Кеча хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Пайариқ туманига ташрифи давом этмоқда.
Бугун, 15 январъ Жума куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Пайариқ тумани бош имом-хатиби Мансур домла Абдухолиқовларнинг ҳамроҳлигида мазкур туманда жойлашган “Мўлла Тўрахон” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Сўнги йилларда бу масжидда бир қанча ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, намозхонларга янада қулайликлар яратиш мақсадида масжид тахоратхонасининг янги, замонавий биноси қуриб битказилди ва намозхонлар ихтиёрига топширилди. Шунингдек, намозхонларнинг қор-ёмғирли кунларда қийинчиликларсиз ибодатларини адо этишлари учун масжиднинг айвон қисмига қўшимча айвон қўшилди. Бу эса масжид кўркига янада кўрк қўшди.
Муфтий ҳазратлари масжид жамоати билан дилдан суҳбат қилдилар ва бу муборак масканда амалга оширилган бу каби хайрли ишларга ҳам моддий ҳам маънавий кўмак берган саховатпеша инсонлар ҳаққига кўплаб дуои хайрлар қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ташриф давомида мазкур туманда жойлашган, ҳозирда Пайариқ тумани бош имом-хатиби Мансур домла Абдухолиқов фаолият олиб бораётган “Ислом нури” жоме масжидига бордилар. Бу масканда ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, масжиднинг эски тахоратхонаси ўрнида замон талаблари асосида янги тахоратхона қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, масжид биноси ёнидан барча шароитларга эга, замонавий хизмат хоналари ҳам қуриб битказилди.
Муфтий ҳазратлари мазкур масжидда намозхонлар иштирокида Жума намозини адо этдилар. Намоз сўнгида мазкур жомеда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар. Ушбу файзли Жума намозида уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва масжид қавми иштирок этди.






ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Тугмани босиш билан дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликдан бохабар бўламиз. Бироқ, бу имконият ўзи билан бирга маънавий инқирозни ҳам олиб келди.
Интернетдаги анонимлик ва чегарасизлик маданиятсизликка йўл очиб берди. Айниқса, сўнгги пайтларда тармоқларда олимларни, зиёлиларни ва ўз соҳасининг мутахассисларини ҳақорат қилиш, уларни обрўсизлантиришга уриниш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Тарихдан маълумки, қайси жамиятда илм аҳли қадрланса, ўша юрт юксалган. Олим – бу йиллар давомида мисқоллаб билим йиққан, уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнат эвазига шу даражага чиққан ва жамиятга наф келтирадиган шахс бўлиб етишган. Уни ҳақорат қилиш нафақат бир инсонга, балки у ифодалаётган илмга, маърифатга ва тафаккурга қилинган тажовуздир.
Зиёли инсонларни қадрлаш шунчаки инсоний фазилат эмас, балки илоҳий буйруқдир. Қуръони Каримда олимларнинг мақоми ҳақида шундай марҳамат қилинади:
«...Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур...» (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло даражасини баланд қилиб қўйган шахсларни интернетда пастга уришга уриниш, нафақат илмга, балки илоҳий тақсимотга ҳам ҳурматсизликдир.
Олимларни обрўсизлантиришга уринишларнинг бир нечта сабаби бор:
Илмий баҳс-мунозара соғлом жамият белгиси. Агар бирор олимнинг фикрига қўшилмасангиз, унинг фикрларига илмий асосланган раддия ёзинг. Аммо шахсиятга ўтиш, оиласини ёки обрўсини тажовуз ва ҳақорат қилиш, бу заифлик ва маданиятсизлик аломатидир.
Илм аҳлини хор қилган жамиятда барака бўлмайди ва у ерда адолат қарор топмайди.
Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Ижтимоий тармоқда ёзилган ҳар бир сўз учун қонун олдида жавоб беришга тўғри келиши ҳам мумкин.
Интернет бизнинг маданиятимиз кўзгуси. Бу кўзгуни ҳақорат ва нафрат билан эмас, ҳурмат ва илм билан тўлдирайлик. Зеро, олимларни асраш келажакни асраш демакдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби