Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз сафарга чиқдик. Орамиздан бир кишига тош тегиб, бошини ёрди. Кейин ўша одам эҳтилом бўлиб қолди ва шерикларидан “Менинг таяммум қилишимга рухсат топа оласизларми?” деб сўради. Улар “Биз сенга рухсат топа олмаймиз. Ваҳоланки, сен сувга қодирсан” дейишди. Ҳалиги одам ғусл қилди ва вафот этди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қайтганимизда ўша иш ҳақида хабар берилди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку! У одамнинг таяммум қилиши ва жароҳати устига бир латтани қўйиб ёки боғлаб (бу ровий Мусонинг шаккидир), сўнгра уни устига масҳ тортиб, қолган жасадини ювиши кифоя қиларди” дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда айтилишича, сафарга чиққан бир одамнинг бошига тош тегиб, бошини жароҳатлабди. Кейин у эҳтилом бўлиб қолиб, шерикларидан таяммум қилишга рухсат сўрабди. Шериклари унинг сувга қодирлигини айтиб, таяммум қилишига рухсат беришмабди. У одам ўша ҳолида ғусл қилибди. Ғусл қилаётган чоғида ҳавонинг совуқлиги ва бошидаги жароҳатга сув кириши натижасида вафот этибди. Бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилганда, у зот алайҳиссалом ўша илмсиз равишда фатво берган кишилар ҳақида “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин” деб, уларнинг қилган ишларини қоралабдилар. Кейин “Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку!” дебдилар.
Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам илмсиз равишда фатво берувчиларни қаттиқ қоралаб, бу ишдан қайтарганларини очиқ-ойдин кўришимиз мумкин.
Бу ҳадисдан келиб чиқиб, агар биз фатво бериш аҳлидан бўлмасак, бизда бирор масъала тўғрисида илм бўлмаса, фатво беришга асло шошилмаслигимиз, ўша масъала ҳақида гапирмаслигимиз лозим бўлади.
Биз бу ҳадисдан яна фатвони фақат илмли, унга аҳл бўлган уламолардангина сўрашимиз лозимлигини ҳам ўрганамиз.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳига Мадинанинг етмишта олими у кишининг фатво беришларига рухсат бергандан кейингина ижтиҳод қилиб, фатво берганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шунчалик олим бўлишларига, мужтаҳид бўлишларига қарамасдан, кўпинча “Билмайман” дер эдилар.
У кишининг Ҳайсам ибн Жамийл деган шогирдлари қуйидаги воқеани ривоят қилган: “Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бир куни қирқ саккизта масъала сўралди. У киши олтита масъалага жавоб бердилар ва қолган қирқ иккита масъала хусусида эса, “Билмайман” дедилар”.
Бир куни бир киши узоқ шаҳардан у кишининг олдиларига келиб, бир масъалани сўради. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ унга “Билмайман” дедилар. У одам “Мен сизнинг олдингизга узоқ шаҳардан келдим. Энди аҳлимга нима дейман?” деди. Шунда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ у одамга: “Аҳлингга “Молик масъалани яхши билмас экан” деб айт” дедилар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ улуғ мужтаҳид бўлишларига қарамасдан одамларга билмаган нарсалари ҳақида савол берилса “Билмайман” дейишни шу тарзда таълим берардилар. Ваҳоланки, у киши ҳақларида шундай дейилган: “Модомики, Молик Мадина экан, ундан бошқа киши тарафидан фатво берилмайди”. Бундай дейилишининг сабаби бор, албатта.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг замонларида бир аёл вафот этган аёлни юваётган эди. Бир пайт юваётган аёлнинг қўли Аллоҳнинг қудрати билан вафот этган аёлнинг жасадига ёпишиб қолди. Одамлар нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб қолдилар. Уламолардан сўрашди. Маййитнинг жасадини кесиш мумкин эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Вафот этган мўминнинг суягини синдириш тирик ҳолида суягини синдириш кабидир” деганлар. Ҳа, вафот этган мўминнинг ҳам ҳурмати жойига қўйилади. Уламолар ҳам бунинг жавобини билолмадилар.
Кейин Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан сўрашди. Аллоҳ таоло у кишига бу масъаланинг жавобини билдирди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ичларида “Эҳтимол, вафот этган аёлнинг қўли ёпишиб қолган аёлда ҳаққи бордир” дедилар ва келганларга: “Ювувчи аёлдан сўрангларчи, вафот этган аёлни юваётган пайтда нима деган экан” дедилар. Улар бориб, аёлдан сўрашди. Аёл “Ҳеч нарса демадим” деди. Улар аёлни қаттиқ сўроққа тутганларидан кейин у вафот этган аёлни зинода айблаб, қазф қилганини тан олди.
Пайғамбар алайҳиссалом қазфни еттита ҳалок қилувчи кабира гуноҳлар қаторида санаганлар. Қазфнинг жазоси эса, саксон дарра урмоқликдир. Аёл ўз айбига иқрор бўлгандан кейин унга ҳад ижро этилди. Яъни унга саксон дарра урилди. Ҳад уриб бўлингач, ювувчи аёлнинг қўли вафот этган аёлнинг жасадидан ажради.
Шунинг учун “Модомики, Молик Мадинада экан, ундан бошқа киши тарафидан фатво берилмайди” дейилган. Шундоқ инсон “Билмайман”ни кўп айтганларидан кейин биз жуда ҳам ҳушёр бўлишимиз керак. “Билмайман” деган сўзни ўз ўрнида ишлатиш айб эмас.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу “Илм учтадир: гапирувчи Китоб (яъни Қуръон), Суннат (собит ҳадис), “билмайман” деганлар.
У киши “Билмайман”ни илмнинг учдан бири демоқдалар. Лекин баъзи кишилар кибр ёки одамларни юзхотир қилиб, “Мен ҳақимда нима деб ўйларкинлар” деган ҳадик билан илмсиз равишда фатво беришади, бу ишга журъат қилишади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким илмсиз равишда фатво берса, уни осмон ва ер фаришталари лаънатлашади”. Ибн Асокир ривояти.
Демак, илмсиз равишда фатво бериш гуноҳи кабиралардан экан.
“Илм шаҳрининг эшиги” дея васф қилинган Али розияллоҳу анҳу “Билмаган нарсам ҳақида сўралганимда “Билмайман” демоқлигим қандай ҳам яхши!” деганлар.
Али розияллоҳу анҳу “Илм шаҳрининг эшиги” деб сифатланганлар. Бунга сабаб у киши кўп масъалаларни билишлари, кўплаб муаммоларни ҳал қилиб беришлари эди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу “Аллоҳдан Абулҳасан ҳал қилиб беролмайдиган муаммодан паноҳ сўрайман” деганлар.
Саҳобаларнинг афзали, Пайғамбарлар алаҳимуссаломдан кейин инсониятнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам “Билмайман” дер эдилар.
Бир куни у кишининг ҳузурларига бир одам келиб: “Аллоҳ таоло “Ва фаакиҳатав ва аббаа” деган. Шу оятдаги “Аббаа” нима?” деб сўради. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Агар мен Аллоҳнинг Китобидаги оят ҳақида билмасдан гапирсам қайси осмон менга соябон бўлиб, қайси ер мени кўтариб туради?!” дедилар.
Ўша пайтларда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга мазкур оятнинг тафсири етиб келмаган эди. У зот уни ҳали билмас эдилар. Шунинг учун у зот мазкур оятнинг тафсири ҳақида “Билмайман” дедилар, ўзларича тафсир қилмадилар.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислардан бирида “Ким Қуръон (оятлари) ҳақида ўз раъйи билан гапирса (тафсир қилса), тўғри қилган бўлса ҳам хато қилибди” деганлар. Термизий ривоят қилган.
Яъни ким бир устоздан илм олмай туриб, Қуръон тафсирига оид илмларни ўрганмай туриб, ўзича Қуръонни тафсир қиладиган бўлса, мабодо тўғри тафсир қилган бўлса ҳам, барибир хатога йўл қўйган ва оғир гуноҳни содир этган бўлади. Шунинг учун илмсиз равишда Қуръонни тафсир қилиш, илмсиз равишда фатво бериш ўта хатарли ишдир.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Муснад”ларида бир ривоятни келтирганлар. Бир киши келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, менга ернинг энг афзал жойи ва ернинг энг ёмон жойи ҳақида хабар беринг” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Билмайман. Биродарим Жаброилдан сўрайман” дедилар ва Жаброил алайҳиссаломдан сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом ҳам “Билмайман” дедилар. Оламларнинг Роббидан ваҳий орқали бу саволнинг жавоби келди: “Албатта, маконларнинг энг афзали масжидлардир. Энг ёмони эса, бозорлардир”.
Демак, инсониятнинг саййиди бўлган зот алайҳиссалом “Билмайман” деган бўлсалар, биз қандай ҳолатда бўлишимиз керак?!! Бу борада ҳам бизга у зот алайҳиссалом гўзал ўрнак бўлганлар. Ҳаммамиз у зот алайҳиссаломдан ўрнак олишимиз ва билмаган нарсамиз хусусида сўралсак, “Билмайман” дейишимиз керак.
Аллоҳ таолодан тилларимизни илмсиз равишда фатво беришдан сақлашини сўраймиз. Албатта, У Зот ҳамма нарсага қодирдир.
Манба: islom.uz
Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизми?
Агар шундай бўлса, сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. Бу касаллик – номофобия деб аталади.
Номофобия – инглизча “no mobile-phone-phobia” – телефонсизликдан қўрқиш. Мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш (фобия) ҳисобланади.
МАВЗУНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ
Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб баҳолашмоқда.
Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилишини ҳисобга олсак, бу касалликка чалиниш сони юқори эканини англаш мумкин.
ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи номофобия яъни телефонга қарамлик касаллиги ҳозирда кўпроқ ёш болалар ва ўсмирларда учрамоқда. Уларда асабийлик, ўжарлик, хотиранинг пасайиши, умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталикларнинг ривожланиши кўпаймоқда.
Аслида гаджетлар болаларнинг севимли “ўйинчоғи”га айланишига айрим ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Зеро, бу – хархаша, инжиқликлардан халос бўлишнинг осон йўли. Оналар ўз телефонларини болага тутқазадилар ва бемалол бошқа ишлар билан машғул бўлиш мумкин.
Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига хизмат қилмаслигини, балки боланинг асаб тизими, уйқусизлик, хотиранинг пасайиши каби ҳолатларга сабаб бўлишини айтишади.
Психологлардан бири айтади: “Қабулимга жуда кўп ота-оналар болаларини олиб келишади: уларда дарсларни ўзлаштиришда орқада қолиш, ўртоқлари билан чиқиша олмаслик, бутун дунёдан, воқеликдан узилиш кузатилади.
Энг ачинарлиси, ота-она телефондан фойдаланишни тақиқласа, уларга қўл кўтаришгача бораётган болалар бор. Шунинг учун 15 ёшгача болаларга телефон, гаджетлар олиб бермаслик лозим”.
Телефонга муккасидан кетишнинг инсон саломатлигига бошқа яна кўплаб салбий таъсирлари ҳақида қатор илмий тадқиқотлар, аниқ факт ва далиллар мавжуд. Қуйида сизга уларнинг айримларидан мисолларни тақдим этаман:
КЎЗГА ТАЪСИРИ
Телефон экранларидан узоқ муддат фойдаланиш – кўриш муаммоларини келтириб чиқаради. Чунки аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келади.
Кўз касалликлари бўйича мутахассис доктор Малик Холид айтади: “Ҳар куни қоронғи хонада ярим соат телефон ишлатган одамнинг кўзларида рак касаллиги келиб чиқиши кузатиляпти. Кўз қизариб пардани ўраб олади, у пардани олиб ташлаш имконсизлиги учун бу дард давосиз қолмоқда”.
РАДИАЦИЯ ТАЪСИРИ
Телефонлардан чиқувчи радио сигналларнинг салбий таъсири кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Айниқса, бош мия тўқималари зарарланади. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, унинг зарари бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган ёшлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир.
Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) телефонлардан чиқувчи радиацияни “таҳдидли” деб эълон қилган ҳамда телефондан ортиқча фойдаланиш мия ракини ва бошқа хасталикларнинг хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашган.
ДИҚҚАТНИ ЖАМЛАЙ ОЛИШГА, ЭЪТИБОРНИНГ ПАСАЙИШИГА САБАБ БЎЛАДИ
АҚШ Педиатрия Академияси (AAP) тадқиқотчилари, телефон ёш болаларнинг психик ривожланиш босқичини кескин ўзгартириб юбориши, диққатни жамлай олиш қобилияти бузилиши, турли психологик оғишлар юз бериши, ҳатто порнографик қарамлик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар.
УЙҚУСИЗЛИК, УЙҚУ ТИЗИМИНИНГ БУЗИЛИШИ
Телефон экранидаги ёруғлик мияга турли сигналлар юборади, натижада миянинг уйқуга кириши қийинлашади.
Harvard Medical Schoolда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кеч бўлганда телефондан фойдаланиш уйқуни бузади ва инсонларнинг кун давомидаги фаоллигини пасайтиради.
СТРЕСС ВА ДЕПРЕССИЯ
Телефондан ортиқча фойдаланиш, айниқса ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаш, стресс ва депрессияни оширади.
Буюк Британия UnHerd сайтининг “Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш инсоннинг руҳий саломатлигини яхшилайди” номли эълон қилган мақолада бундай дейилади:
“Бугун ижтимоий тармоқларда қандай маълумотларни кўрганингизни эслашга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, сиз ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Буни ижтимоий тармоқлар қисқа ва узоқ муддатли хотирани ёмонлаштириши ҳақидаги илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан воз кечиш туфайли инсоннинг руҳий саломатлиги яхшиланади” (https://unherd.com/2025/08/were-trapped-in-big-techs-mind-maze/).
ЕЧИМ:
Эҳтимол ёшларни бу касалликдан сақлаш учун мактабларни телефондан фойдаланишни қатъий тақиқлаш лозимдир. Зеро, бир қанча давлатларда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Масалан, Франция, Финландия, Хитой, Италия ва Португалия каби давлатларда телефондан фойдаланиш тақиқланади.
Хитойда ўқувчилар мактабга телефон олиб боришса ҳам, дарс бошланишидан олдин уни ўқитувчига топширишади.
Франция эса боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни қонунан тақиқланган. Яна бир маълумот: Яқинда Франциянинг бир ҳудудида тажриба тариқасида нафақат мактабларда, балки жамоат жойларида телефондан фойдаланиш тақиқланди.
ДАВО:
Аллоҳ таоло нимаики дард берган бўлса, унинг давосини ҳам бериб қўйган. Жумладан, ижтимоий тармоққа қарамликнинг давоси ҳам бор. Ҳар қандай дарднинг асосий муолажаси парҳез бўлганидек, интернет қарамлик дардининг муолажаси ҳам “парҳез”дир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф киши нафсини тарбиялаш ва унга одоб бериш ҳамда нафсни турли камчилик ва нуқсонлардан сақлашда улкан асос бўлиб хизмат қилади.
Бир маслаҳат, дам олиш кунлари оилавий телефонни бир неча соатга ўчириб қўйиш одатини шакллантиринг. Ахир болалар катталардан ўрнак олишади. Аста-секин бу вақтни ошириб бориш мумкин.
ХУЛОСА
Демак, номофобия:
Жисмоний зарар – семизлик, уйқусизлик, кўзлар зарарланиши, юрак касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари кўпайишига олиб келади.
Ижтимоий зарар – бундай одамлар юзма-юз муносабатлардан қочишади, виртуал ҳаётда яшашади ва воқеликни қабул қилиш қийинлашади. Турли қимор ўйинларига берилиб кетиш, оилавий муносабатларга путур етказиш, ҳаётдан баҳра олишдан маҳрумлик келиб чиқади.
Психологик зарар – депрессияга тушиши, ўз жонига қасд қилиш, доимий қўрқув ва безовталик билан яшашга сабаб бўлади.
СЎНГГИ СЎЗ
Сўзимизни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни манфаатсиз ишга машғул қилиб қўйганидир”.
Шундай экан, ғанимат умрингизни бекорчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан ўтказиб юборманг!
Даврон НУРМУҲАММАД