muslim.uz

muslim.uz

Муборак рамазон ойи кириб келаётган фараҳбахш паллада “Мовароуннаҳр” нашриёти ижодий ходимлари яна бир савобли ишга қўл урди. Нашриёт “Раҳмат ойи Рамазон” рисоласини ўн минг ададда чоп этди.

Рисолага  сўз боши ёзган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари рўзанинг асл мазмунини қисқа ифодада соддагина қилиб тушунтириб ўтганлар: “Ҳар бир аъзонинг ўз рўзаси бор. Қалбнинг рўзаси Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга берилишдан холи бўлиш; кўзнинг рўзаси ёмон, қайтарилган нарсаларга қарамаслик; тилнинг рўзаси ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, хусумат, мақтанчоқлик, бефойда – лағв сўзлардан тийилиб, Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул бўлиш; қулоқнинг рўзаси эшитиш мумкин бўлмаган барча нарсаларни эшитмаслик; қўл ва оёқларнинг рўзаси гуноҳ ишларга боришдан ва уларни қилишидан сақланишдир”.

Демак, ана шу ишларни жойига келтириб бажара олган одам рўзасини мукаммал тутиб, гуноҳларидан фориғ бўлади ҳамда кўпдан-кўп савоблар топади.

Рисолада  рўзанинг бирча жиҳатлари қамраб олинган ва мавзулар бўйича ёритилган.  Рўзага оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар билан бошланган рисола рўзанинг тиббий фойдалари билан давом эттирилган. Рўзанинг фарзлари, рўзани бузадиган, бузмайдиган ҳоллар; рўзани қасдан бузишнинг каффорати, рўзадорга макруҳ амаллар, рўза тутмасликка узрли ҳоллар, узрлилар; рўзадор ахлоқи; Қадр кечасининг фазилати, фитр садақаси, Ҳайит намози, рўзага доир фатволар ҳақида атрофлича маълумотлар берилганидан сўнг рисола рўзага доир савол-жавоблар ҳамда рамазон маълумотномаси билан ниҳоясига етказилган. 

Рисола рўзасини чиройли тутишни ният қилиб турган мўмин-мусулмонлар учун ниҳоятда ажойиб қўлланма вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан “Тошкент-Жакарта-Тошкент” йўналишида илк самолёт парвози амалга оширилди.

Ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари амалга ошириладиган мазкур қатновни Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳамкорликда йўлга қўйди.

Мазкур қатновдан ҳар икки давлат ҳам тенг манфаатли бўлиб, шу боис Жакартанинг «Sukarno-Xatta» халқаро аэропортида Тошкендан ил парвоз билан келган йўловчилар тантанали кутиб олинди.

Айни вақтда Жакартада икки мамлакат расмий доиралари ўртасида туризм форуми бўлиб ўтмоқда. Мақсад эса Ўзбекистон сайёҳлик имкониятини Индонезияда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, хорижий инвесторларни жалб этиш орқали Ўзбекистонни энг йирик зиёрат туризми мамлакатларидан бири сифатида намойиш этиш.

Қайд этиш жоизки, айни вақтда мазкур давлатда Ўзбекистонни туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган қатор юмушлар бажарилмоқда. Индонезия марказий телеканалари мухбирлари, индонезиялик машҳур олимлар санъаткорлар ва кўп сонли блогерларга Ўзбекистонга инфо турлари ташкил этилмоқда. Натижада Индонезиядан юртимизга келаётган сайёҳлар сони йил сайин кўпаймоқда. Мисол учун, жорий йилда 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиз кўп сайёҳ келди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан “9 Май – Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда яқинлашиб келаётган Рамазони шариф муносабати билан вилоятда узоқ йиллардан бери фидокорона меҳнат қилиб келаётган диний соҳа ходимлари, устоз имом домлалар, уламолар учун Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан бири бўлмиш Чорвоқ шаҳарчасидаги дарё бўйида дастурхон ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов йиғилганларга муфтий ҳазратларининг саломлари, дуои хайрларини етказди. Тадбирда ўтмишнинг суронли йилларида, мустабид тузум тазйиқларига қарамай халқ манфаатини кўзлаб, дин ривожи учун холис хизмат қилган хофизи Қуръонлар, илм эгалари, устозлар, имом-хатиблар, муаззину ноиби имомларнинг машаққатли меҳнатлари эсланиб, ҳар бирлари эътироф этилди. Ўтганларнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиниб, дуолар қилинди. Устозларга Тошкент вилояти вакиллигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Устозлар барҳаёт, уларнинг шогирдлари, қолдирган илму маърифатлари сабаб эзгу ишлари доимо бардавомдир. Шу сабабдан ҳам, устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида таъкидлаганларидек: “Аллоҳ таоло, унинг малоикалари, ҳатто инидаги чумоли, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам динни, яхшиликни таълим берадиган устоз муаллимларга саловат айтадилар”.

 

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги

Четверг, 02 Май 2019 00:00

Кўз ёши билан боғлиқ мўъжиза

Олимларнинг “Кўз ёши сирлари ва йиғининг фойдалари” ҳақида олиб борган тадқиқотлари хулосасида айтилишича, йиғи инсондаги баъзи руҳий изтиробларга ижобий таъсир қилиб, тушкунлик ва депрессияга қарши курашда самарали таъсир кўрсатар экан. Шунингдек, кўз ёши кўзни чанг ва бактериялардан тозалайди, юқори ва пастки қовоқларнинг эркин ҳаракатланишига ёрдам беради, кўзни мунтазам намлаб, қуриб қолишининг олдини олади, кўз қорачиғининг шаффофлигини таъминлайди, кўриш равшанлиги ва қувватини оширади. Бундан ташқари танадаги оғриқни камайтиришда ҳам кўз ёшининг ўрни бор.

Аллоҳ таоло бизга Ўзидан қўрқиб йиғлаш неъматини ато этган. Агар инсон Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа, хотиржамлиги ва ихлоси зиёда бўлар экан. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

وَيَخِرُّونَ لِلأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعاً

“Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларни зиёда қилур” (Исро сураси, 109-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши, то сут елинга қайтгунича, дўзахга кирмайди”. Термизий ривояти.

Маълумки, туя, сигир, қўй каби ҳайвонлардан соғилган сут ҳеч қачон елинга қайтмайди. Демак, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга кирмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки кўз борки, уларга дўзах ўти тегмайди. Булар: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб, бедор ҳолда тонг оттирган кўз”. Термизий ривояти.

“Кўзга дўзах ўти тегмайди” дегани ўша кўзнинг соҳибига дўзах олови тегмайди деганидир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дедилар: “Аллоҳдан қўрқиб кўз ёши тўкишим мен учун минг динорни садақа қилишимдан яхшироқдир”.

Буюк саҳобийнинг бу ҳикматлари ҳам Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлашнинг савоби, фазилати қанчалик улуғлигини кўрсатиб турибди. Аллоҳ таолодан қўрқиб кўз ёши тўкиш минг дона тилла тангани садақа қилишдан яхшироқ экан.

Аллоҳ таоло бизни Ўзидан қўрқиб йиғлайдиган ва бунинг натижасида иймон нури, хушуъси зиёда бўладиган бандаларидан қилсин, омин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Тошкентда “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум - 2019” бошланди.

Форум доирасида 3-4 май кунлари “Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси” мавзусида семинарлар ўтказилади. Ушбу форум ва икки кунлик семинар “Al Huda” ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази, “Sheikh Ahmed Bin Obeid Al Maktoum” халқаро инвестицион компанияси ҳамда Ислом тараққиёт банкининг ICD тармоғи билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад – юртимиз тадбиркорларини улар учун янги бўлган Ислом банкчилиги ва молияси соҳаси билан таништириш, соҳа имкониятларидан хабардор қилиш ҳамда хорижий мутахассислар билан соҳада юз бераётган янгиликларни бўлишишдан иборат.

Кейинги вақтда МДҲ давлатлари учун ислом банкчилиги ва молияси анъанавий банк-молия тизимига муқобил барқарор молиявий ечим сифатида эътироф этилмоқда.

Форум давомида ислом банк - молия соҳасидаги тарихий воқеалар, глобал ғоя ва йўналишлар, такафул (ислом суғуртаси), Ўзбекистоннинг ислом банк - молия тармоғини ривожлантиришдаги имкониятлари ва бу йўналишдаги аниқ вазифалар каби масалаларда тақдимотлар ўтказилади. Унда Канада, Покистон, Кувайт, Саудия Арабистони, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистондан ислом молия соҳасидаги тажрибали мутахассисларнинг маърузалари кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top