Бухоро шаҳрининг салкам 500 гектар майдонини эгаллаган қадимий шаҳристони ва замонавий қисмидаги зиёратгоҳларни қамраб олган харита тайёрланди.
– Юртимиз зиёрат туризмини ривожлантириш борасида жуда катта салоҳиятга эга, – дейди лойиҳа муаллифи, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Шавкат Бобожонов. –Давлатимиз раҳбари туризмни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам буни алоҳида таъкидлаган ва соҳани равнақ топтиришда тарғибот ҳамда илмий ёндашувлар етишмаётганига эътиборни қаратган эди.
2020 йилда Бухоро шаҳри ISESCO ташкилоти томонидан Ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Шу муносабат билан тайёрлаган харитамиздан шариф шаҳримиздаги 133 та зиёратгоҳ (50 таси сақлаб қолинмаган), 40 та қадимий қабристон (29 таси сақлаб қолинмаган) ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилган ушбу илмий ишланма зиёрат туризми ихлосмандлари учун қулайлик яратади, деган умиддамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда инсон қадри, эътиқоди ва виждон эркинлигини таъминлаб берувчи асосий қонун сифатида муҳим ўрин тутади. Асосий қонунимизнинг 31-моддасида ҳар бир фуқарога виждон эркинлиги кафолатланиши белгиланган бўлиб, бу инсоннинг қайси дин ва эътиқодга амал қилиши ёки умуман динга эътиқод қилмаслиги унинг шахсий танлови эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ислом таълимотида ҳам инсон иродаси ва эътиқод эркинлиги алоҳида қадрланади. Қуръондаги “Динда мажбурлаш йўқ” (Бақара сураси, 256) деган оят эътиқоднинг фақат ихлос билан бўлиши, мажбурлашга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги иллоҳий қоидани белгилайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада турли дин вакиллари билан тинчлик ва ўзаро ҳурмат асосида яшаганлари бу тамойилнинг амалий намунасидир.
Сўнгги йилларда, хусусан, 2025 йилда юртимизда виждон эркинлиги борасида муҳим ҳуқуқий қадамлар ташланди. Шу йилда “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда динлар ўртасида тенглик, диний ташкилотлар фаолиятининг шаффофлиги, конфессиялараро тотувлик ва давлатнинг нейтрал, адолатли позицияси аниқ белгилаб берилди.
2023–2025 йиллар давомида диний соҳада қатор амалий ислоҳотлар амалга оширилди: диний адабиётлар экспертизаси соддалаштирилди, Ҳаж ва Умра тадбирларининг ташкил этилиши янада қулайлаштирилди, диний таълим марказлари фаолияти кенгайтирилди. Бу ўзгаришлар Конституцияда белгиланган виждон эркинлиги тамойилларининг ҳаётдаги амалий ифодаси эканини кўрсатади.
Бугун Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги нафақат қонунларда, балки амалда ҳам кафолатланган. Конституция ва исломий маънавиятдаги инсон шаъни, адолат ва бағрикенглик тамойиллари бир-бирини тўлдириб, юртимизда тотувлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу ишлар мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз ўртасидаги бирдамликнинг муҳим асосидир.
Жаҳонгир Ҳотамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи