Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Январ, 2026   |   9 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:17
Қуёш
07:38
Пешин
12:41
Аср
15:53
Шом
17:38
Хуфтон
18:53
Bismillah
28 Январ, 2026, 9 Шаъбон, 1447

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, силсиласи ва тариқат қоидалари

22.01.2021   6075   5 min.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, силсиласи ва тариқат қоидалари

Ислом оламининг энг машҳур авлиёларидан бири, нақшбандия тариқатининг асосчиси бўлган Хожа Баҳоуддин Нақшбанд милодий 1318 йилнинг март ойида Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган.

Халқ орасида Баҳоуддин, Баҳоуддинжон, Хожа Баҳоуддин, Баҳоуддин Балогардон, Балогардон, Хўжайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг асл исми Муҳаммаддир.

Манбаларда у кишининг отаси ҳам бобоси ҳам Муҳаммад исмида бўлгани қайд этилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг насаби ота тарафдан Ҳазрат Алига, она тарафдан ҳазрат Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади. Хожалар авлодидан бўлгани учун унинг номи олдига хожа сўзини ишлатиш расм бўлган.

Ёшлигида отаси билан бирга кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун Нақшбанд лақаби билан машҳур бўлган. Ўша даврда матоларга нақш ишлаган, нақш солинган кўйлаклар ёки нақшли гиламлар тўқиган касб эгалари нақшбанд дейилган. “Баҳоуддин” сўзи “Диннинг нури” деган маънони англатади. Бу Хожа Нақшбандга кейинчалик берилган фахрли унвон.

Баҳоуддин Нақшбанд умри давомида бир неча пирнинг тарбиясини олган. Биринчи пири – Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх бу ёш муридини тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширади. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлганидан кейин шогирдига ижозат беради. Баҳоуддин илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб, яъни ҳозирги Қаршига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддиннинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.

Манбаларнинг далолат беришича, у Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103–1179)дан руҳий тарбия олган. Баҳоуддин Нақшбанднинг умри асосан Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўтган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати билан кун кўрган. Хизматкор ёки қул сақламаган. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдулхолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимоти асосида: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин”), – деган шиор ётади.

Тасаввуфдаги ҳар қандай тариқат каби, хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўз ғоялари, тартиб-қоидалари, одоблари ва қатъиятларини шакллантиришда жуда қадим ришталардан сув ичган. Аммо тариқатнинг бутун моҳиятини унинг бош шиори бўлмиш: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ҳикмати ҳамда яна ўн бир қоида белгилаб беради. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан асосланган

НАҚШБАНДИЯ ОЛТИН СИЛСИЛАСИ

Нақшбандия манбаларда “силсилат аз-заҳаб”, яъни “олтин силсила” тарзида тилга олинади.
Бу қуйидаги тарзда шаклланган:
• Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алйҳи васаллам) (570–632).
• Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) (573–634).
• Ҳазрат Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) (578–657).
• Ҳазрат Қосим ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф. 605 й.).
• Ҳазрат Имом Жаъфари Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) (702–765).
• Султон ал-орифин Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 875 й.).
• Шайх Абул Ҳасан Харақоний (қуддиса сирруҳу) (963–1033).
• Шайх Абу Али Формадий (қуддиса сирруҳу) (962–1055).
• Ҳазрат Хожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1049–1141).
• Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи жаҳон (1103–1179).
• Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
• Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
• Ҳазрат Хожа Али Рометаний (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1326 й.).
• Ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1354 й.).
• Ҳазрат Хожа Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1370 й.).
• Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (қуддиса сирруҳу) (1318–1389

Юсуф Ҳамадоний тайин этган шиорлар:
• Ҳуш дар дам (Ҳар нафас ҳушёр турмоқ).
• Назар бар қадам (Ҳар қадамни назарда тутмоқ).
• Сафар дар ватан (Ватан ичида сайр этмоқ).
• Хилват дар анжуман (Анжуман ичра хилватда бўлмоқ).

Абдулхолиқ Ғиждувоний тайин этган шиорлар:
• Ёткард (Аллоҳ номини ёдда такрорлаш);
• Бозгашт (дилида яна Аллоҳга қайтиш);
• Нигоҳдошт (солик калимаи шаҳодатни айтганда хотирни жам қилиш, хаёлни бўлмаслик);
• Ёддошт (солик ҳар доим Аллоҳни ёдда тутиб огоҳ бўлиши).

Баҳоуддин Нақшбанд тайин этган шиорлар:
• Вуқуфи замоний (замондан воқиф бўлиш);
• Вуқуфи ададий (Зикрда ададга (саноққа) амал қилиш, яъни зикр айтувчи зикрни бир нафасда неча марта айтиши);
• Вуқуфи қалбий (дилнинг доимо Аллоҳ таоло томонига тайёр бўлиб туриши).

Ҳайдархон Юлдашходжаев,
“Мир Араб” Олий мадрасаси ректори

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

01.11.2024   14719   3 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?

Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?

Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?

Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?

Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?

Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?

Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?

Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?

Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?

Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар