Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2026   |   23 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:19
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2026, 23 Ражаб, 1447

Ёнбошдаги соҳиблар ҳолидан хабардормисиз?

27.03.2018   3334   3 min.
Ёнбошдаги соҳиблар ҳолидан хабардормисиз?

Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримасида кимларга яхшилик қилишимиз лозимлигини уқтирган: “Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (Нисо сураси, 36-оят).

Агар эътибор берсак, оятда ҳар бир тоифа бир мартадан, қўшни ҳақида эса уч маротаба қайта-қайта зикр қилинмоқда: “яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга”. Демак, яхшилик қилаётганимизда қўшничилик ҳаққини эсимиздан чиқармаслигимиз, уларнинг ҳаққи буюклиги, ота-она-ю, ака-укалик ришталари каби яқин эканлигини унутмаслигимиз, уларнинг қайси дин, қайси миллат, қайси ирққа мансублиги бизни қизиқтирмаслиги керак.

Қўшничилик ҳақларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бирма-бир айтиб ўтганлар: “Эй уммати Муҳаммад, қўшнилар ҳаққи ушбулар: сиздан ёрдам сўраса, ёрдамлашинг, қарз сўраса, қарз беринг, камбағал бўлса, кўмаклашинг, касал бўлса, бориб кўринг, вафот этса, жанозасида иштирок этинг, шодонлигида муборакбод этинг, ғамгинлигида кўнгил сўранг, далда беринг. Уйингизнинг томини уларнинг уйидан баланд қурманг, шамолга монелик қилган бўласиз. Агар у рухсат берса майли. Бирор тансиқ есангиз ёки тоза чиққан мевалардан келтирсангиз, қўшнингизга ҳам илининг. Чиқара олмасангиз, пинҳона енг. Бермоқчи бўлмасангиз уйингизга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирор мева бериб ташқарига чиқариб юборманг, қўшнининг боласининг ҳавасини келтирмасин. Қўшниларга ошхонангиз тутуни бирла озор берманг. Тутуни тарқалса, ўша таомдан қўшнига ҳам беришни унутманг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, фақат Аллоҳнинг раҳматида бўлган кишигина қўшнининг ҳаққини адо қила олади. Билинг, қўшничилик ҳақларидан яна бири, беҳудага девордан унинг уйига қараманг, мабодо кўзингиз тушиб қолса, сирини сақланг, ошкора қилманг. Эшитишингиз керак бўлмаган нарсаларга қулоқ тутманг. Қўшнингизнинг маҳрами ва қизларига назар солманг. Мана шу мусулмончилик қоидаларидандир”.

Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, мен ўзимнинг яхши ёки ёмонлигимни қандан билсам бўлади?” деб сўради. У зот: “Агар қўшниларинг сен ҳақингда яхши гапларни гапираётган бўлса, демак сен яхшисан, аммо сен ҳақингда ёмон сўзларни айтаётган бўлса, демак сен ёмонсан”, деб жавоб бердилар” (Ал-адаб ал-муфрад).

Ҳа азизлар, қўшнилар билан муносабатимизни яхшилайлик, яхши кунимизда ҳам ёмон кунимизда ҳам қўшни асқотади. Улар билан шундай аҳил-иноқ бўлайликки, бошқалар ҳавас қилсин, ўрнак олсин. Жаннатда ҳам яхшилар билан қўшни бўлиш насиб этсин.

Дийдор АСКАРОВ,

«Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ташаҳҳуд дуоси

02.10.2025   4763   1 min.
Ташаҳҳуд дуоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

حدثنا العباس الدوري نا الحسين بن علي الجعفي عن الحسن بن الحر عن القاسم بن مخيمرة قال: أخذ علقمة بيدي وقال: أخذ عبد الله بن مسعود بيدي قال: أخذ رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم بيدي فعلمني التشهد للصلاة: ”التحيات لله والصلوات والطيبات السلام عليك أيها النبي ورحمة الله وبركاته السلام علينا وعلى عباد الله الصالحين أشهد أن لا إله إلا الله وأشهد أن محمدا عبده ورسوله.

Алқама айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд қўлимдан тутиб бундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам қўлимдан ушлаб, намоз учун ташаҳҳудни (бундай) ўргатдилар: Аттаҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаат. Ас-салааму ъалайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ас-салааму ъалайна ва ъала ъибаадиллааҳис-соолиҳийн. Ашҳаду аллаа илаҳа иллааллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳуу ва Расулуҳу”.

Ташаҳҳуднинг маъноси: “Саломлар, дуолар ва пок нарсалар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга салом ва Аллоҳнинг раҳмату баракоти бўлсин. Бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад Аллоҳнинг Расули ва бандаси, деб гувоҳлик бераман”.

 

Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

 

Мақолалар