Зиёратчилар Ҳаж ибодатини хавфсиз ва қулай шароитда бажаришлари учун Саудия Арабистони ҳукумати янги қоидаларни жорий қилди.
2024 йил зиёратчилар сони ортиши кутилаётгани сабабли Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги янги қоидалар тўпламини жорий этди ва ташриф буюрувчиларни жойлаштириш мақсадида кўпроқ бинолар қуришга қарор қилди.
Макка мерияси матбуот котиби Усома Зайтун зиёратчилар учун 3800 га яқин турли конфигурациядаги бинолардан фойдаланишини маълум қилди. Расмий бинолар сони эса 5000 тага етиши мумкин. Чунки бу йил зиёратчилар сони кутилганидан кўра кўп бўлиши тахмин қилинди.
Усома Зайтун бино эгаларини зиёратчиларга шароитни яхшилаш ва маълум бир бинода тўлиб кетмасликни олдини олиш мақсадида биноларни рўйхатдан ўтказишга чақирди.
Маълумотларга кўра, 2023 йилда Ҳаж ибодатини адо этган зиёратчилар сони 2 миллион атрофида бўлган.
Бундан ташқари, Ҳаж мавсумини муаммосиз ва уюшқоқлик билан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Янги жорий этилган қарорда шартномаларни якунлаш тартиби ҳар бир мамлакат учун ўринларни тасдиқлайди.
Саудия Арабистонининг Ҳаж вазири Тавфиқ Ал-Рабиаҳнинг сўзларига кўра, мамлакатларга янги аниқ жойлар берилмаса ҳам, шартномаларини эрта бошлаган давлатлар муқаддас масканда тегишли жойларни таъминлашда биринчи ўринга эга бўладилар.
Бундан ташқари, 2024 йилги Ҳаж мавсумига виза топшириш 1 мартдан бошланади ва шаввол ойининг 20-санаси, яъни 29 апрелда тугайди.
Зиёратчиларнинг биринчи парвози 9 май, 1-Зулқаъда куни муқаддас жойга етиб боради.
Саудия Арабистони ҳукуматининг маълумотига кўра, кейинги Ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлашга оид ўзгаришлар зарур эканлиги қайд этилган.
Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирландилар. Диний идорада бўлиб ўтган тадбирда нишонни Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳамедов топширди.
Улуғбек Муҳамедов ўз сўзида давлатимиз Раҳбари ташаббуслари асосида олиб борилаётган янгиланишлар ва инсон қадрини юксалтиришдаги саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда саккиз миллионлик аъзоси бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам самарали фаолият олиб бораётганини айтиб ўтди. Айни пайтда, бу ишларда диний соҳа ходимлари ҳам фаол иштирок этаётгани давлат миқёсида эътироф қилинаётгани, Муфтий ҳазратлари бошчилигида кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар эътирофининг рамзий ифодаси ўлароқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам ушбу эсдалик нишонни тақдим этаётганини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Муфтий ҳазратларини эсдалик нишони ва барчани касаба уюшмаси ходимлари байрами билан қутлади. Шунингдек, диний жабҳага кўрсатилаётган бундай эътибор ва эътирофларга жавобан ҳар бир соҳа ходими янада масъулият ва шижоат билан ишлаши, миллат ва дин равнақи йўлида фидойилик кўрсатиши кераклигини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган устувор вазифа ва дастурлар ижросини таъминлашда жонбозлик кўрсатган, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида ибратли фаолият олиб бораётганларга тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати