Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Сентябр, 2025   |   29 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:51
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:34
Шом
18:26
Хуфтон
19:38
Bismillah
21 Сентябр, 2025, 29 Рабиъул аввал, 1447

Убайдулла Уватов номи Ғузордаги мактаб ва кўчаларга берилди

04.03.2021   4558   2 min.
Убайдулла Уватов номи Ғузордаги мактаб ва кўчаларга берилди

Ғузор туманидаги 1-умумтаълим мактабида таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан “Инсон хотира билан тирик, қадр билан барҳаёт” мавзусида хотира кечаси ва маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Қашқадарё” нашрининг хабар беришича, вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, сектор раҳбарлари, нуронийлар, устознинг яқинлари, шогирдлари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчи ёшлари иштирок этган тадбирда Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти, илмий тадқиқотлари ҳақида маълумот берилди.

Убайдулла Уватов 1940 йил 23 февралда Ғузор тумани Пачкамар ҚФЙ Чучук ота қишлоғида таваллуд топган. У юртимиз алломалари илмий-маънавий меъросини ўрганиш ва жамоатчиликка етказишга қаратилган 200 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ҳамда рисолалар нашр эттирган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.
Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Убайдулла Уватов 2017 йилдан 2020 йилгача Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилиб келди.
Тадбирда олимнинг дўстлари, шогирдлари ва яқинлари сўзга чиқиб, Убайдулла Увватовнинг илм йўлидаги машаққатли меҳнати, бой ҳаётий тажрибаси, қимматли илмий тадқиқотлари, ёшлар камолотига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишди.
Тадбирда туман ҳокими Бекзод Суюнов ҳам сўзга чиқиб, Президент администрацияси топшириғига кўра олим таҳсил олган 1-умумтаълим мактаби ҳамда Амир Темур маҳалласидаги Элҳақи ва Буюк карвон йўли маҳалласидаги Чорвадорлар кўчаларига Убайдулла Уватов номи берилганини маълум қилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу куни 1-умумтаълим мактабининг қўшимча 360 ўринли ўқув биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Мазкур бино 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда ўқув хоналари билан бирга мультимедиа ва лабораториялар ҳамда кутубхона мавжуд.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳдан илм ва офият сўранглар

22.01.2025   11286   4 min.
Аллоҳдан илм ва офият сўранглар

Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди. 

Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.

Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.

Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.

Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.

Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.

Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз,  ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).

Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1] Имом Термизий ривояти.