Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умайя ибн Бистом айтади: «Бир аёл Юнус ибн Убайднинг олдига ёпинчиқ кўтариб келиб, «Мана шуни сотиб олинг», деди. «Қанчага сотасан?» деди у. Аёл: «Беш юзга», деди. Юнус «Бу ёпинчиқ бундан қимматроқ туради-ку?» деди. Аёл: «Унда олти юзга», деди. Юнус унинг бундан ҳам қимматроқ туришини айтди. Шу тариқа ёпинчиқнинг нархи мингга етди. Кейинроқ Юнус шундай деди: «Унга саховат қилиб, яна беш юз бердим».
Аллоҳнинг чегараси
Саллом ибн Абу Мутиъ айтади: «Юнуснинг (нафл) намозу рўзалари кўп эмас эди. Лекин Аллоҳга қасамки, агар у Аллоҳ таолонинг ҳадларига келиб қолса, албатта тўхтар эди».
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Савол: Мен қорин тарафдан операция бўлдим ва қорнимнинг 25 см жойи тикилди ва бинт қўйилган. Докторлар сув текса йиринглайди умуман сув тегмасин дейишди. Эҳтилом бўлиб қолсам ё аёлим билан қўшилсам, қандай ғусл қиламан? Ҳамма еримга сув теккизиб, бинт турган жойига масҳ тортсам ғуслим ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, сиз айтган кўринишда ғуслингиз дуруст бўлади. Ислом динининг асосий тамойилларидан бири зарарни даф қилишдир. Шунинг учун ибодатларда бу нарсага алоҳида эътибор берилган. Жумладан, таҳорат ва ғусл қилувчига сув ҳолатни оғирлаштирадиган ўринларда таяммум қилишга рухсат берилган. Бунда қоида шуки, баданининг аксар қисмига сув теккизиш беморликка сабаб бўлса ёки касалликни тузалишини ортга суриб юборадиган бўлса, шунда ғусл қилмасдан таяммум қилинади. Шунинг учун баданнинг ярмидан кўпроқ қисмига сув ишлатиш имкони бўлса, ўша жойлар тўлиқ ювилади, қолган қисмига масҳ тортилади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.