Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Октябр, 2026   |   5 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:17
Қуёш
06:36
Пешин
12:09
Аср
15:58
Шом
17:45
Хуфтон
19:00
Bismillah
16 Октябр, 2026, 5 Жумадул аввал, 1448

Раҳмат даҳасининг фазилати

20.05.2018   45356   31 min.
Раҳмат даҳасининг фазилати

Муборак ва файзу шукуҳга тўла, раҳмат, мағфират ойи рамазон кириб келди.

Рамазон Аллоҳ таолонинг бизларга берган энг буюк неъматларидан биридир. Зеро, бу ойда икки дунёмиз саодати учун васила бўлган Қуръони карим нозил қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди”.

 

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг бир ярим йил ўтгач, шаъбон ойининг ўнинчи кунида фарз қилинган. Ундан аввал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар ойда уч кун ва муҳаррам ойининг ўнинчи кунлари нафл рўза тутар эдилар.

 

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойи­ни барчамиз тинчлик-хотиржамликда, осойишталикда ўтказиб келаётирмиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилди. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.

 

Салмон Форсий  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: “Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг Ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига (қулига) енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади. Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Раббингизни рози қиласизлар. Яна яна икки хислатга эса албатта муҳтож бўласизлар. Раббингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодат калимаси ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Сиз уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

“Ўша йили Рамазоннинг илк куни ёз ойининг охирги чоршанбасига тўғри келган, бомдод намозига чиққанларнинг барчаси рўзага ниятланган эди. Саййиди коинот ҳазратларининг юзлари барқ уриб турарди. Ҳар доимгидан хурсанд эканларига шубҳа йўқ. Файзини, баракотини кечаги суҳбатда англатганлари ушбу муборак ойга етишиш ва бир ой муддат билан Раббиларига ибодат низоми ичига кириш ул зотни албатта хурсанд этиб, саодатманд қиладида! Бунинг устига, тунда Жаброили амин яна янги хушхабар келтирди: бундан буён Рамазон ойларида Қуръони каримнинг ўша кунигача нозил бўлган қисмини биргаликда ўқиб, яна бир бор хатм қиладиган бўлдилар.

 

Ваҳий фариштаси Жаброил ўқийди, Сарвари анбиё жим тинглаб ўтиришлари керак. Лекин бу тинглаш қулоқ билан эмас, қалб билан, руҳ билан, кўнгил билан бўлар, моҳиятини Оллоҳдан ва расулидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир тиловат ва тинглаш билан тунлар безалар эди. Ўқилган ҳар оятда пайғамбаримизнинг айри бир хотиралари бўларди. Ҳар бир оятнинг қаерда, қачон, қайси сабаб билан нозил қилинганини яхши биладиган ҳам ул зот эдилар. Жаброили аминни тинглар эканлар, баъзан Ҳиро тоғининг қияликлари орасида берилган «Ўқи» амрини эслар, баъзан уйларида ваҳийнинг таъсиридан қутулиш учун ётоққа кирганларида нозил бўлган «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг» (Муддассир, 1-2) оятлари билан титрар, баъзан Сафо тепалигида инсонларга илк бор даъват қилган кунларининг хотиралари билан яшар эдилар” (“Саодат асри қиссалари”дан).

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рамазон кириши арафасида бундай марҳамат қилган эканлар: “Муборак ой сизларга кириб келмоқда. Сизларга унинг рўзасини тутиш фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча ҳам бор. Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!” (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).

 

Аллоҳ таоло ҳузурида рўза тутувчиларнинг мақоми қай даражада эканлиги ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Жаннат тўрт турли инсонга муштоқ бўлиб туради: Қуръон ўқувчи, тилини (ёмон сўзлардан) сақлагувчи, оч-яланғочларга овқат берувчи ва рамазон ойида рўза тутувчиларга”.

 

Шунингдек, рамазоннинг ўзига хос одоблари борки, инсон уларга бир ой мобайнида кўникма ҳосил қилгач, йил давомида ўша ахлоқ ва одобларни ўзида сақлаб, амал қилиши лозим бўлади. Яъни, ғийбат, чақимчилик, ёлғон сўз ва ёлғон қасамлардан тийилиш керак. Шу билан бирга, тилни фаҳш ва беҳудаликлардан, қалбни хусумат ва адоватдан, кўзни гуноҳ ишларга қарашдан, қулоқни ношаръий нарсаларни эшитишдан ва аъзоларни бировга зулм қилишдан сақлаш зарур.

 

Аллоҳ таоло барчамизга рамазонни қандай гўзал бошлаган бўлсак, шундай якунлашни насиб этсин!

 

 

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда

16.10.2026   5527   10 min.
Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда

Ахборот манбасини аниқлаш, маълумот кимдан олинганини текшириш, турли ривоятларни ўзаро солиштириш ва ишончли далилни шубҳали хабардан ажратиш бугунги ахборот маконининг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Бундан қарийб ўн икки аср муқаддам Имом Бухорий ҳадисларни саралашда манба занжири, ровийлар ишончлилиги ва ривоятларни қиёсий текширишга таянган илмий анъананинг энг мукаммал намуналаридан бирини намоён этган эди, хабар бермоқда iccu.uz.

2026 йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ташкилотчилигида Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ICESCO ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми – йирик халқаро илмий лойиҳа ана шу меросга замонавий тадқиқот нуқтаи назаридан қайта мурожаат қилди. Ана шу форум доирасида Самарқандда ўтказилган халқаро конференцияда халқаро олимлар, тадқиқотчилар томонидан бир қатор маълумотлар, янгиликлар тақдим этилган. Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази ана шу материаллар асосида 16 мамлакат олим ва тадқиқотчилари иштирокида Имом Бухорий шахсияти, “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асарининг илмий методологияси, қўлёзмалари, жаҳон илмий мактабларидаги ўрни ҳамда асар атрофидаги танқидий баҳсларни беш асосий йўналишда қамраб олган қарийб 800 саҳифалик илмий нашр устида ишламоқда.

Бухородан бошланган илмий йўл

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 194 ҳижрий, 810 милодий йилда Бухорода туғилган. Ёшлигидан ҳадис илмига қизиққан аллома кейинчалик Макка, Мадина, Ироқ, Шом, Миср ва Хуросон каби ўша даврнинг йирик илм марказларида бўлиб, кўплаб муҳаддислардан таълим олган.

Унинг энг машҳур асари — “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ”, кенг тарқалган номи билан “Саҳиҳ ал-Бухорий”, сунний ислом илмий анъанасида энг нуфузли ҳадис тўпламларидан бири сифатида эътироф этилади.

Асарнинг аҳамияти фақат унда ҳадислар жамлангани билан чекланмайди. Тадқиқотчилар учун унинг асосий хусусиятларидан бири — ривоятларни қабул қилиш ва саралашда қўлланган мураккаб илмий мезонлардир.

Ислом илмлари тарихида санад — хабар ёки ҳадиснинг бир ровийдан бошқасига етиб келганини кўрсатувчи ривоят занжири — марказий аҳамият касб этган. Муҳаддислар ровийларнинг таржимаи ҳоли, ишончлилиги, хотираси, бир-бири билан учрашиш имконияти ва бир хабарнинг турли йўллар орқали қандай ривоят қилинганини қиёсий ўрганган.

Имом Бухорий ана шу илмий муҳитда фаолият юритиб, ҳадисларни текшириш ва таснифлашда ўта юқори талаблар қўйган олим сифатида тарихда қолди.

“Саҳиҳ ал-Бухорий” — фақат тўплам эмас, илмий ёндашув

Имом Бухорий меросига бағишланган замонавий тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири унинг ҳадисларни танлаш услуби ва асарни тайёрлаш ёндашувини ўрганишга қаратилган.

Манбаларда аллома “Саҳиҳ ал-Бухорий” устида 16 йил ишлагани қайд этилади. Асарни яратишга туртки берган омиллар қаторида унинг устози, IX асрда яшаган буюк муҳаддис, фақиҳ ва Қуръон тафсири олими, Хуросоннинг энг нуфузли уламоларидан бири Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг саҳиҳ ҳадисларни алоҳида китоб шаклида жамлаш ҳақидаги таклифи ҳам келтирилади.

Бироқ илмий нуқтаи назардан асарнинг қиммати уни яратиш учун сарфланган вақтдан кўра қўлланган методологияда яққолроқ намоён бўлади.

Имом Бухорий ривоятларнинг санадига, ровийларнинг мақомига, улар ўртасидаги алоқа имкониятига ва ҳадисларнинг бошқа ривоят йўллари билан муносабатига алоҳида аҳамият берган. Асардаги боб сарлавҳалари ҳам оддий техник тақсимот эмас: улар кўп ҳолларда муаллифнинг фиқҳий хулосаси, далилни қандай англагани ва бир ривоятдан қандай ҳуқуқий ёки ахлоқий маъно чиқарганини кўрсатади.

Шу сабабли “Саҳиҳ ал-Бухорий” асрлар давомида фақат ўқилган эмас — шарҳланган, қиёсланган, кўчирилган, ўқитилган ва танқидий таҳлил қилинган.

Илмий конференция нимани ўрганди?

2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида 9–10 июль кунлари Самарқандда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари — Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил этилган конференциянинг илмий дастури Имом Бухорий меросини бир ёқлама тарихий хотира сифатида эмас, балки комплекс тадқиқот объекти сифатида ўрганишга қаратилди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси томонидан тайёрланаётган илмий нашр бу жиҳат алоҳида аҳамият касб этди. Олимлар ва тадқиқотчилар томонидан қуйидаги 5 йўналишда Имом Бухорий мероси таҳлил қилинди.

Биринчи йўналиш Имом Бухорий шаклланган тарихий, жуғрофий, ижтимоий ва илмий муҳитни қамраб олди. Бунда Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг ҳадис илми тараққиётидаги ўрни, оилавий тарбия, устозлар муҳити ва алломанинг илмий шахсияти шаклланишига таъсир қилган омиллар тадқиқ этилди.

Иккинчи йўналиш “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”нинг ички илмий механизмига қаратилди. Тадқиқотчилар Имом Бухорийнинг иснод тизими, ҳадисларни саралаш ва таснифлаш мезонлари, ривоятлардаги яширин нуқсонларни аниқлаш усули, боб сарлавҳаларини шакллантириш маҳорати ҳамда далиллаш принципларини таҳлил қилди.

Бу йўналиш асарга оддий ҳадислар мажмуаси сифатида эмас, балки мураккаб илмий архитектурага эга манба сифатида қараш имконини беради.

Учинчи йўналиш дунё кутубхоналари ва қўлёзма хазиналарида сақланаётган “Саҳиҳ ал-Бухорий” нусхаларига бағишланди. Қўлёзмалардаги қироат, самоъ, ижоза, муқобала ва турли илмий қайдлар асарнинг асрлар давомида қандай ўқилгани, кўчирилгани ва авлоддан авлодга етказилганини ўрганиш учун муҳим материал ҳисобланади.

Бундай манбалар бир матннинг тарихий ҳаракатини кузатиш, нусхалар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ва асарнинг илмий трансмиссиясини тиклаш имконини беради.

Тўртинчи йўналиш турли мамлакат ва илмий мактабларнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ўрганишга қўшган ҳиссасини қамраб олди. Асар асрлар давомида Шимолий Африкадан Марказий Осиёга, Яқин Шарқдан Жанубий Осиёгача бўлган кенг ҳудудларда ўқитилди, шарҳланди ва тадқиқ қилинди.

Бу география Имом Бухорий меросининг фақат бир давлат ёки минтақа доирасидаги тарихий қадрият эмаслигини кўрсатади.

Бешинчи йўналиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” атрофида турли даврларда билдирилган илмий эътирозлар, баҳсли масалалар ва уларга берилган жавобларни ўрганишга бағишланди.

Бу йўналишнинг конференция дастурига киритилиши муҳим: илмий меросни асраш уни фақат улуғлаш билан эмас, балки унга қаратилган саволларни ҳам очиқ илмий муҳокама қилиш билан амалга оширилишини кўрсатади.

16 мамлакат тадқиқотчилари иштирокидаги нашр

Конференция якунлари кейинчалик алоҳида илмий нашрга айланди.

ICESCO 2026 йил 16 июлда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал нашр тайёрланмоқда.

Нашрда 16 мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари иштирок этди. Унда конференциянинг юқорида санаб ўтилган беш асосий илмий йўналиши бўйича тақдим этилган тадқиқотлар жамланмоқда.

Нашр ҳадис илми тарихи билан бирга манбашунослик, қўлёзмашунослик, матн танқиди, ривоят методологияси ва ислом интеллектуал тарихи учун ҳам янги тадқиқот материалларини бир майдонга тўплади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса тўпламдаги тадқиқотлар аннотацияларини ўзбек тилига таржима қилишда иштирок этди.

Қадимий санад тизими ва замонавий ахборот муҳити

Имом Бухорийнинг илмий услубини замонавий журналистика ёки бугунги фактчекинг тизими билан айнан тенглаштириш тарихий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Улар турли даврлар, вазифалар ва илмий муҳитларга тегишли.

Бироқ улар ўртасида муҳим интеллектуал нуқта бор: ахборотнинг ўзи етарли эмас — унинг манбаси ҳам текширилиши керак.

Ҳадисшунослик анъанасида “Бу хабар кимдан келди?”, “Уни етказган шахс қанчалик ишончли?”, “У мазкур маълумотни бевосита олиши мумкин бўлганми?”, “Бошқа ривоятларда бу хабар қандай келтирилган?” каби саволлар илмий текширувнинг бир қисмига айланган.

Бугун рақамли платформалар орқали маълумот бир неча сония ичида миллионлаб одамларга етиб бораётган шароитда ҳам манбани аниқлаш, бирламчи маълумотни топиш, мустақил тасдиқ излаш ва хабарни контекстда баҳолаш ишончли ахборотнинг асосий шартларидан бўлиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан Имом Бухорий мероси фақат диний ёки тарихий аҳамиятга эга эмас. У маълумот билан ишлашда масъулият, текшириш ва далилга таяниш маданияти қандай шаклланганини ўрганиш учун ҳам муҳим тарихий тажрибадир.

Имом Бухорий тадқиқотлари учун институционал база

Имом Бухорий меросини тизимли ўрганиш Ўзбекистонда сўнгги йилларда махсус илмий муассасалар фаолияти билан ҳам мустаҳкамланмоқда.

2016 йил 18 октябрда Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида ўша пайтда Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида буюк алломалар меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.

2017 йил 27 мартда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирларига оид Президент қарори қабул қилинди.

Бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ихтисослашган илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик қўлёзмаларни ўрганиш, илмий нашрлар тайёрлаш ва Ўзбекистонда шаклланган интеллектуал меросни халқаро академик муҳитга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Самарқандда ўтказилган халқаро конференция ва 16 мамлакат олимлари иштирокида тайёрланаётган янги илмий нашр эса Имом Бухорий меросини фақат тарихий хотира сифатида эмас, балки ҳали ҳам тадқиқ қилиниши, баҳс қилиниши ва янги илмий саволлар қўйилиши мумкин бўлган тирик интеллектуал мерос сифатида намоён этиши кутилмоқда.

Ахборот ҳажми ортиб, ҳақиқат билан талқин, ишончли манба билан тасдиқланмаган хабар ўртасидаги чегара тобора мураккаблашаётган бир даврда бу меросдан чиқадиган энг муҳим хулоса содда: ишончли билим манбани текширишдан бошланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда Беш йўналиш, 16 мамлакат, бир буюк мерос: “Саҳиҳ ал-Бухорий” бўйича янги халқаро тадқиқот нашри тайёрланмоқда
Ўзбекистон янгиликлари