Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2024   |   21 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2024, 21 Жумадул сони, 1446

“Ота-онанг, қариндош қаён кетди фикр қил – тўрт оёқли чўпин от бир кун сенга етаро”

17.11.2020   3138   11 min.
“Ота-онанг, қариндош  қаён  кетди  фикр  қил – тўрт  оёқли  чўпин  от  бир  кун  сенга  етаро”

Барча оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таборака ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

“Элчиларнинг Имоми” Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту шарифлар бўлсин!

Қабристон – инсонларнинг бу дунёдаги энг сўнгги манзили. Ҳар биримиз шунча минг-минг йиллардан буён ришталари узилмай давом этиб келаётган қайсидир одамларнинг зурриётларимиз. Келажак авлод бизни яхшилик билан ёдга олиб туриши учун ҳам биз ўзимиздан олдин ўтганларни хотирлаб туришимиз, шу анъанани фарзандларимизга қолдириб, улар онг-тафаккурига сингдириб кетишимиз зарур. Ана шу бурч, ана шу зарурат, жумладан, ҳар биримиздан қабристонларимизга ниҳоят даражада эътиборли бўлишни тақозо этади.

Ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрни, мавқеи, иззат-ҳурмати бўлгани каби, у ўтганидан кейин ҳам ортда қолганлар хотирасида шу иззат-ҳурмат сақланиши керак. Муқаддас динимизда ўтганлар қабрини зиёрат қилиш ҳам энг катта савоблар қаторига киритилган.

Азизлар, ўтганларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод этиш улуғ савобли амаллардандир. Зеро марҳумларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш – барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи мажидида марҳамат қилиб айтадики: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Қуръони карим, Ҳашр сураси 10 оят).

Ушбу оятда инсоннинг вафотидан кейинги ҳақларидан бири уни яхшилик билан эслаш, хотиралаш ва ҳаққига хайрли дуо қилиш, мағфират сўраш экани айтилмоқда. Имом Насафий ўзларининг “Мадорикут танзил ва ҳақоиқул таъвил” номли тафсирларида келтиришларича, Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу оятда зикр қилинган кишилар ҳақида: “Бу жамоага Қиёматгача Исломда таваллуд топганлар барчаси киради”, деган эканлар.

Муборак дини мубинимизда ўтганларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш – суннат амаллардир. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага келганларидан кейин шундай марҳамат қилдилар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига дарс ва ибрат олиши лозим.

Шунга қарамасдан, диёримизнинг айрим қабристонларида аҳвол кўнгилдагидек эмаслиги маълум бўлиб қоляпти. Афсуски, баъзи мозорлар қаровсиз ҳолда ётгани, у ерда номуносиб хатти-ҳаракатлар қилинаётгани, қабрларни пайхон қилинаётгани, қабр оралаб, ўзбошимчалик билан ўтиш йўли қилингани аён бўлмоқда. Шунингдек, баъзи қабрларнинг йиллаб (!) тозаланмагани ҳам жуда ташвишланарли ҳолатлардир. Айрим қабристонларда чиқиндилар йиғилиб ётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Қабристон, аслини олганда, фақат Арафа, Ҳайит, Рамазон ёки бошқа байрамлар кунлари эмас, балки мунтазам эътиборда бўлиши лозим! Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоалари ташаббус кўрсатиб, яқин ҳудудлардаги кабристонлар, қариндош-уруғларининг хилхоналарини тозалаб, обод этишга бош қўшишга, қабристонларни ободонлаштириш ишларига бел боғласак, айни муддао бўлар эди.

Таассуфки, шу кунларда қабристонлар ёки унинг ёнидаги бирор жойга келувчилар қабристон оралаб, мозорларни босиб келиш ҳолатлари кузатилаётгани, қабристонга зиёратга борганда зиёрат одобларига риоя қилинмаётгани, хусусан, қабрларни босиш, оёқости қилиш ва бошқа шу каби ҳолатлари учрамоқда.

Ислом динимизда вафот этганларга эҳтиром кўрсатиш, мусулмон киши тириклар тугул, маййитларга ҳам озор бермаслиги ҳақида кўп баён этилган. Барча ўтган аждодлар хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва қабристонларни ободонлаштириш – ҳам диний, ҳам дунёвий бурчимиздир!

Халқимизда “мозорга, бозорга эътибор берган элнинг келажаги бор” деб бежиз айтилмаган. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, ўтганларимизнинг манзил-маконларини обод қилиш, озода сақлаш – тенги йўқ савобли иш!

Демак, қабристонларни обод қилиш, қабрлар атрофини тартибга келтириш ва мозорларни пайхон қилмаслик ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканини унутмаслигимиз зарур.

Қабристонларни тоза тутиш, манзарали дарахтлар ва гуллар экиб обод қилиш хайрли ва намунали ишлардан саналади. Шариатимизда қабрларни босиб, устидан ўтиш макруҳ ҳисобланади. Демак, инсоннинг қадри шунчалик улуғ ва азиз, юксак ва баландки, у тириклик даврида ҳам, вафот этгандан кейин ҳам бирдек ҳурматга лойиқ зотдир!

Яна шу нарсани таъкидлаш лозимки, бизнинг доно халқимиз вафот этган марҳумлар қабрларини мунтазам зиёрат қилиб туриш билан бирга, уларнинг қабр ва мозорларини кўркамли холатга келтириб қўйишни ҳам чиройли одат тусига айлантирганлар.

Ёши улуғ инсонларимиз вақти-вақти билан ўз фарзандлари, набиралари, эвараларини қабристонга олиб келиб, аждодлари ётган маконни зиёрат қилиши: «Бу ерда буванг, бу ерда бувинг, бу ерда тоғанг, бу ерда амакинг, бу ерда холанг, бу ерда амманг... ётибди», – деб тушунтириши, ўтганларнинг яхши ишларини эслаб, ёд этиши, қабристон атрофини тозалаб туришни ўргатиши, ушбу жойнинг муқаддас ва азиз эканлиги тўғрисида панд-насиҳатлар беришлари динимизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам мақсадига мувофиқ бўлади.

Доно халқимиз “бу дунё – қайтар дунё” деб бежиз айтмаган. Ҳозир биз бу дунёдан ўтганларимизга қандай муносабат қилсак, эртага бизга ҳам фарзандларимиз шуни ўзгинасини қайтарадилар... Вояга етаётган фарзандларимиз онгига авлодларимиз қабрини зиёрат қилиб туришнинг муҳим (!) лигини сингдириб бориш улкан тарбиявий ва маънавий аҳамиятга эга. Бугун биз фарзандларимизни у ерга олиб бориб, ўз аждодларимиз ётган жойни зиёрат қилиб, қабр атрофини саранжом-саришта тутишни ўргатсак, бу беқиёс одат кейинчалик улғайган фарзандларимизга бебаҳо маънавий бойлик бўлиб қолади. Зеро, шуни унутмаслигимиз керакки, буни одат қилган кишилар оиласида доим қут-барака бўлади. Кўнглига авлодлар руҳи сингган ёшлар ҳаргиз адашмайди ва ҳеч қачон ёмон йўлни тутмайди.

Ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, юртимиздаги тарихий қадамжоларни, қабристон ва зиёратгоҳларни обод қилиш ва бу каби жойларни қадрлаш каби туйғуларни уларда шакллантиришга жойлардаги жамоат тадбирларида алоҳида эътибор қаратиш – ҳам замон-ҳам давр талаби, ҳам ҳаёт-ҳам шариат талабидир!

Қабр зиёрати муборак жума, якшанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлганда фазилати кўпроқ ҳисобланади. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари айтадилар: "Зиёратнинг афзали – ота-онанинг қабрини зиёрат қилмоқдир. Зиёрат қилмоққа кунларнинг афзали одина, яъни, жума кунидир. Бу кунда тирикларни кўрса хуш бўладур. Ўликлар ҳам ушбу кунда хушвақт ва осудадир".

Ёшларда аждодларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром туйғусини ошириш, уларга муносиб ворис бўлиш ва аждодлар руҳини шод этиш инсоний фазилат экани ҳақида маърифий тадбирларда маърузалар қилиш;

қабристонларда йўлакларга шағал ва бетон ётқизиш, гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш масалаларига катта эътибор бериш зарур.

Шу ўринда қабристон зиёрати одобларининг баъзиларини келтириб ўтамиз:

1. ниятни тўғриламоқ, ихлос билан ибрат учун зиёрат қилмоқ.

2. таҳоратли бўлмоқ;

3. қабристонга аёллар очиқ кийимларда кирмайдилар;

4. қабристонга киришда аҳли қабрларга салом бермоқ.

Ҳазрати Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, қачон улар қабристонга борсалар, ушбу дуони таълим қилар эдилар:

Ассалому алайкум, эй бу диёрнинг мўъмин-мусулмонлари! Худо хохласа, бизлар ҳам сизларга келиб қўшилурмиз. Аллоҳ таолодан бизлар ва сизлар учун офият – тинчлик-омонлик тилайман!” (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривоятлари);

5. қисқа муддат бўлса ҳам, дунё ишларини унутиб, охиратни ўйламоқ;

6. қабристонда виқор билан, вазмин, сокин юрилади. Баланд овозда сўзланмайди. Эҳтиёж зарур бўлса, зарурий сўзларни оҳиста ва одоб билан гапирилади;

7. қабр ёнига борганда қабрдаги зотга салом берилади;

8. қабрларни босмаслик керак, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биронтангиз қабрнинг устига ўтиргандан кўра, чўғнинг устига ўтирганингиз ва чўғ кийимларингизни куйдириб, терингизгача етгани яхшироқдир”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари);

9. ўтганлар қабри ёнига борганда додлаб, қабр устига ўзини ташлаш, ҳар хил ножўя сўзларни айтишдан тилни тийиш зарур;

10. қабр ёнида шам, пилик ёқиш, дарахтларга латта боғлаш макруҳ;

11. қабр тошини, темирларини ўпиш, қабрни айланиб тавоф қилиш макруҳ;

12. эркак-аёл аралашиб, қабр зиёрати қилиш макруҳ;

13. қабрга сағаналар қуриш, мармар тош қўйиш макруҳдир, чунки қабрлардан ўсган гиёҳларни ўсишига тўсқинлик қилади. Ўсимликлар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Уларнинг тасбеҳлари сабабли ўша жойда ётган маййитларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб туради;

14. белги учун кичикроқ тошга қабрдаги зотни исми, отасининг исми ёзилиши мумкин;

15. қабристондагиларга атаб, фарзанд тилаб жонликлар сўйиш ман этилади. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бундай ишлардан қайтариб, ўз ҳадиси шарифларида: “Ислом динида мозорга атаб ҳайвонлар сўйиш йўқдир”, деганлар;

16. қабристонга борганлар ҳожатларини қабрдаги зотдан эмас, балки ёрдамни, нажотни ёлғиз Аллоҳдан тиламоқ лозим;

17. қабр бошида, қабрлар зич бўлса, қабрларни босмаслик учун яқинроқ жойда Қуръон тиловат қилиниши лозим;

18. зиёратдан сўнг яна беҳад сокин ва вазмин ҳолатда чиқиб кетилади. Чиқиш вақтида қабрга таъзим қилиш жоиз эмас.

 

“Ота-онанг, қариндош қаён кетди фикр қил –

Тўрт оёқли чўпин от бир кун сенга етаро...”

 (Аҳмад Яссавий)

Хулоса: инсон бу дунёдан ўтганидан кейин ҳам унинг руҳи абадий қолади. Биз ўтганларимиз ёди билан яшаймиз. Улар хотираси – ҳаммамиз учун улуғ қадрият! Келинглар, шу муқаддас қадрият ва хотира олдидаги бурчимизни теран англайлик! 

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишнинг зарарлари

20.12.2024   33236   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати