Ватанимиз тарихидаги 22 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1407 йил (бундан 614 йил олдин) – Амир Темурнинг набираси, Соҳибқирон вафоти олдидан уни ўзига валиаҳд деб эълон қилган темурий шаҳзода Пирмуҳаммад мирзо вафот этди.
Ҳижрий 809 йил рамазон ойининг ўн тўртинчи куни (милодий 1407 йил 22 февраль) ярим кечада вазир Пир Али Тоз бошлиқ бир гуруҳ фитначилар Балхнинг катта аркига бостириб кирдилар ва қўриқчиларни ўлдириб, темурийзода Пирмуҳаммадни ухлаб ётган жойида хотинлари ҳамда хизматкорлари билан бирга чопиб ташладилар.
Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Пир Али Тоз оддий навкар бўлиб юрган кезларида, Пирмуҳаммад мирзо уни ўз паноҳига олиб, оддий навкарликдан амирлик даражасигача кўтарган. Кўпгина тарихий манбаларнинг маълумотига қараганда, хожасига хиёнат қилган Пир Али Тоз иғвогар, шуҳратпараст ва нияти бузуқ шахс бўлган.
1871 йил (бундан 150 йил олдин) – Мирза Ҳаким парвоначи Тошкентдан Қўқон хонлигига келган Туркистон генерал-губернаторининг вакили И. Ибрагимовни Қўқон шаҳрида Худоёрхон маблағига қурилаётган янги масжидни кўргани таклиф қилди.
Улар бориб кўрганларида масжид қурилиши ҳали тугамаган эди. Масжиднинг ҳовлиси катта бўлиб терак ва қайрағоч дарахтлари экилган боғи бор эди. Масжиднинг ўзи ҳам жуда катта бўлиб, кириш томони бўйлаб бир нечта кириш эшикли панжара ўрнатилган.
Ўртада ҳам бино бор эди, унинг бир нечта эшиклари энди қурилаётганди. Қурувчиларнинг сўзларига қараганда, буларнинг эшиклари шишадан ишланган бўлармиш. Бино шифти рангли нақшланган. Масжид устунларининг сони 204 та қайрағоч ва терак ходаларидан ишланган бўлиб, ҳар бирининг йўғонлиги 4 аршинга тенг бўлган.
1913 йил (бундан 108 йил олдин) – Санкт-Петербургда Бухоро амири томонидан бунёд этилган масжид тантанали очилди. Унда отаси Абдулаҳадхондан сўнг тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1920) билан бирга Хива хони Асфандиёрхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1918) ҳам иштирок этди.
Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат – Бухоро ва Хива ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан айнан Санкт-Петербургда учрашиб, суҳбатлашган (аслида бу икки ҳукмдор 1911 йил январда шу шаҳарда илк бор учрашган, лекин айрим сабабларга кўра суҳбатлашмаган).
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ХIХ асрнинг охирларига келиб, Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис, шаҳар мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди. Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқада бўлган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари 1885–1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади.
Акбар Замоновнинг ёзишича, шу тариқа, мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 феврал куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилда оламдан ўтади. Бироқ масжид қурилиши тўхтамайди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб), Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмайсизми?! Қайсики, Иброҳим: «Менинг Раббим тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам», – деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», – деди. Иброҳим айтди: «Аллоҳ Қуёшни Машриқдан чиқаради, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай. » (Бақара сураси, 258 – оят).
Қиссанинг мазмуни
Аллоҳнинг буюк пайғамбари, Иброҳим Халилуллоҳ билан ўзини илоҳ деб даъво қилган Намруд ўртасидаги баҳс қиссанинг мазмуни бўлиб, унда Аллоҳнинг буюклигини инкор этган, ўзини улкан зот деб ҳисоблаган бир подшоҳ билан бўлган. Уламоларнинг айтишича, бу подшоҳ Бобил шоҳидир. Унинг исми Намруд ибн Канъон ибн Куш ибн Сом ибн Нуҳ бўлган. Бошқалар эса уни Намруд ибн Фолих ибн Обир ибн Солих ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ деб атаганлар.
Ривоятларга кўра, у дунёда тўртта подшоҳлик қилган зотдан бири бўлган.
Улардан иккиси мўмин, иккиси кофир эди:
Мўминлар – Зулқарнайн ва Сулаймон (алайҳимуссалом). Кофирлар — Намруд ва Бухтуннаср (Набуходоносор).
Намруд тўрт юз йил подшоҳлик қилиб, жаҳолат ва зулмга берилган, дунё ҳаётини афзал кўрган.
Иброҳим (алайҳиссалом) билан баҳси
Иброҳим (алайҳиссалом) уни Аллоҳга ибодат қилишга чақирганларида, Намруд кибр ва жоҳиллик билан рад этди. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом):
«Менинг Раббим – тирилтиради ва ўлдиради», – дедилар.
Намруд унга жавобан деди: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман».
Муфассир уламолардан – Қатода, Суддий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ шундай деган: «Намруд бу сўз билан шундай демоқчи бўлган: “Мен икки одамни олиб келаман – биттасини ўлдираман, иккинчисини афв этаман. Шу билан мен ҳам тирилтирдим ва ўлдирдим», – деган.
Аммо бу жавоб аслида далилга қарши эмас, чунки Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзи ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратган Зот – Аллоҳ ҳақида эди. Намруднинг айтгани эса сиёсий қарор, яъни “ўлдириш ёки афв этиш” ҳақида эди, бу эса яратиш эмас.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) аниқ ва рад қилиб бўлмас далил келтирдилар:
«Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар!»
Бу далил олдида Намруд ҳайрон бўлиб, жавобсиз қолди.
Ҳикмат
Ушбу воқеа Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳикмати ва кофирнинг ожизлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло бу билан инсонларга шундай сабоқ беради:
Ҳақиқий яратувчи ва ҳаёт берувчи зот – фақат Аллоҳдир. Подшоҳлик ва куч инсонни Яратгувчи қилмайди. Илм ва далил билан ҳақиқат аниқ бўлади.
Иброҳим (алайҳиссалом) ва Намруд баҳсининг якуни
Нимруд билан бўлган баҳсда унинг ожизлиги ва нотўғрилиги кўпчиликка аввал бошда очиқ бўлмагани учун, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг келтирган иккинчи далилини зикр қилди – бу далил орқали у Намруднинг даъвосини рад этди ва Аллоҳнинг борлигига очиқ-ойдин далил келтирди.
Иброҳим (алайҳиссалом) шундай дедилар:
«Албатта, Аллоҳ қуёшни шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар!»
Яъни, бу қуёш ҳар куни шарқдан чиқади ва ғарбга ботади — бу уни яратган, бошқарган ва бўйсундирган Зотнинг буйруғидандир. У Зот — ҳеч қандай шериги бўлмаган Аллоҳ, барча нарсани яратган ягона Парвардигордир.
Шунинг учун Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар:
“Агар сен ўзингни тирилтирувчи ва ўлдирувчи деб даъво қилаётган бўлсанг, унда мана шу қуёшни ғарбдан чиқар. Чунки ҳақиқий тирилтирувчи ва ўлдирувчи Аллоҳ ҳар нарсани хоҳлаганидек қилади, унинг ишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. У барча нарсани итоат эттиргандир. Агар сен ҳам шундай экансан — қил бу ишни! Агар қила олмасанг, демак, сен ўзинг айтгандай илоҳ эмассан.”
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) унинг жоҳиллиги, ёлғони ва даъвосининг ботиллигини аён қилди. Намруднинг жавоб беришга сўзи қолмади, у лол бўлиб жим бўлди. Шунинг учун Аллоҳ таоло каломи шарифида шундай деди:
«Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай.» (Бақара сураси, 258 – оят).
Баҳсдан кейинги воқеалар
Муфассир Суддийнинг айтишича, бу баҳс Иброҳим (алайҳиссалом) оловдан қутулиб чиққан кунлари бўлган ва у киши аввал бу подшоҳ билан учрашмаган эдилар.
Абдурраззоқ ўз ривоятида Маъмар орқали Зайд ибн Асламдан нақл қилади:
Намрудда ғалла ва озуқа бўлиб, одамлар ундан егулик сўраб келишарди. Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам улар билан бирга бордилар. Шу учрашувда улар биринчи марта кўришдилар ва баҳс ҳам шу куни бўлди.
Иброҳим (алайҳиссалом) бошқалар каби емиш ололмадилар, қўллари бўш қайтдилар. Йўлда кетар эканлар, бир тепаликдаги қумдан икки халта тўлдириб, “ҳеч бўлмаса аҳлимни шу билан банд қилиб тураман”, деб уйларига қайтдилар.
Уйга етиб келишгач, Иброҳим (алайҳиссалом) дам олиш учун ётдилар. У кишининг завжаси Сора халталарни очиб қарадилар ва уларни тоза емишга тўла ҳолда топдилар. Шу емишдан таом тайёрладилар.
Иброҳим (алайҳиссалом) уйғониб, таомни кўриб ҳайрон бўлдилар:
“Бу таом қаердан келди?” — дедилар.
Сора онамиз дедилар:
“Сиз олиб келган емишдан тайёрладим”.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) тушундиларки, бу ризқ Аллоҳ томонидан берилган неъмат эди.
Намруднинг ҳалокати
Зайд ибн Асламнинг айтишича: “Аллоҳ таоло Нимруднинг ёнига фаришта юборди ва уни Аллоҳга иймон келтиришга даъват қилди.
У биринчи марта рад этди. Иккинчи марта ҳам рад этди, сўнгра учинчи марта ҳам рад этди. Шунда фаришта унга деди:
“Қўшинингни тайёрла, мен ҳам ўз қўшинимни тайёрлайман.”
Намруд саҳар вақтда ўз қўшинини йиғди. Шунда Аллоҳ таоло осмон ҳашоратларидан иборат пашшалар тўдасини Намруд лашкарлари устига юборди. Улар қуёшни тўсиб қўйишди – осмон қоронғу бўлди. Бу ҳашоратлар Намруднинг қўшинига ҳужум қилиб, уларнинг гўштини ва қонини ейишди, фақат суяклари қолди. Намруднинг барча лашкарлари қирилиб кетиб, унинг бурнига эса бир пашша кириб олди. Кейин миясига жойлашиб олиб, унга қаттиқ азоб бера бошлади. Намруд қирқ йил давомида шу хашорат билан азобланди. Унинг боши оғриганда хизматкорлари тўқмоқ билан уриб енгиллик беришарди. Намруд қаттиқ азобларга чидай олмай ўз ҳизматкорига бошига тўқмоқ билан уришни буюради. Хизматкор тўқмоқ билан секин урганида Намруд қаттиқроқ уришни буюради. Хизматкор Намруднинг бошига бор кучини йиғиб уриши оқибатида унинг боши ёрилиб, ичидаги пашша учиб чиқиб кетади ва Намруд эса шу заҳоти вафот этади.
Хулоса
Аллоҳнинг қудрати олдида подшоҳлик ва кибр ҳеч нарса эмас. Ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратувчи — фақат Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)нинг илми ва ҳикмати, Нимруднинг ожизлигини фош этди. Аллоҳ золимларни ҳидоят қилмайди.
Манбалар асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.