«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) ўртасида 25 млн АҚШ долларга тенг молиялаштириш линияси тўғрисида битим имзолади.
Унга кўра, ХСРИК «Ўзсаноатқурилишбанк»га кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришнинг ислом усулларидан фойдаланган ҳолда молиялаштиришга кўмаклашади.
Томонлар банк мутахассисларининг янги ноанъанавий банк маҳсулот ва хизматлари ҳақидаги хабардорлиги ва амалий билимларини ошириш мақсадида соҳа мутахассислари учун молиялаштиришнинг ислом усуллари (жумладан, Мурабаха - истеъмол кредити) бўйича ўқув-амалий дастурларни биргаликда ташкил этишга келишиб олди.
Ушбу битимнинг имзоланиши банкда шариат тамойиллари асосида янги молиявий хизмат турларини жорий этиш ва ИТБ гуруҳининг қўшимча молиявий ресурсларини жалб қилиш учун имконият яратади.
Шунингдек, шу йил июнь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг йиллик мажлиси арафасида бошқа банклар ва молиявий ташкилотлар ҳамда ислом молиялаштириш усуллари билан шуғулланувчи инвестицион фондлар учун ҳам ижобий белги ҳисобланади.
Бу «Ўзсаноатқурилишбанк»га ХСРИК ажратилган учинчи молиялаштириш линиясидир. Бундан аввал корпорация томонидан 2009-2012 йилларда умумий қиймати 18 млн АҚШ долларилик иккита молиялаштириш кредит линияси ажратилган эди.
Маълумот учун: Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) - Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳи аъзоларидан биридир. Корпорациянинг мақсади - иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш ҳамда инвестицияларни тақдим этиш орқали аъзо-мамлакатларда хусусий секторни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. Корпорация КЎБни тасис этиш, кенгайтириш ва модернизациялашга кўмаклашиш мақсадида ҳукуматлар ва хусусий ташкилотларга консултатив хизматлар кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати