Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2026   |   12 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:36
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:42
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2026, 12 Шаъбон, 1447

Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ

25.11.2020   3500   3 min.
Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ

Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 

(17.09.1917-24.11.1980йй.)


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ Мисрлик машҳур Қуръони карим ҳофизи, қори, ушбу соҳанинг энг кўзга кўринган намояндаларидан саналади. У Қуръони каримнинг ўн хил қироати бўйича мужаввад ва мураттал тиловатлари ёзилган аудио ва видео ёзувлари орқали ўзининг хуш овози билан дунё мусулмонларига манзур бўлган.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 17 сентябрь 1917 мелодий, 1 зулҳижжа 1335 ҳижрий санада Мисрнинг ғарбий қисмидаги Танто вилоятининг Шибро аннамла қишлоғида таваллуд топган. У туғилишидан олдин отаси Халил Фуюм вилоятидан Шибро аннамла қишлоғига кўчиб келган эди. Онасининг исми Фараҳ бўлиб, қишлоқ аҳли уни Фарҳа деб чақиришар эди.


Маҳмуд тўрт ёшга етганда отаси уни Қуръон ёдлаш учун масжид қошида очилган мактабга беради. У ҳар куни Қуръонни ёдлаш учун қишлоғидан Тантодаги Аҳмадий масжидига қатнайди. Саккиз ёшида у Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. Ўн икки ёшида Тантодаги диний маъҳадга ўқишга киради. Кейинчалик Азҳари шарифда Қуръони каримнинг ўн хил қироатини ўрганади ва қироатлар илми бўйича шаҳодатномани қўлга киритади. Шундан сўнг, хуш овози ва гўзал адоси туфайли Қуръон илмларини ўрганишга киришади.


1944 йилда биринчи марта радио орқали қироат қилиш бўйича танловда иштирок этиб, иштирокчиларнинг энг биринчи тартибида туради.


1950 йилда Тантодаги Аҳмадий масжидига қори вазифасига, 1955 йилда эса, Қоҳирадаги Ҳусайн масжидига қори вазифасига таъйин этилади.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ энг биринчи бўлиб Ҳафснинг Осимдан ривояти бўйича мураттал овозли мусҳафни аудиотасмага ёздиради. Қуръони карим қориларининг ишини ташкил этадиган, уларнинг маиший аҳволига кўмаклашадиган бошқармаси ташкил этиш таклифи билан чиққан биринчи шахс ҳам Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ бўлади.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ барча шаҳар ва қишлоқлардаги масжидлар қошида Қуръони каримни ёдлатиш бўйича тўгараклар ташкил этиш зарур деган чақириқ билан чиқади ва шахсан ўзи Қоҳирадаги битта масжид ва мадрасани таъмирлаш ишларига бош бўлади.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримнинг маъноларини тўғри тушуниш ва тўғри кетказишда Қуръони каримни тажвид билан ўқишнинг аҳамияти катта эканлигини билар эди. Унинг наздида Қуръоннинг қироати бу, илм ва усул эди. У Қуръони каримни тартил билан қироат қилинса унинг калималарига жон киради, ўқилаётган калималарнинг маъноси қорининг кўз ўнгида гавдаланади, дер эди. Шунинг учун, Қуръони карим уни тартил билан ўқиётган қорига Қуръон оятларига ақлий ёндашмоғини, зиммасида катта масъулият бор эканлигини доимо ҳис қилдириб туради, деб таъкидлар эди.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 24 ноябрь 1980 мелодий, 16 муҳаррам 1401 ҳижрий санада 63 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилади. Аллоҳ таоло у зотни ўз раҳматига олиб, Фирдавс жаннатига дохил айласин.

 

Homidjon Ishmatbekov

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Профессор Убайдулла Уватов хотирасига бағишланган конференция ўтказилади

30.01.2026   1346   2 min.
Профессор Убайдулла Уватов хотирасига бағишланган конференция ўтказилади

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида забардаст олим, филология фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов хотирасига бағишланган “Манбашунослик мактаби: тарих ва замонавий ёндашувлар” мавзусидаги I республика илмий конференцияси ташкил этилади.

2026 йил 26 февраль куни бўлиб ўтадиган нуфузли тадбирда юртимизнинг таниқли уламолари, етук соҳа олимлари, мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Конференцияда қуйидаги мавзулар муҳокама қилинади:

  • - Убайдулла Уватовнинг манбашунослик соҳасидаги илмий мероси ва унинг аҳамияти;
  • - Манбашунослик мактабининг шаклланиши, ривожланиш босқичлари ва тарихий тажрибаси;
  • - Ўзбекистон тарихини ўрганишда ёзма, моддий ва оғзаки манбаларнинг ўрни;
  • - Манбашунослик тадқиқотларида замонавий методология ва инновацион ёндашувлар;
  • - Тарихий манбаларни таҳлил қилиш, танқидий ўрганиш ва илмий муомалага киритиш масалалари;
  • - Архив ҳужжатлари, қўлёзмалар ва нодир манбаларни сақлаш, рақамлаштириш ҳамда тадқиқ этиш муаммолари;
  • - Ёш тадқиқотчиларнинг манбашунослик соҳасидаги изланишлари ва илмий истиқболлари.

Конференция нафақат илмий доира вакиллари, балки кенг жамоатчилик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аждодларимиз меросини кенг тарғиб этиш йўлидаги навбатдаги қадамдир.

Конференция якунлари бўйича мақолалар тўплами нашр этилади. Иштирок этиш учун мақолаларни 2026 йил 17 февралга қадар юборишингиз сўралади.

Техник талаблар:

  • - Тиллар: Ўзбек, рус ва инглиз тилларида.
  • - Формат: MS Word (Times New Roman, 14 pt, 1,5 интервал).
  • - Ҳошиялар: Юқори ва пастдан 2,5 см, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см.
  • - Расмийлаштириш: Мақола мавзуси катта ҳарфларда ёзилади. Муаллифнинг исм-шарифи, илмий даражаси, иш жойи ва алоқа маълумотлари (Telegram/WhatsApp ва эл-почта) кўрсатилиши шарт.

Боғланиш учун:

Тел/Telegram: +998 99 272 82 51

Электрон почта: termiziycenteruz@gmail.com

Манзил: Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Матбуот хизмати

Янгиликлар