muslim.uz

muslim.uz

Инсон табиатига турли туйғулар хос бўлиб, булар қаторига ранжиш, хафа бўлишни ҳам киритиш мумкин. Қачонки бизга ноҳақлик ёки зулм қилишса, бундан нафақат дилимиз оғриб хафа бўламиз, балки ўша инсон билан ҳар қандай алоқани узишга қарор қиламиз.

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига кўра, мўминлар бир-биридан уч кечаю уч кундуздан ортиқ хафалашиб юриши мумкин эмас. Нега? Чунки ўзаро зиддият авжига чиққан пайтда ҳис-туйғуларга эрк берилиши, бу эса бошқалар билан муносабатда хафагарчиликни юзага келтириши, орага совуқчилик тушириши ва дунёда сизни номақбул инсонга айлантириб қўйиши мумкин. Шунинг учун бизга зиддият марказидан узоқлашиш, тинчланиб ўзига келиб олиш, обдон ўйлаб кўриш ва вазиятни таҳлиш қилиш, кейин афсус-надоматни келтириб чиқарадиган хатога йўл қўймаслик учун уч кун муҳлат берилган.

Бироқ хафалашишнинг диний ёки шаръий сабаби бўлса, у ҳолда зиддиятнинг ечимига кенгроқ ёндашилади. Бундай вазиятда мўминлар, биринчи навбатда, қуйидаги ҳадисларга қатъий амал қилиши керак:

  • “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас”.
  • “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”.
  • “Душанба ва пайшанба кунлари амаллар арз қилинади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ўша кунда Ўзига бирор нарсани шерик қилмаган ҳар бир бандани мағфират қилади. Фақат биродари билан орасида душманлик бор кишигина бундан мустасно”.              

Ислом – инсонлар ўртасида аҳиллик, дўстлик ва самимий муносабатлар бўлишини тарғиб қиладиган дин. Бир неча кунлаб, ҳафталаб, ойлаб араз қилиб юриш мўмин-мусулмонга ёт нарса. Шуни унутмаслик керакки, бу дунёда энг олий мақсади имонли бандаларни йўлдан уриш бўлган шайтон мўминлар бир-бири билан жанжал қилса ва хафалашса беҳад хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло наздида эса ярашишга биринчи бўлиб қадам қўйган банда яхшидир.

Парвардигор сизни кечиришини қандай хоҳласангиз, сиз ҳам инсонларга нисбатан шундай кечиримли бўлинг. Одамларни Аллоҳ учун кечиринг! Ҳеч кимни хафа қилманг ва ўзингиз ҳам ҳеч кимдан хафа бўлиб юрманг, дунё ҳаёти шусиз ҳам жуда тез ўтиб кетади.             

 

Алимардон Ҳайитов

17-апрель куни Иордания Ҳошимийлар давлати подшоҳи “Aбдуллоҳ II” ҳазрати олийлари Қуръони Каримни тажвид қоидаси асосида ёддан тиловат қилиб бериш бўйича халқаро ва маҳаллий Ҳошимийлар Қуръон мусобақаси ғолибларини тақдирлади.

Қирол Aбдулла II ҳазрати олийлари 37 нафар маҳаллий ғолиб, 5 нафар халқаро танлов иштирокчиси, 9 нафар ҳакамлар ҳайъати аъзоси ва танлов бош назоратчисига сертификатларни топширди.

Иордания пойтахти Aммандаги Қирол Ҳусайн Бин Талал жомеъ масжиди биносида ўтказилган ёпилиш маросимида ғолибларга ташаккурнома ва совғалар топширилди.

Юртимиздан Тошкент ислом институти талабаси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов мазкур нуфузли халқаро мусобақада қатнашиб, 98.32 балл тўплаб, 14-ўрин соҳиби бўлди. Қоримизга навбатдаги халқаро мусобақаларда Аллоҳдан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ушбу мусобақада барча ёшдаги минг нафар маҳаллий танлов иштирокчилари, ислом давлатларидан 43 нафар халқаро танлов иштирокчиси қатнашди.

ЎМИ ходими Илёс Аҳмедов тайёрлади. 

Пятница, 21 Апрель 2023 00:00

Йил бўйи рўза

Рамазондан сўнг Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.

Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Пятница, 21 Апрель 2023 00:00

Фармонга шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 374 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 110 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 18 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 39 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 36 нафарини чет эл фуқаролари, 136 нафарини аёл, 75 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Янгиликлар 24
uzbekiston24

Янгиликлар

Top