Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Ноябр, 2025   |   19 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:05
Пешин
12:12
Аср
15:27
Шом
17:12
Хуфтон
18:27
Bismillah
10 Ноябр, 2025, 19 Жумадул аввал, 1447

СИЗ ЖИҲОДНИНГ НИМАЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ ЎЗИ?

15.01.2021   3279   9 min.
СИЗ ЖИҲОДНИНГ НИМАЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ ЎЗИ?

САВОЛ:

Ютуб тармоғидаги бир видеороликда қандайдир воъиз бутун дунё мусулмонларини Сурия давлатига жиҳодга даъват қилганига гувоҳ бўлдим. Унинг айтишича, хозир Ер юзидаги барча мусулмонлар Сурияга жиҳодга боришлари фарзи айн экан. Унинг бу чақириғи тўғрими, умуман исломда фарз жиҳод қандай бўлади, шу ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ:

Аввало бу мавзуда бирор фикрга келишдан олдин бизга савол билан мурожаат қилганингиз учун ташаккур. Бу ҳам Аллоҳнинг бир карами бўлибди. Сизга жавоб ёзиш билан кўпчиликка бу ҳақда фойдали маълумот берилади, иншааллоҳ.

Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда яқин шарқ ҳудудларига жиҳод учун атрофдан мусулмонларни жалб қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда. Бунга биз ҳам гувоҳмиз. Умумий қилиб айтганда ўша даъватчиларнинг ҳаммаси аслида жиҳод мавзусида авомни алдаб келишмоқда. Уларга ишонганлар эса алданмоқда. Нега дейсизми?

Биринчидан, жиҳод исломда усули дин эмас балки, фуруъи дин масалаларидан бўлиб, унинг фиқҳий истилоҳий маъноси: Орада “уруш қилмаслик” битими бўлмаган икки — кофир ва исломий давлатнинг бир бири билан, исломий давлат тарафдан дастлаб тинч йўл билан исломга кириш даъвати амалга оширилгач ва унга кофир давлат тарафдан рад жавоби берилгач, уларга қарши Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида ҳарбий уруш қилишига айтилади. (Қаранг: Фатҳ ал-қадир 4/277, Ал-Фатава ал-ҳиндия 2/188, ал-Хираший 2/107, Жавоҳир ал-иклил 1/250, Шарҳ аз-Зарқоний алал-Муватто 2/287, Ҳошиятуш Шарқовий 3/193, Ҳошият ал-Божурий 2/268).

Мана шу таъриф бутун ислом уламоларининг жумҳури, хусусан тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари тарафдан бир хил эътироф этилган таърифдир. Бунга кўра, бирор исломий давлат орада ҳеч қандай тинчлик битими тузилмаган бошқа бир кофир давлатга тинч йўл билан исломга даъват қилиб элчи юборади. Агар улар элчиларга рад жавоби берса, улар яшаб турган Ерларда ҳам Аллоҳнинг сўзини олий қилиш учун ҳарбий юришга киришилади. Саҳобаларнинг даврида жиҳод худди шу тарзда амалга оширилар эди. Агар шу тарърифда белгиланган бирорта қайд воқеликда топилмаса, бу ҳарбий ҳаракат шаръан жиҳод бўла олмайди. Унда қатнашганлар мужоҳидлик мақомига эриша олмайди, унда қатнашиб ўлганлар шаҳидлик мақомида кетмайди.

Энди яқин шарққа, хусусан, сиз саволда тилга олган Сурия давлатига эътибор қаратамиз: Сурияда шу таърифда белгиланган шартларнинг бирортаси топиладими? Йўқ! Биттаси ҳам топилмайди. Чунки Сурияда асосан мусулмонлар билан мусулмонлар уруш бошлашди. Ҳукумат ҳам, унга қарши чиққан жангари тўдалар ҳам ҳаммаси “ла илаҳа иллаллоҳ” дейдиган мусулмонлар эмасмиди?! Мусулмон билан мусулмоннинг уруши “жиҳод” деб айтиларканми?! Асло! Ўша воиз “Сурияда жиҳод бўляпти” деб айтган гапида Аллоҳдан уялмасдан мусулмонларни алдаяпти. Жиҳод ва унга доир шаръий ҳукмларни билмайдиганлар эса унинг ёлғонларига лаққа тушяпти.

Иккинчидан, шуни аниқлаштириб олиш керак: ўзи исломда жиҳоднинг ҳукми нима? Фаразан бирор ҳудудда шариат талабларига жавоб берадиган жиҳод амалиёти топилса, унга бориб қатнашишнинг ҳукми нима? Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг аксарини ташкил қилувчи жумҳурнинг қавлига кўра, мабодо шаръий жиҳод топилган тақдирда, унга бориб қатнашиш фарзи кифоя ҳукмида бўлади. Яъни, маълум аскарлар ҳарбий сафарга отланса, бошқалардан фарзлик соқит бўлади. ҳамманинг ёппа бориши шарт эмас. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/129)

Яна Сурияга қайтамиз: у ерда шаръий талабга жавоб берадиган жиҳод йўқлиги кундек равшан бўлсада, майли ҳаққоний жиҳод бўляпти деб фараз қилайлик, унга бориб қатнашиш Ер юзидаги барча мусулмонларга фарз бўлди деб жар солаётган жарчи, барибир мусулмонларни алдаётган бўлиб чиқади.

Учинчидан, жиҳоднинг ҳукми қачон фарзи айн бўлади? Қуйидаги ҳолатларда жиҳод кифоя даражасидан фарзи айн даражасига кўтарилади:

1-) Жанг майдонида ҳар икки томон — ислом ва куфр лашкари учрашиб, қарама-қарши саф тортган чоғда;

2-) Душман тўсатдан бостириб келган чоғда;

3-) Давлат раҳбари бирор душман кофир қавмдан хавфсираб, ёппасига ҳарбий чақириқ эълон қилганда. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/132)

Сурияга чорлаб жар солаётганлар “Сурияда жиҳод фарзи айн” деб лоф уришяпти. Ва ҳолбуки жиҳоднинг фарзи айн бўлиши учун белгиланган шартларнинг бирортаси унда мавжуд эмас.

Тўртинчидан, шаръий жиҳодни ким ташкиллаштиради ўзи? Тўғри келган одам рўпарасидан чиққан одамни жиҳодга чақириб ҳарбий амалиёт бошлайверадими, ёки бошқача шаръий тартиби борми? Буни ҳам яхши билиб олишимиз керак. Шаръий талаб даражасидаги жиҳодни оддий фуқаролар эмас, балки султон, давлат раҳбарлари ташкиллаштиради. Давлат томондан ҳарбий сафарбарлик эълон қилингандагина фуқароларга унга итоат этиб ҳарбий амалиётларда қатнашиш фарз бўлади. Одиий фуқаро ё қандайдир тўдабошининг ташаббуси билан шаръий жиҳод ташкил этилмайди. (Қаранг: Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252, ал-Муғний 8/352, ал-Маҳаллий 7/291).

Бешинчидан, шариат талабига мос келадиган жиҳод ташкиллаштирилган тақдирда, унга тўғри кетилаверадими ёки шартлари борми? Буни ҳам билиш керак. Шариат талабига мос келадиган жиҳодга бориш учун қуйидаги шартлар керак:

А) Ота-онанинг изни. Модомики улар мусулмон бўлса. Ота-онанинг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз бўлмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб жиҳодда қатнашишга рухсат сўрайди. Расулуллоҳ ундан “ота-онанг тирикми?” деб сўрайди. У: “ҳа”, деб жавоб беради. Расулуллоҳ: “икковининг хизматини қилиб жиҳод қил” дейдилар. Яъни, сенга ота-онанг рухсатисиз жиҳодга бориш жоиз эмас. Бу ҳадис далолатига кўра, ота-онанинг хизмати жиҳоддан олдинда туради.

Мантиқан олиб қаралганда ҳам жиҳод фарзи кифоя. Сиз бормасангиз, ўрнингизга бошқа кимдир бориб жанг қилади ва шу билан сиздан фарз соқит бўлади. Ота-она хизмати эса фарзанд учун фарзи айн. Сиз хизматларини қилмасангиз қўшнингизга ё ошнангизга сизнинг ота-онангизга хизмат қилиш фарз бўлмайди. Шунинг учун ҳам тарихда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам келиб: “мен Румга жиҳод учун боришга назр қилдим лекин, ота-онам ман этишяпти?” – деб айтганда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу унга: “ота-онангга итоат қил, Рум сендан бошқа жиҳодчиларни топиб олади” – деб кескин жавоб берган. Бунга ўхшаш воқеалар Умар ва Усмон розияллоҳу анҳума халифалик даврларида ҳам бўлган. Суфёни Саврий, имом Авзаъий ва салафлар давридаги бошқа аҳли илмлар “Ота-онанинг розилиги жиҳод учун шартдир”, деб фатво берганлар (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/220, Жавоҳир ал-иклил 1/252, Ҳошияту Дасуқий 2/175-176, ал-Муҳаззаб 2/229, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/57, ал-Муғний 8/358, ал-Маҳаллий 7/292).

Б) Ота-она дастлаб фарзандининг жиҳодга боришига изн берса ва кейин фикри ўзгариб рухсатидан қайтишса, фарзанд жанг майдонини ташлаб ота-онасининг хузурига қайтиб келиши вожиб бўлади. (Қаранг: Равзатут-толибин 10/212, Ниҳоят ул-муҳтаж 8/58, ал-Муҳаззаб 2/229, ал-Муғний 8/359).

В) Ҳақдорнинг изни. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига бир саҳоба келиб сўрайди: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима дейсиз, агар мен Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсам гуноҳларим кечириладими?” Расулуллоҳ: “ҳа, агар майдонда сабр билан душманга юзма юз турсанг, орқа қилиб қочмасанг ва шу тарзда қатл қилинсанг, гуноҳларинг кечирилади. Лекин қарзларинг эмас. Чунки менга Жаброил шундай деган” – дейдилар. (Имом Муслим ривояти)

Бўйнида қарзи бор одам ҳақдорнинг изнисиз жиҳодга бора олмайди. Жумҳур фуқаҳолар шундай деган. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳатто ҳақдор изн берган тақдирда ҳам, қарздор жиҳодга бормасдан қарзини узиш учун уйда қолиши мустаҳаб дейилган. (Қаранг: Ҳошияту ибн Обидин 3/221, Ҳошияту Дасуқий 2/175, Жавоҳир ал-иклил 1/252 ).

Г) Шаръий жиҳодга бориб том маънода мужоҳид бўлиш учун яна бир шарт, давлат раҳбарининг рухсати бўлиши керак. (Қаранг: ал-Мавсуъа ал-фиқҳия 16/136). Давлат рухсат бермаса шаръий жиҳод бўла олмайди.

Хулоса қилиб айтганда жиҳод шаръий жиҳод бўлиши учун, унда қатнашганлар жиҳоднинг фазлига эришиб, мужоҳидлик мақомига етиши учун, ўлганлар эса шаҳидлик даражасини қўлга киритиб сўроқсиз жаннатга кириши учун Ислом шариати белгилаб қўйган талабга мос шартлар топилиши керак. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод бўла олмайди. Балки, Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади.

Биз сизга шуни маслаҳат берардикки, яна шунга ўхшаш видеороликларга кўзингиз тушганда ундаги воизларнинг жим-жимадор даъватларига ишониб қолишга шошилманг. Бирор илм аҳлидан бу ҳақда батафсил маълумот сўранг. Ҳақиқатни билганингиздан кейин эса ўша видео остида интернетга жойлаганларга қарата: “сиз жиҳоднинг нималигини биласизми ўзи?” деб савол қолдиринг.

©️ Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мусҳафларни ёзиш ва нашр қилиш тарихи

07.11.2025   18688   13 min.
Мусҳафларни ёзиш ва нашр қилиш тарихи

Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўилиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарлара тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган

Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Алий Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди”[1].

Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Алий розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар[2]”.

Исломнинг дастлабки асрларидаги ҳолат шундай бўлган. Ўша замонларда нашр қилиш имконияти бўлмагани учун кимга Мусҳаф керак бўлса, хат саводи борлар ўзи кўчириб оларди, хат саводи бўлмаганлар хаттотларга илтимос қилиб, баъзан ҳақ тўлаш эвазига кўчиртириб олар эди. Хаттотлар имон-эътиқодининг мустаҳкамлиги, Қуръони каримга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва асосийси, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини ҳис қилиб, омонатдорлик билан ўз касбига ёндашуви натижасида Мусҳафлар бехато кўчирилар, камдан-кам ҳолларда йўл қуйилган камчиликлар Қуръонни ёд олган ҳофизлар тарафидан ўз вақтида тўғриланарди ҳам. Айрим моҳир хаттотлар умри давомида юзлаб нусхалар кўчириб, эхтиёжига ярашасини сотар, қолганларини илм давраларига, масжид ва толиби илмларга вақф қилиб тарқатар эди.

Нашр қилиш дастгоҳи ихтиро қилингач, китоб нашр қилиш жабҳасида мисли кўрилмаган ютукққа эришилди. Дастлаб нашр дастгоҳлари Германияда 1431 мелодий санада ишлаб чиқилди. Йиллар давомида бу ускунларнинг салоҳияти ва имкониятлари кенгайди, дастлаб Италия, сўнгра Франция давлатларида ишлатиладиган бўлди. Кейинчалик дунёнинг бошқа илғор мусулмон мамлакатларига ҳам тарқалди.  Жумладан, Ҳалаб шаҳрида 1698 йилда, Ливанда 1733 йилда сурён тилида, кейинчалик араб тилига ихтисослашган, Байрутда 1753 йилда “Қудайс” номли нашриёт фаолияти жорий қилинди. Мисрга Франциялик ҳарбий қўмондон Бонапарт 1798 йилда ўзи билан нашр дастгоҳини олиб кириши натижасида Қоҳирадаги “Аҳлийя” матбаасига асос солинган. Кейинчалик бу матбаа “Булоқ” номида фаолият олиб бориб, Ислом оламига жуда машҳур бўлган.  Туркияга Султон Аҳмад III даврида кириб келган. Бироқ бу дастоҳларда диний адабиётларни нашр қилиш ўша замон Турк уламолари тарафидан рухсат берилмаган. 1141 йилдан кейин аста-секин араб адабиёти, тарихи ва луғатига оид китоблар нашр қилинган.

Нашр этиш дастгоҳида чоп этилиши билан тарихда қолган Мусҳаф 1694 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида Абрахам Хинкельман (Abrahmi Hinckelmanni) исмли шарқшунос олимнинг саъй-ҳаракати билан 560 саҳифада нашр қилинган[3]. Ҳар бир саҳифа 16 сатрдан иборат бўлиб, оятлар бошланиши тартиб рақм билан белгиланган.

Бундан аввал Италиядаги “Бундуқия” нашриётида ҳам 1530 йилда нашр қилинган, бироқ, ўша замон ҳукмрон бошқарув табақа вакиллари томонидан нашр ўрнида йўқотиб ташланган[4].

Шунга кўра ҳозиргача сақланиб қолган Мусҳафлар орасида энг қадимийси Германиянинг Гамбург шаҳрида чоп қилингани ҳисобланади. Мусҳафнинг мазкур нусхаси бизгача сақланиб қолганлари орасида илк нашр қилингани билан аҳамиятли бўлсада, кўплаб хато ва камчиликлардан холи эмас эди. Унда учрайдиган хатолар асосан араб тили қоидаларига мос келмаслиги ҳамда нашр дастгоҳидаги техник камчиликларга бориб тақаларди. Масалан, ёнма-ён калималарни ўрин алмашиб қолиши, нуқталарнинг оз ёки кўпайиб қолиши, ораси ажратиб ёзилиши керак бўлган икки калиманинг ораси боғланиб қолиш каби камчиликларни келтириш мумкин.   

Ана шундан кейин Мусҳафлар кетма-кет нашр қилина бошланди.

Дастлабки нашр қилинган Мусҳафлар сифатида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1787 йилда Мавло Усмон бошчилигида нашр этилган Мусҳафни, Эронда нашр қилинган иккита тошбосма нусха: бири 1828 йили Теҳронда, иккинчиси 1833 йили Табризда нашр қилинган нусхани, Қозон шаҳрида 1877 йилда босилган Мусҳафни, ҳудди шу йили Туркияда хаттот Ҳофиз Усмон қаламига мансуб нашр қилинган Мусҳафларни келтириш мумкин. Қозон шаҳрида босилган нусха аввалги Гамбург шаҳрида нашр қилинган Мусҳафга деярли ўхшаб кетсада, унда йўл қуйилган камчиликлар олди олинган, калима ва ҳарфларда учраган техник хатолар тузатилан эди. Бироқ ҳарфлар устига қўйиладиган ҳаракатларда камчиликлар бор бўлиб, Мусҳаф сўнгидаги махсус жадвалда йўл қўйилган хатолар кўрсатиб ўтилган[5]. Кейинчалик, Мусҳафнинг кўплаб нашриётларда чоп қилиш оммалашиб кетди. Мисрда 1890 йилда Ризвон ибн Муҳаммад Мухаллалотий бошчилигида, 1923 йилда хаттот Муҳаммад Алий Ҳусайний  бошчилигида нашр қилинган.

Санаб ўтилган Мусҳафларнинг барчасида ҳарфлар Усмоний Мусҳаф асосида, ҳаракатлар эса Халил ибн Аҳмад ва имом Сибавайҳлар асос солган йўналишда бўлган. 

Кейинги пайтларда тижорий нашриётларнинг кўпайиши, унда иш олиб борадиган ходимларнинг масъулиятсизлиги, беэътиборлик  билан нашр қилинган бир қанча Мусҳафларда техник хатолар кўпайиб кетиш оқибатида, айрим нашриётлар Мусҳафни кўпайтириб, тарқатиш эмас, балки турли нашрларда учрайдиган хато ва камчиликлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда бундай эзгу мақсад сари фаолият олиб бораётган нашриётлар орасида энг кўзга курингани бу – Мадинаи мунавварадаги “Малик Фаҳд” нашриётидир. 1404 ҳижрий сана 20 рабиуссоний ойида Саудия Арабистони подшоҳлиги муассислигида Мусҳаф ва унга алоқадор илм аҳллари, мутахассислардан иборат ўн беш кишилик қўмита ташкил қилинган. Қўмита ҳайъат аъзолари Қуръони каримни ҳар бир калима, ҳарф ва ҳатто ҳаракатлари, тўхташ белги ва кўрсатмалари устида бош қотириб, чуқур тадқиқ қилишган, йиллар давомида Мусҳафга кириб қолган қушимчалар олиб ташланиб, хатолар тузатилган, камчилиги тўлдирилган, бундай машаққатли вазифани уддалаш мақасадида ҳайъат азолари Мусҳафни икки юз мартадан ошиқроқ ўқиб чишларига тўғри келган.[6] Нашр учун тайёр ҳолига келган Мусҳафнинг кўриниши, ҳажми ва хат тури борасида ҳам муаммолар бор эди. Ислом оламига машҳур хаттотларнинг Мусҳаф устида олиб борган изланиш ва маҳоратлари илмий ўрганиб чиқилди ва бер неча қўлёзма Мусҳафлар орасидан Дамашқлик хаттот Усмон Тоҳонинг ёзув услуби танлаб олинди. Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, танзим яъни тартибга, табвиб яъни жузларга ажратишни ҳам йўлга қўйган эди. Қуръони каримни 30 жузга бўлиб, ҳар бир жузга 20 саҳифа ажратган, Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи саҳифасига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “Бисмиллоҳ” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифага жойлаган эди. Бундан ташқари, ҳар бир саҳифани оят билан бошлаб, оят билан якунлашга эриша олгани энг катта афзаллиги бўлган[7]. Санаб ўтилган жиҳатлари билан бошқа қўлёзма нусхалардан тубдан ажралиб турган Мусҳафни янги нашр қилинмоқчи бўлган “Мадина Мусҳафи” нусхасига асос қилиб олинди ва ҳозирда дунёга тарқалган Мусҳафлар орасида энг мукаммал шаклга эга бўлди.

Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳомийлигида 1405-1425-ҳижрий йиллар оралиғида “Мадина Мусҳафи” 193 миллион тиражда босиб чиқишга эришилди[8] ва бу дунёдаги энг кўп тираж қилинган босма деб баҳоланмоқда.

Ҳозирда йилига 30 милион тиражда ҳар хил ҳажм ва кўринишда нашр қилиб, тарқатиб келинмоқда.

Кейинги йиллирда юртимизда ҳам ҳар соҳада бўлгани каби диний соҳани ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар Мусҳафи шарифни нашр қилиш ва аҳолимиз мўъмин-мусулмонларининг Қуръони каримга бўлган эхтиёжини қоплаш жиҳатини ҳам қамраб олди. 

Аллоҳ таолонинг муборак каломи — Мусхафи шариф Ўзбекистонда нашрдан чиқиши қалбларни сурурга тўлдирган шарафли воқеалардан бири бўлди. Юртимизнинг кўзга куринган нашриётларидан бири «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонлар оммасига тақдим этилди.

Нашриётнинг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Қуръони Каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.

«Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти Мусҳафи шарифни нашр қилиш лойиҳаси бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги «Дорус-салом» нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Тузилган шартномага кўра, «Дорус-салом» нашриёти «Ҳилол-нашр»га Мусҳафни чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришилди.

Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50 000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10 000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Зеро, Қуръони Карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ, ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.

Қалби Қуръонга ошно халқимиз ҳам янги нашр этилган Мусҳафи шарифни шод-хуррамлик, хурсандчилик ва севинч кўз ёшлари билан кутиб олди. Бу ёрқин ҳодиса мамлакатнинг деярли барча оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

 

Абдулбоқий Турсунов

 

 

[1] Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 182 саҳифа.
[2] Канзул уммол 10/536 саҳифа.
[3] Тарихул Қуръон: Ҳафаний Носиф 112 саҳифа, Тарихул Қуръон: Муҳаммад Тоҳир Курдий 16, 186-саҳфалар. Ҳозирда Мисрнинг “Дорул  кутуб ал-Мисрия” кутубхонасида (176 рақам остида) ва “Қоҳира” унверситети кутубхонасида бир нусха сақланади.
[4] Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.
[5] Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 339 саҳифа, Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа.
[6] Диросот фий улумил Қуръон. 505-саҳифа.
[7] Ҳошимов Нуриддин “Қуръони карим ёзувчиси – Хаттот Усмон Тоҳо” мақоласидан қисқартириб олинди.
[8] Диросот фий улумил Қуръон. 506-саҳифа.