асрасин.


Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.
Биродарингиз,

Ислом, даъват ва иршод ишлари вазири,
доктор Абдулатиф бин Абдулазиз Ол аш-Шайх жаноблари

Абдусамад домла Жўрақулов

Тошкент тумани

"Ҳамд" жоме масжиди имом-хатиби

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда диний-маърифий йўналишдаги ўзгаришлар ҳам киши баҳридилини очади. Айниқса, миллий меъморчилигимиз анъаналари асосида  янгидан бунёд этилаётган масжидлар юртимиз қиёфасига узукка қўйилган кўздек ярашиб тушмоқда.

Бугун Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Оҳангарон туманига ташриф буюриб, “Чилқори” ва “Абдуқаҳҳор махсум” жоме масжидларининг қурилиш жараёнларини кўздан кечирдилар. Уста ва қурувчиларга зарур маслаҳат ва тавсияларини бердилар.

Албатта, масжид қуришнинг, бу хайрли ишга ҳисса қўшишнинг ажри улуғ, савоби бисёр. Буни яхши англаган саховатпеша юртдошларимиз ўзлари учун садақаи жория қилиш мақсадида Аллоҳнинг байтлари обод бўлишига ҳисса қўшишмоқда.

Жасурбек домла масжидлар қурилишида бош-қош бўлаётган, елиб-югуриб хизмат қилаётан ҳамда уста-қурувчиларга ташаккур билдириб, хайрли дуолар қилдилар.

* * *

Жума намозини ҳудуддаги “Қорахитой” жоме масжидида адо этган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Ж. Раупов намоздан сўнг марказий мажидида Оҳангарон шаҳри ва тумани имом-хатиблари билан йиғилиш ўтказдилар.

Жасурбек домла Раупов икки кун аввал ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг йўл-йўриқ ва тавсиялари асосида бундан буён тизимли ишлаш, ҳар бир имом-хатиб масъулиятни ҳис этган ҳолда ўзининг функционал вазифаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтдилар.

Йиғилиш сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Top