«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара сураси, 185-оят).
“Рамазон” сўзи араб тилида қаттиқ чанқаш ёки иссиқ сабабли ҳовур кўтарилишини англатади. Рамазон қаттиқ иссиқлик бўлган даврга тўғри келгани учун шундай номланган.
Рамазон ойи нафақат Қуръони карим, балки бошқа илоҳий китоб ва саҳифалар туширилган ой сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазоннинг биринчи кечасида, Таврот олтинчи кунида, Инжил ўн учинчи кунида, Қуръон эса, йигирма тўртинчи кунида нозил қилинган”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Тарихчиларнинг айтишича, Рамазон ойининг рўзасини биринчи бўлиб Нуҳ алайҳиссалом кемадан қуруқликка тушганларидан кейин тутганлар. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Рамазон рўзаси Нуҳ алайҳиссаломдан аввалги умматларга ҳам фарз қилинган”, дейди. Аллоҳ Рамазон ойининг рўзасини, яъни бу ойнинг ҳилоли муддатича (бир ой) рўза тутишни фарз қилди. Шу сабабли “шаҳру” – “ой” деб номланган. Ҳадисда ҳам: “Агар сизларга шаҳр (янги ой) кўринмай қолса...” дейилган. Янги ойни кўриш қийин бўлган ҳолатларда Шаъбон ойини 30 кунга тўлдириш, шунингдек, Рамазон ойини ҳам 30 кунга тўлдириш буюрилган. Бу эса ибодатни аниқлик билан бошлаб, аниқлик билан тугатиш кераклигини англатади.
“Қуръон нозил қилинган ойдир”. Бу оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини баён қилади: «Ҳо, Мим. Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз» (Духон сураси, 1–3-оятлар). Яъни, Қадр кечасида: «Биз уни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят). Жумҳур уламолар фикрига кўра, Қуръони карим Лавҳул маҳфуздан Қадр кечасида тўлиғича дунё осмонидаги “Байтул Изза” (Иззат уйи)га туширилган. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом уни Аллоҳнинг амри ила 23 йил давомида амр ва қайтариқлар, сабаблар тақозосига кўра оятма-оят, қисмма-қисм Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилган.
“Одамлар учун ҳидоят”. Ҳидоят бу – йўл-йўриқ кўрсатиш ва тушунтириш. Яъни, Қуръони карим бутун мазмуни билан – муҳкам ва муташобеҳ, носих ва мансух оятлари билан ҳидоятдир. “ва тўғри йўл” деб хосланиши оятларнинг янада шарафлантирилиши учундир. Бунда ҳалол ва ҳаром, насиҳат ва ҳукмлар назарда тутилади. “ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат” – ҳақ билан ботилни ажратувчи, яъни ҳақиқат ва ёлғон ўртасини фарқловчи воситадир. “Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир”. Ҳазрат Али, Ибн Аббос, Сувайд ибн Ғофала ва Ойша розияллоҳу анҳум фикрига кўра, Рамазон ойини ўз юртида ва аҳли орасида кутиб олган киши унинг баъзи кунларида сафарга чиқса ҳам рўзани тўлиқ тутиши лозим. Аммо Рамазон ойини сафарда қаршилаган киши рўза тутмай, кейин қазо тутиб бериши мумкин. Жумҳур уламолар фикрига кўра, ким ойнинг боши ва охирида ўз юртида ҳозир бўлса, рўза тутади. Сафарга чиқса, рўзасини очиши мумкин. Биринчи жамоанинг фикрини қуйидаги ҳолатларга йўйиш мумкин:
– фазилатли ва солиҳ дўстлар ни зиёрат қилиш каби мандуб сафарлар;
– заруратдан ортиқча ризқ тала бидаги мубоҳ сафар.
Аммо зарур ризқ топиш каби вожиб сафарларда рўза тутмасликка рухсат берилади. Гарчи у ойни ўз юртида бошлаб, баъзисини рўза билан ўтказган бўлса ҳам. “Аллоҳ сизларга осонликни истайди, оғирликни хоҳламайди”. Мужоҳид ва Заҳҳокнинг фикрига кўра, «енгиллик» сафарда рўзани очишдир, “машаққат” эса сафарда рўза тутишдир. Аммо ушбу лафзнинг умумийлигига кўра, енгиллик диннинг барча ишларига тааллуқлидир. Зеро, бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизларга динда ҳеч бир машаққатни юкламади», деб марҳамат қилинган (Ҳаж сураси, 78-оят). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг дини осондир”, “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дея марҳамат қилганлар. “Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. Бу оятнинг икки хил таъвили бор: биринчиси, ким сафар ёки касаллик сабабли рўза тутолмаса, кейинроқ қазосини тутиб, унинг ададини тўлдиради. Иккинчиси, Рамазон ойи йигирма тўққиз ё ўттиз кун бўладими, ана шу саноқ назарда тутилган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ой йигирма тўққиз кун бўлади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Бу ривоят “Рамазон ва Зулҳижжа ойлари ўттиз кундан кам бўлмайди” деган хабарни рад этади. Яъни, баъзи йилда йигирма тўққиз кун бўлиши ҳам мумкин. Жумҳур уламолар: “Бу ойлар (Рамазон ва Зулҳижжа) ўттиз кун ёки йигирма тўққиз кун бўлишидан қатъи назар, унинг ажр-мукофоти ва гуноҳларнинг кечирилиши жиҳатидан камаймайди”, дейишган.
Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
"Ислом нури" газетасининг 3-сонидан.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти давомида Самарқанддан чиқмай, шогирдларига мусулмон илоҳиётининг сир-асрорларини, хусусан, ҳанафий мазҳабининг асл мазмун-моҳиятини, яъни Абу Ҳанифа асҳоби эътиқодини пухта мантиқий асосда ўргатди.
Абу Мансур Мотуридий дастлабки маълумотни ўз отаси Муҳаммад ибн Маҳмуддан, сўнгра ўша даврдаги бошланғич мактабдан олади. Кейин у Самарқанддаги "Работи ғозиён" масжиди қошидаги мадрасада таҳсил олган. У асосий илмини Самарқандда Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ, Абу Носир Аҳмад ибн Аббос ("Фақиҳ Самарқандий" номи билан машҳур), Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий сингари ўз даврининг пешқадам уламоларидан олган ва кейинчалик улар билан бир қаторда туриб фиқҳ ва каломдан дарс берган.
Мотуридий бутун куч-ғайратини ҳанафий мазҳабининг каломий таълимоти тараққиёти йўлида сарфлаган. Унинг таълимотида инсон яратилган мавжудотлар ичида энг юқори табақада турувчи, Яратгувчининг мукаррам бандаси сифатида талқин этилган бўлиб, инсоннинг ақл-идроки имкониятларига алоҳида урғу берилган. Таниқли исломшунос олим Убайдулла Уватовнинг таърифига биноан, калом илми "диний ақидалар ва уларнинг асосларини ақлий далиллар ва исботлар асосида талқин қилиб, улардаги ҳар қандай шубҳали, бир томонлама қарашларга барҳам берадиган илм"дир. Шу нуқтаи назардан, Имом Мотуридий ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга таяниб, холис ва мантиқан тўғри хулосалар чиқарган. Унинг каломий ёндошуви мутакаллимлар ичида энг "оқилона-цивилизацион" ёндашувдир, деб таърифланган. Чунки Мотуридий масалага ҳар тарафлама, етарли асос ва далиллар билан ёндашиб, эътиқод қилувчининг қалби ва ишончига тўғри йўл топадиган, сингадиган фикрларни илгари сурган. Унгача каломда фақат нақлий далилларга суяниб хулоса чиқариш расми ҳукм сурган. Бу усул турли зиддиятларни бартараф қилишга тўлиқ етарли бўлмаган.
Айни борада унинг инсон моҳияти хусусидаги қарашлари эътиборга молик. Мотуридий ўз таълимотида инсоннинг ақлли мавжудот эканига қатъий урғу берган ҳолда, Қуръони каримнинг инсон тўғрисидаги оятларига мувофиқ унинг фаолияти илоҳий ҳикматга дохиллиги, чунки қаерда ҳикмат намоён бўлар экан, ўша ерда инсоннинг ақли уни англовчи сифатида зоҳир бўлишини қайд этган. Бу концепция ҳозирги замон космологиясида илгари сурилган "антроп тамойили"ни эслатади. Унга кўра, инсоннинг коинотдаги бугунги ўрни, дастлабки сингуляр ҳолатдан портлаш йўли билан чиқаётган пайтидаги ҳолати билан чамбарчас боғлангандир. Агар у пайтда (яъни оламнинг яратилиш пайтида) портлаш жараёни ўзгачароқ бўлганида эди, бугунги кунимиз рўёбга чиқмас эди. Ҳаммаси, дастлабки портлаш лаҳзасида ҳисобга олинган. Коинот шундай вужудга келганки (яратилганки), тараққиётининг муайян босқичида (10–15 млрд. йил ўтгач) коинотни кузатувчи, ўрганувчи инсон яратилган. Яъни инсон шу яратилган гўзалликдан баҳра олувчи, ақл-идрокка, ахлоққа эга (яратилган) мавжудоддир. Бу мавжудотнинг миссиясида мазкур оламни асраш вазифаси ҳам бор, яъни инсон яратилган олам мувозанатини сақлашга масъулдир.
Имом Мотуридий концепциясида инсон имонга эга бўлиб туриб хатога йўл қўйиши, осий бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу ҳолатда у диндан чиқмайди. Унинг қилган гуноҳини кечириш ёки кечирмаслик эса Аллоҳнинг ихтиёрида. Шу сабабли, Мотуридий инсонларни ақл-идрокка эга бўлиб туриб, яъни билиб туриб, гуноҳкор бўлмасликка чақиради. Ҳар бир хатти-ҳаракатингиз, тақдирингиз илоҳий китобда белгиланган, аммо ақл-идрокка таяниб, тўғри йўлни танлаш сизнинг ихтиёрингизда, дейилган бу концепцияда.
Хуллас, Мотуридий ҳанафий мазҳаби концепциясига мос келувчи фаол, ақл-идрокли, ислом таълимоти талабларига бўйсунувчи, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли, хатоларга ҳам йўл қўювчи, аммо уларни зинҳор жоиз демайдиган мўмин инсон концепциясини илгари сурган.
Бу концепциянинг асосий тамойилларини олимнинг «Китоб ат-Тавҳид» ва «Таъвилот ал-Қуръон» номли асарларидан топишингиз мумкин.
Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби доирасида исломий мўътадиллик йўналишини ривожлантирганлиги учун ҳам дунё мусулмонларининг кўпчилиги каломнинг мотуридийлик мактабига эргашишади. Бу талқин инсон эркинлигини ҳимоя қилувчи асосли концепциядир. Мотуридий замонасида классик фалсафий мантиққа оид мулоҳазалар танқидий таҳлил қилинган бўлиб, илмда мантиқий амалларга риоя қилишнинг зарурлиги таъкидлаб кетилган эди. Шу сабабли кўпчилик олимлар ўз илмий изланишларида мантиқий амалларга жиддий эътибор қилишган.
Жумладан, Имом Мотуридий ҳам ўз инсон концепциясини асослашда мантиқнинг силлогистик қоидаларига амал қилади. Унинг фикрича, оламда фақат қатъий сабаб-оқибат кетма-кетлиги рўй бермасдан, тасодифлар ҳам бўлишини тан олиш керак. Инсоннинг “тасодифлар туфайли содир қилган хатолари тафтиш қилинади, атайлаб содир қилинган хато эса жазога лойиқдир”. Алломанинг кейинги даврларда ижод қилган шогирдлари унинг мантиқий салоҳиятига юксак баҳо беришган. Мантиқий хулоса чиқаришда фикрнинг тўғрилигини тасдиқловчи етарли даражада асосли далиллар бўлсагина хулосанинг чинлигига ишониш мумкин, деб ҳисоблайди аллома. Бундай мантиқий хулоса чиқариш қоидаси логика фанида “етарли асос қонуни”нинг Г.В.Лейбниц (1646-1716) томонидан асослаб берилишидан қарийб саккиз аср илгари Имом Мотуридий томонидан ҳам илгари сурилгани ҳайратланарли ва алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу мулоҳазалар Мотуридийнинг инсон моҳияти ҳақидаги концепцияси ҳозирги замон илмий методологияси асосида янада чуқурроқ ўрганилиши, таҳлил этилиши лозимлигини кўрсатади. Жорий йилда буюк аллома Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан Имом Мотуридий меросига яна бир бор теран илмий назар ташлаш имконияти юзага келади.
Б.Тураев, фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази