— Кекса бувим йиқилиб, оёғи лат еди. Юролмай бир жойда ётиб қолди. Шунда онам иссиқда қийналмасин деб бувимнинг сочини калта қилиб кесиб қўйди. Лекин эшитишимча, аёллар сочи кўкрагини ёпадиган даражада узун бўлиши керак экан. Вафот этганда сочи калта бўлиб кетмаслиги керак экан. Шу гап қанчалик тўғри?
— Эрлари бўлса, ўша кишининг рухсати ила бўлади. Зарурий ҳолатларда аёл киши ғусл ва баъзи бир нарсаларга қийналган ҳолатларда қисқартириш жоиз. Қиёматда қайта тирилганида эркагу аёл ялонғоч бўлади. Шундан баъзи кишилар ижтиҳод қилиб аёлнинг сочлари узун бўлса, кўкракларини тўсиб туриши керак, деганлар. Уламолар аёл киши сочини кесишига рухсат берганлар, фақат қулоқ юмшоғидан юқори бўлиб кетмаслиги керак эканлигини таъкидлаганлар. Соч зарарланганида парвариш учун, эр талаб қилганида кесиш жоиз. Аммо бошқа ҳолатларда узун бўлиши афзал албатта. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир сафар аэропортдан меҳмонхонага такси олдим. Машина тоза, ҳайдовчи хушмуомала эди. Ўзини Аҳмад деб таништириб, қўлимга карточка берди: “Вақтингиз хайрли ўтсин. Менинг вазифам – сизни манзилингизга энг тез, энг хавфсиз, энг кам харажат ва энг муҳими – ҳалол хизмат ила етказиш”.
Йўлда менга яна турли қулайликларни таклиф этди.
— Ҳамма мижозлар билан шундай илтифотлимисиз? – деган саволимга бироз тин олиб деди:
— Ростини айтсам, бу тарзда ишлашни икки йил олдин бошлаганман. Ундан олдин кўпчилик ҳайдовчилар қатори эдим. Вақти-вақти билан ҳақни ошириб юбориш, мижозга ёлғон гапириш, нолиш ва шикоят қилиш оддий ҳол эди. Машина ҳам, қалб ҳам тоза эмас эди.
— Кейин нима бўлди?
— Бир куни машинам радиосидан “танлаш кучи” ҳақида эшитиб қолдим. Ҳаётимдаги кўп нарса танловимга боғлиқ экан. Ишимни юзаки, нолиб эмас, виждон билан, ҳалол бажарсам, мижозларим кўп, кўнглим хотиржам бўлади. Осон йўлни танласам — пул бўлиши мумкин, лекин барака бўлмайди. Шунда ўзимга сўз бердим: энди ишимни ҳалол қиламан. Йўлни айлантириб ҳақни оширмайман. Вақтни ўғирламайман. Мижозга у истагандай хизмат қиламан.
Натижасини Аллоҳ кўрсатди. Биринчи йилнинг ўзида даромадим икки баробар ортди. Бу йил эса тўрт баробарга етди. Энг муҳими, қалбим хотиржам. Энди мижозлар ўзлари менга қўнғироқ қилиб, олдиндан банд қилишади. Чунки одамлар ҳалол хизматни зумда англайди ва қадрлайди.
Бу сўзлар мени ўйга толдирди. Шунда англадим: ҳалоллик — катта шиор эмас, кундалик энг оддий одат ва қўйиладиган энг тўғри қадам экан. Айнан шу фазилат инсонга барака ва хотиржамлик олиб келар экан.
Абдулҳай ХУШВАҚТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими