Бугун, 27 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “Хўжамурод бахши” жоме масжиди янги биноси очилишида қатнашдилар.
Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-омонлик ва динимизга бўлган юксак эътибор сабаб, масжидларда бунёдкорлик ва қайта қуриш ишлари қизғин давом этмоқда.
“Хўжамурод бахши” жоме масжиди бир неча йиллар аввал ҳашар йўли билан қурилган эди. Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётганди.
Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари амалга оширилди. Масжид миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида барпо этилиб, ҳовлисида боғ ва атрофида автотураргоҳ ҳам бунёд қилинди.
Бугун, 27 ноябрь куни хизмат сафарини давом эттираётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Хўжамурод бахши” жоме масжидида намозхонлар иштирокида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз мавъизаларида масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди, кўпларида ўзимиз ҳам иштирок қиляпмиз.
Эндиликда мана шундай кўркам масжидларда имом-домлаларимиз халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарур.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг давомида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деган ҳадиси шарифларини келтириб, мазкур жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчанинг ҳаққига дуолар қилдилар. Ушбу файзли жума намозида уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва масжид қавми иштирок этди.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин!










Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
اللَّهُمَّ صَلِّ وَ سَلِّمْ وَبَارِكْ عَلَىٰ سَيِّدِنَا وَ مَوْلَانَا مُحَمَّدٍ وَ عَلَى الِهِ وَصَحْبِهِ عَدَدَ حُرُوفِ الْقُرْآنِ حَرْفًا حَرْفًا وَ عَدَدَ كُلِّ حَرْفٍ أَلْفَ أَلْفٍ وَعَدَدَ صُفُوفِ الْمَلَائِكَةِ صَفًّا صَفًّا وَعَدَدَ كُلِّ صَفٍّ أَلْفَ أَلْفٍ وَعَدَدَ الرِّمَالِ ذَرَّةً ذَرَّةً وَ عَدَدَ كُلِّ ذَرَّةٍ أَلْفَ أَلْفِ مَرَّةٍ وَعَدَدَ مَا أَحَاطَ بِهِ عِلْمُكَ وَ جَرَى بِهِ قَلَمُكَ وَ نَفَذَ فِيهِ حُكْمُكَ فيِ بَرِّكَ وَ بَحْرِكَ وَ سَائِرِ خَلْقِكَ وَعَدَدَ ما أَحَاطَ بِهِ عِلْمُكَ الْقَدِيمُ مِنَ الْوَاجِبِ وَالْجَائِرِ وَ الْمُسْتَحِيلِ اللَّهُمَّ صَلِّ وَ سَلِّمْ وَبَارِكْ عَلَى سَيِّدِنَا وَ مَوْلانَا مُحَمَّدٍ وَ عَلَى الِهِ وَصَحْبِهِ مِثْلَ ذلكَ.
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала саййидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ъадада ҳурууфил Қуръани ҳарфан ҳарфаа.
Ва аъдада кулли ҳарфин алфа алфин ва ъадада суфууфил малаикатиҳи соффан соффаа ва ъадада кулли соффин алфа алфин ва ъададар римали зарротан зарротан ва ъадада кулли зарротин алфа алфи марротин ва ъадада маа аҳато биҳи ъилмука ва жаро биҳи қоламука ва нафаза фийҳи ҳукмука фий баррика ва баҳрика ва саири холқика. Ва ъадада маа аҳато биҳи илмукал қодийму минал важиби вал жаа изи валмустаҳийл.
Аллоҳумма, солли ва саллим ва барик аъла саййидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи мисла залика.
Маъноси: Аллоҳим! Саййидимиз ва меҳрибон улуғимиз ҳазрати Муҳаммадга, ул зотнинг оилалари (аҳли)га ва саҳобаларига шунчалар раҳмат, салом ва баракот ёдирки, Қуръон ҳарфларининг ҳар бир ҳарфи саноғича ва ҳар бир ҳарфи учун яна миллион марта, сафсаф малоикаларнинг сафлари саноғича ва ҳар бир саф учун яна миллион марта, зарра-зарра қумларнинг сановича ва ҳар бир зарра учун яна миллион марта, Сенинг илминг қамраган нарсаларнинг ва Сенинг Қаламинг ёзган нарсаларнинг саноғича, Сенинг қуруқликларинг ва денгизларингда Ўз ҳукминг жорий бўлган бошқа барча яратмиш махлуқотларинг саноғича, вожиб, жоиз ва муҳол-номумкин бўлган нарсалардан (ва илмлардан) Сенинг чексиз қадимий илминг қамраган нарсаларнинг саноғича саййидимиз ва меҳрибон улуғимиз ҳазрати Муҳаммадга, ул зотнинг оилалари (аҳли)га ва саҳобаларига раҳмат, салом ва баракот ёғдир!
Саййидимиз ва меҳрибон улуғимиз ҳазрати Муҳаммадга, ул зотнинг оилалари (аҳли) ва саҳобаларига шуларнинг яна бир мислича раҳмат, салом ва баракот ёғдир! («Ал-адъийатул-воридату фил-аятил каримати вал-аҳодисишшарифаҳ», 155-с).
«Энг гўзал салавотлар» рисоласидан