muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 06 Апрель 2023 00:00

Ислом жиноятчиликни қоралайди

Муқаддас динимизда ҳар-бир мўминнинг ўзига яраша ҳақ ва мажбуриятлари бор. Буларнинг барчаси Роббисига қуллик қилиш асносидаги вазифалардир. Яъни, ибодатлар ва муомалотлар. Ибодатлар деганда, банда бажариши керак бўлган барча фарз ва нафл амалларни ўз ичига олади. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказолар каби. Муомалотлар деганда эса, энг аввало ота-она ва фарзанд борасидаги ҳақ-ҳуқуқлар, сўнгра қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва жамиятда яшовчи ҳар-бир инсон билан қилинадиган ижтимоий мулоқотлардир. Ушбуларга амал қилиш бу - Аллоҳ таоло томонидан ажрларга, мукофотларга сазовор бўлишнинг боиси бўлса, уларга риоя қилмаслик, албатта инсонни гуноҳкор бўлишига ва азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: ''Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим'' (Зориёт, 56). Яъни, ушбу оятдаги ибодат маъноси, юқорида зикр қилинган барча ҳақ ва мажбуриятларни банда томонидан ижросини таъминлаб қўйишдир. Шунинг учун ҳам динни жамиятда аҳамияти юксак. Қайси бир жойда дин бўлмаса, одамлар ҳалол, ҳаромнинг фарқига бормаса, гуноҳни нима эканини англамаса, оқибатини ҳис этмаса, ҳоҳлаган ишини қилса, табиийки, уша жамият парокандаликка юз тутади. Жиноятчилик авж олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Дин насиҳатдир'', деб бежиз айтмаганлар. Яъни, агар шу насиҳатчи динимиз бўлмаса, Аллоҳ асрасин, ҳолатимиз анча аянчли бўларди. Қолаверса, мусулмончиликда итоатсизлик, жиноятлар сари етаклайдиган ҳар-қандай ҳолат, ҳоҳ у моддий, ҳоҳ маънавий бўлсин, қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай дейди: "Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир." (Аъроф, 56). Бир жойга бориб бузғунчилик қилиш, одамларни бир-бирига гиж-гижлаб, фитналар қилишнинг ўзигина эмас, балки кўпинча кўзимиз илғамайдиган майда хатоликларга йўл қўйишни ҳам айтса бўлади. Чунки гоҳида биз эътибор қилмайдиган ушбу камчиликлар бора-бора улкан гуноҳларга айланиб кетиши мумкин.

Қонунчилигимизда, бир жиноят қилган одамга айрим ҳолатларда, бир нечта моддалар қўлланилади. Яъни, фалон модданинг а ва б бандига асосан айбдор, деб топилсин, деган маънода. Динимизда ҳам шу каби ҳолат бор. Яъни, битта гуноҳ ишни қилиш ортидан бир нечта хатолик қилган одам сифатида баҳолаш. Масалан, бир мўминнинг уйини ўмарган одамни олайлик. Ўғрилик қилиши бир гуноҳ. Мўминнинг молига тажовуз қилиш ҳаром, бу иккинчиси. Бировнинг уйига сўроқсиз кириши эса, учинчи гуноҳдир. Яъни, биргина ўғрилик кетидан уч хил гуноҳни бўйнига юклаб олмоқда. Албатта бундай мисолларни бошқа кўринишдаги хатоларда ҳам келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлганимиз, инсон қайси жиноятга қўл урмасин, ўғирлик, зино, қатл каби улкан гуноҳлар бўладими, ёки бошқа майда безориликми, токи сидқидилдан пушаймон бўлиб, тавбалар қилмас экан, оқибати аламли азоб бўлади, ўзгаси эмас. Бу тушунчаларни эса, бугунги кунда ўсиб келаётган авлодга тўғри сингдиришга ҳаракат қилмас эканмиз, келажакда ўзимизга оғир юк бўлади.

 

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани «Муҳаммаджон қори»жоме масжидининг имом-хатиби

Бугун, 6 апрель куни жомеларимизда “Намл” сураси 56-оятидан “Анкабут” сураси 45-оятигача ўқилади.

Бухоро шаҳар

"Чор Бакр" жоме масжиди имом-хатиби

Азизхўжа домла Иноятов

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан 6-7 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида очиқ осмон остида “Китоб – камолот калити” илмий‐маърифий китоблар кўргазмаси ва савдоси ўтказилмоқда.

Икки кун давом этадиган мазкур кўргазма ва савдода юртимиздаги нашриётлар, босмахоналар ва китоб дўконлари илмий, маърифий, бадиий ва диний китоблари билан иштирок этишлари мумкин.

Бугун, 6 апрель куни мазкур китоб кўргазмасининг очилиш маросимини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори очиб берди.

Рамазон муносабати билан Ҳазрати Имом мажмуасида ўтказилаётган ушбу маърифий тадбир доирасида китоблар тақдимоти, таниқли шахслар иштирокида ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган суҳбатлар, шунингдек, китобхонлар ўртасида совринли танловлар ўтказилади.

Кўргазма доирасида таълим муассасалари учун очиқ осмон остида маънавий‐маърифий ва бадиий тадбирлар ўтказиш имконияти тақдим этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Четверг, 06 Апрель 2023 00:00

Рамазон – тақво ойи

Рўзадор нафақат емоқ-ичмоқни тарк қилиши, балки бутун жисми-аъзолари ҳам рўза тутмоғи зарур. Бунинг учун кўзлар ҳаромдан тийилсин. Тил асло фаҳш сўзларни сўзламасин. Рамазонни зикр ва истиғфорда ўтказмоқлик муҳим. Кимдир озор бериб жоҳиллик қилса ҳам унга яхши сўз айтиш керак. Рўзадор одам ҳулқи ва одобини ҳам рамазонда сайқалламоғи лозим. Рўзадор одамнинг бақир-чақир қилмоғи, уят сўз демоғи рўзанинг файзини ва савобини кетказади, рўзадорни беқадр қилади.

Қуйидаги ҳадиси шариф айни шу масалада бизга таълим беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, десин» (Муттафақун алайҳ).

Ҳа азизлар, рўзамиз комил ва қабул бўлсин десак одоб аҳлоқимизни ҳам сайқалламоғимиз, юриш-туришда ҳам намуна бўлиб, Аллоҳ рози бўладиган ва рўзаси қабул бўладиган амаллар билан банд бўлмоғимиз зарур. Чунки рамазондан мурод тақводир. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тақводорларнинг белгилари бор. Улар: тўғрисўзлик, силаи-раҳм, гўзал хулқ”.

 

Абдураҳмон домла АРТИҚОВ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам эҳтиёжманд, оиласида ногиронлиги бор, боқувчисидан айрилган, ётиб қолган, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уйларига 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Рўзадор отахон ва онахонларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, саховатпеша ҳомийлар томонидан ифторликлар ташкил этиб берилаётир.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, боқувчисини йўқотган ва кексаларга меҳр-муруват кўрсатиш ҳамда қувонч улашиш азалдан ўзбек халқига хос фазилатлардан саналади. Бу каби саховат тадбирлари айниқса муборак Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.
Ана шу анъаналарга содиқ ўлароқ, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 2-сектор ҳудудига қарашли “Тоқчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир қатор ўзгалар кўмагига муҳтож хонадонлар ҳолидан хабар олди, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ётиб қолган, кекса фуқароларга 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашиб, уларга сиҳатлик тилаб, кўнгилларини кўтарди.
Бундан ташқари, туман ҳокими ифторлик вақтига қадар шу маҳалладан йўл масалалари бўйича қилинган мурожаатларни жойида бориб ўрганди ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишларни тез фурсатда бажаришга келишиб олинди.
Юртимизда муборак Рамазон ойи давом этаётган қутлуғ кунларда тумандаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини “Қумри ая” тантаналар мажмуасида бир гуруҳ нуронийлар ҳамда рўзадорларга Рамазон ойи муносабати билан туман “Маҳалла” фонди бўлинмаси томонидан ифторлик дастурхони ёзилди. Унда, рўзадор фуқаролар билан бир дастурхон атрофида туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ҳам иштирок этди.
Ифторлик сўнгида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларнинг руҳи покига бағишланди, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровон ҳаёт, деҳқончиликка, чорвачиликка ва бошқа барча соҳаларга қут-барака ва унум сўралди.

ЎзА

Янгиликлар

Top