ҲАВАС ҚИЛИНАДИГАН ИНСОН
38 - وَلِلْكَرَّارِ فَضْلٌ بَعْدَ هَذَا عَلَى الأَغْيَارِ طُرًّا لاَ تُبَالِ
Маънолар таржимаси:
Шундан сўнг Қайтмас ботир (розияллоҳу анҳу)нинг қолган жамики барчалардан афзаллиги бор (шу сўзни маҳкам ушлагин ва бундан бошқа сўзларга) эътибор бермагин.
Назмий баёни:
Шундан сўнг Ботирга афзал кўрилиш,
Қолган барчалардан тортма ҳеч ташвиш.
Луғатлар изоҳи:
لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.
كَرَّارِ – жор ва мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабар.
فَضْلٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда “зиёдалик” маъносига тўғри келади.
بَعْدَ – зарфликка кўра насб бўлиб турибди.
هَذَا – исми ишора ذَا нинг олдидан танбеҳ هَ келган. Оқил ва ғойри оқил муфрад музаккарга нисбатан ишлатилади.
عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
الأَغْيَارِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.
طُرًّا – тамйиз. Луғатда “жамики” маъносини англатади.
لاَ – наҳий ҳарфи.
تُبَالِ – “аҳамият бериш” маъносидаги مُبَالاَةً масдаридан олинган феъл. بَالٌ луғатда “қалб” маъносини англатади. Шунга кўра لَا تُبَالِ сўзидан “қалбингни машғул қилма” маъноси тушунилади.
Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг “шундан сўнг” деган сўзларига икки хил маъно берса бўлади:
Ушбу байтда Али розияллоҳу анҳуни юқоридаги уччалаларидан ҳам ортиқ ҳисоблайдиган тоифаларга ҳам, фақат Усмон розияллоҳу анҳудан ортиқ ҳисоблайдиганларга ҳам, иккалаларини бир-бирларидан ортиқ кўрмайдиганларга ҳам раддия бордир. Яъни шижоати билан ажралиб турган Али розияллоҳу анҳу юқоридагиларидан кейин барча валийларнинг улуғидир.
Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг ўғли бўлиб, милодий 600 ёки 603 йилда Макка шаҳрида туғилган.
Али розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим.
Али розияллоҳу анҳунинг оилалари
Албатта, юқорида баён қилинганидек ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган.
Али розияллоҳу анҳу Бадр, Уҳуд, Хандақ, Байъатур Ризвон каби барча воқеаларда иштирок этган. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосар қилиб кетганлари сабабли Табук ғазотида иштирок эта олмаган.
Али розияллоҳу анҳунинг фазллари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳу ҳақларида ҳар бир мусулмоннинг ҳаваси келадиган жуда кўплаб мақтовларни айтганлар:
– “Сен дунёда ҳам, охиратда ҳам менинг биродаримсан”;
– “Ким Алига азият берса, менга азият берибди”;
– “Ким Алини яхши кўрса, мени яхши кўрибди, ким мени яхши кўрса, Аллоҳни яхши кўрибди, ким Алини ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди, ким мени ёмон кўрса, Аллоҳни ёмон кўрибди”;
– “Али Қуръон билан, Қуръон Али биландир, иккалалари то Ҳавзга келгунларича бир-бирларидан ажрамайдилар”;
– “Алининг мусулмонлар зиммасидаги ҳаққи отанинг боласидаги ҳаққи кабидир”.
Усмон розияллоҳу анҳунинг вафотидан сўнг милодий 656 йилда 53 ёшида кўпчилик мусулмонларнинг иттифоқи билан халифа этиб сайланган. Халифалигининг бешинчи йилида милодий 661 йилнинг 19 январ куни фитначи Абдураҳмон ибн Мулжим суиқасди туфайли масжидда қаттиқ жароҳатланган ва икки кун ўтгач, шамсий ҳисоб билан 59 ёшида вафот этган.
Саҳобаи киромлар ўртасида баъзи кўнгилсизликлар бўлиб ўтган бўлса ҳам, уларнинг бу ишлари ўз нафслари учун эмас, балки Аллоҳ розилиги йўлидаги ижтиҳодлари бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан “Жамал” воқеаси иштирокчилари ҳақида сўрашганларида у зот жавоб сифатида қуйидаги оятни ўқиб берган:
﴿تِلۡكَ أُمَّةٞ قَدۡ خَلَتۡۖ لَهَا مَا كَسَبَتۡ وَلَكُم مَّا كَسَبۡتُمۡۖ وَلَا تُسَۡٔلُونَ عَمَّا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٤١﴾
“Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўладир. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмассиз”[2].
Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўша қонлардан Аллоҳ бизнинг қўлларимизни пок қилди, энди улар билан тилларимизни булғамаймиз”, – деб жавоб берган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлишдек бахтга мушарраф бўлган инсонларнинг барчасига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин, уларни яхши кўришни бурчимиз деб биламиз[3].
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
СИДДИҚА ВА ЗАҲРО розияллоҳу анҳумо ФАЗИЛАТЛАРИ
[1] Ибн Саъд “Тобақот”да “Али ибн Аби Толибнинг ўн тўртта ўғил ва ўн тўққизта қиз фарзандлари бўлган” дея келтирган. Қаранг: Муҳаммад Ризо. Мавсуъату хулафаи рошидин. Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2006. – Б. 12.
[2] Бақара сураси, 141-оят.
[3] Иброҳим Лаққоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Салафи солиҳ сўзи мутлақ ишлатилса саҳобалар тушунилади”, – деган.
Шунингдек салафи солиҳлар сўзидан тўртала мужтаҳид имомлар, Авзоъий, Мужоҳид, Суфён Саврий, Суфён ибн Уяйна каби уламолар ҳам тушунилиши мумкин.
Халаф уламолар деганда ҳижрий 3-асрдан кейин яшаб ўтган уламолар тушунилади.
Имом Заҳабий: “Мутақаддим ва мутааxхир уламолар орасини ажратувчи чегара учинчи асрнинг бошидир”, – деган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Амр ибн Оснинг қалби ислом нурини кўрди. Маккадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Исломга кириш учун Мадина сари йўлга тушди. Йўлда Холид ибн Валидга учради. У ҳам Мадинага мусулмон бўлиш учун кетаётган экан. Қурайшнинг энг ақлли ва закийси ҳамда унинг бемисл қаҳрамони бир кунда Исломга киришди.
Динимизнинг ажойиблигига қаранг! Шаҳарлардан олдин қалбларни фатҳ қилади. Қўрғонлардан олдин кўнгилларни эгаллайди!
Амр ибн Ос масжидга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Қўлингизни очинг, байъат қиламан!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини очдилар. Аммо Амр қўлини мушт қилиб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Сенга нима бўлди, Амр?
- Шартим бор!
- Шартинг нима экан?
- Менинг мағфират қилинишим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Билмайсанми, Ислом олдинги гуноҳларни йўқотиб ташлайди! - дедилар.
Тавба янгидан исломга киришдир. Аллоҳ томон юзланинг. Гуноҳингиз ҳар қанча катта бўлмасин, афвдан умид узманг. Ширкдан кўра катта гуноҳ йўқ. Зино, ўғирлик, рибо ейиш қанчалар катта гуноҳ бўлмасин, ширкнинг олдида кичикдир. Шундай бўлса-да, мушрик агар ширкини тарк қилиб, Аллоҳга қалби билан юзланса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади. Энди осий мусулмонни кечириши унинг гуноҳлари қанчалик катта бўлмасин, албатта, лойиқ ва муносиб бўлади!
Инсонларнинг гуноҳлари қанчалар катта бўлмасин, Аллоҳнинг мағфирати ундан-да, каттадир!
Тавбанинг учта шарти бор:
1. Дарҳол ўша гунохдан сақланиш.
2. Пушаймон бўлиб ўша гуноҳга қайтмасликка азм этиш. Агар заифлик қилиб, яна гуноҳга қайтиб қолса, яна тавба қилиш.
Менинг қалбимга ўрнашиб қолган бир ҳадис бор, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўмин банданинг вақти-вақти билан қилиб турадиган гуноҳи бўлади. Дунёдан ўтгунича ажрала олмайдиган гуноҳи бўлади. Мўмин киши синовдадир (Аллоҳ уни бало, гуноҳ ва фитналар билан синайди), у кўп тавба қилувчи бўлади, у (қилган гуноҳларини) унутувчи бўлади. Агар унга эслатилса, эслайди (яъни Аллоҳнинг азоби эслатилса, эслаб гуноҳидан қайтади)».
Имом Табароний ривоят қилган, саҳиҳ.
3. Агар бировларнинг ҳаққини еган, ерини тортиб олган ёки меросда бошқанинг улушини эгаллаб олган бўлса, уларни қайтариб тавба қилинади.
Агар бир кунда минг марта гуноҳ қилсангиз, Аллоҳга минг марта тавба қилинг. Шайтон энг кўп истайдиган нарса банданинг ноумидлигидир. Умидни узишдан сақланинг!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди