Боқмас жаҳон совуқ сўз, Шилқим, юзсиз бахилга, Ёқимли бўл, хушхулқ бўл, Қолсин номинг кўп йилга.
Маҳмуд Қошғарий
***
Нафс душмандурур яқин билгил, Дўстум бу сўзумни чин билгил.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
***
Инсон ҳар доим қувноқ, ҳушчақчақ бўлиши ва бахтиёр яшамоғи лозим.
Абу Наср Фаробий
***
Ҳеч қачон уч нарсани қила кўрма:
Ҳикматлар бўстонидан
***
Яшаб қолиш учун қўрқоқ ва сотқинликни танлама. Эркак бўлиб қол! Ё ғолиб бўласан ёки мард кетасан.
Тарих муҳрлаган сўзлар
***
Танганинг икки томони бор дейишади. Аслида танганинг томонлари кўп... Бу тафаккурга боғлиқ.
Устозлар ўгитидан
***
Бели яра отнинг бошига тушган иш соғлом отга осон куринади.
***
Тинч яшашни истасанг, пасткаш одам билан дўстлик ҳам душманчилик ҳам қилма.
Ҳусайн Сайфуллоҳ
***
Ҳаддингни билмасанг ҳаётингни барбод қиласан. Ҳуқуқингни билмасанг ҳаётингни барбод қилишади.
Саййид Аброр Умар
***
Яхшилик ҳаммага бевосита севимли. Агар шундай бўлмаганда эди, ҳар ким ўз истаган ёки орзу қилган ва ёки ўзича яхшилик деб тасаввур қилган бирор нарсани ўз олдига мақсад қилиб қўймаган бўларди.
Абу Али ибн Сино
***
Тоғнинг улуғлигини тасаввур қилмоқ учун ундан узоқлашиш керак бўлганидек, буюк тарихий воқеаларнинг ҳайбатини ростмана ҳис этиш учун маълум вақт масофаси лозим бўлади.
Эркин Воҳидов
***
Ҳасса зарби узоқ турмайин кетар,
Тилдан етган зарба бир умрга етар!
Ибн Камолпошшо
***
Дўст тутмоқ осон, риоя қилмоғи қийин, Душман бўлмоқ осон, ярашмоғи қийин.
Юсуф Хос Хожиб
***
Мазлумнинг дуосидан (дуоибадидан) қўрқинглар. Чунки у (дуо) оқ булут устига чиқарилади (ва Аллоҳ ҳузурига етказилади). Аллоҳ таоло дейди:
– Улуғлигим ва қудратим билан қасам ичаман, албатта, бироздан сўнг бўлса ҳам сенга (мазлумга) мадад бераман.
Ҳадис
***
“Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у (бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир”.
“Нур сураси 26 оят”
***
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг республика ва халқаро майдонида фаолияти” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шавкатжон Хамдамов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Мусохон домла Аббосиддинов иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Мусохон домла Аббосиддинов иштирокчиларни меҳмонлар билан таништириб, ташрифнинг асосий мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. У кишининг таъкидлашича, бундай учрашувлар талабаларнинг дунёқарашини бойитиш, амалиётдаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириш ва уларни масъулиятли йўлга рағбатлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Музаффар Камолов ўз маърузасида динимиз равнақи, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, масжидлар фаолиятини такомиллаштириш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, битирувчи курс талабаларига қаратилган қимматли тавсиялар ҳам берилди. У киши талабаларга амалиёт давомида бириктирилган масжидларда холис ният билан, виждонан ва масъулият билан хизмат қилиш, бу хизматни Аллоҳ розилиги учун адо этиш кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Шавкатжон Хамдамов мамлакатимизда сўнгги йилларда диний соҳа ва халқаро алоқалар йўналишида эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидига кўра: Диний идоранинг халқаро нуфузи юксалиб бормоқда, бир қатор нуфузли ташкилотлар билан янги меморандумлар имзоланмоқда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирда 5 та йирик халқаро ташкилотга аъзо, шунингдек, Муфтийлар кенгашининг ҳам тўлақонли аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шавкатжон Хамдамов бу имкониятлар диний соҳамизга берилган катта эътибор ва ишонч белгилари эканини, уларни қадрлаш ва масъулият билан ишлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонларнинг эзгу фикр ва тавсиялари ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, билимли, халол ва виждонли диний соҳа ходими бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.
Таълим муассасаси Матбуот хизмати