Саудия Арабистонида, пайшанба куни эрталаб, 95 ёшида Яқин Шарқда парфюмерия империясини яратган ва хайрия учун бир миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган таниқли бизнесмен Ҳусайн Бакри Ғаззоз вафот этди.
Ғаззоз учун жаноза намози унинг она шаҳри Макка шаҳрида бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ArabNews нашри.
Ғаззоз 1925 йилда туғилган. Дастлабки йилларида оиласи билан Мисрга кўчиб ўтиб, бошланғич таълимини олган, сўнгра Саудия Арабистонига қайтиб, кичик парфюмерия бизнесини очган, бу эса минтақадаги ўз йўналиши бўйича энг йирик корхонадан бирига айланган.
У асос солган компания 1942 йилда Ғаззоз Саудия Арабистонидаги атирларни импорт қилувчи биринчи агентга айлангач, ўз фаолиятини бошлади. 77 йил ичида лойиҳа бизнес империясига айланди. У билан Dior, Gucci, Versace, Cartier, Chanel, Yves Saint Laurent (YSL), Montblanc, Dunhill ва Dupont каби компаниялар ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Islam.ru маълумотларига кўра, шу билан бирга Ҳусайн хайрия фаолияти билан фаол шуғулланди, жами камбағалларга ёрдам бериш ва бутун дунё бўйлаб тиббий ёрдам тарқатишга 1 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ислом тинчлик ва омонлик дини бўлишлик билан бир қаторда, ўзгаларни ҳам доимо тинчликка эргашишликка, уни асрамоқликка чақиради. Яратган томонидан бу динни Ислом деб номланиши ҳам фикримизнинг яққол исботидир[1].
Ислом сўзи арабча “салама” ёки “салима” сўзларидан олинган бўлиб, бу сўзлар “тинчлик”, “омонлик”, “хавфсизлик”, “саломат бўлиш” каби маъноларни англатади. Ислом сўзининг луғавий маъносидан шу аён бўладики, Ислом фақат ва фақат тинчликка даъват этади.
Дин сифатида эса у ўзида тинчликни мужассамлаган ва унинг тимсолига айланган. У башариятни сабр-тоқатли, тинчликсевар, меҳр-мурувватли, тартибли, бағрикенг, қаноатли бўлишликка тарғиб этади.
Агар Қуръони карим ёки Ҳадисларда зикр этилган муслим ёки мўмин сўзларининг маъно, мазмунига аҳамият берадиган бўлсак, шу аниқ бўладики Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам наздида, “муслим” ўзида тинчлик ва омонликни мужассамлаган бўлса, “мўмин” эса меҳр-мухаббат, тинчликсевар, бағрикенглик, оғир-босиқлик, сокинлик, каби асл инсоний фазилатларга эга шаҳс тушунилади.
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] "Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир" (Оли Имрон сураси, 19-оят); "Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим" (Моида сураси, 3-оят); "У сизларни бундан олдин ва (Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади" (Ҳаж сураси, 78-оят).