Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Варшава шаҳрида (Польша) Диний эркинликларни илгари суриш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этди ва делегатларга видеомурожаат қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Учинчи маротаба ўтказилаётган анжуманда 58 мамлакат ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда. Ушбу форматдаги бундан олдинги иккита форум Вашингтон шаҳрида 2018 ва 2019 йиллар ташкил этилган эди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари ўз чиқишида мамлакатимизнинг диний эркинликни таъминлаш борасидаги тажрибаси, шунингдек, республика ушбу йўналишда ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг изчил бажараётгани тўғрисида маълумот берди.
Конференция мавзуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган чуқур демократик ўзгаришлар руҳига мос экани таъкидланди.
Республикада қисқа муддат ичида эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш соҳасида кўрилган амалий чора-тадбирлар қайд этилди. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва энг яхши демократик стандартларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлангани, диний бирлашмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилгани, мамлакат тарихида биринчи марта дин ва эътиқод эркинлигини мониторинг қилиш бўйича парламент эшитувлари ўтказилгани шулар жумласидандир.
Вазир, шунингдек, жамиятда диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг самарали усулларидан бири - бу бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим ва маърифатни фаол тарғиб қилиш эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ушбу муҳим форум инсонларнинг дин эркинлигига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдаги яна бир муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Соғ танда – соғлом ақл
Инсон тетик, бардам ва бақувват бўлиши учун мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланиши керак. Айниқса, бугунги фаровон ҳаётда – ҳар бир оилада жон бошига биттадан автоулов тўғри келаётган даврда бу жуда муҳим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан диний соҳа ходимлари ўртасида «Соғ танда – соғлом ақл» шиори остида спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтяпти.
Бугун, 28 январь куни пойтахтимиз имом-хатиблари ва имом ноиблари ўртасида спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка мусобақаларининг Тошкент шаҳар босиқчи жуда кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Мусобақани Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ва ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари очиб бердилар.
Табиийки, мусобақаларда тез қарор қабул қила оладиган, абжир, чаққон ва эпчилларга омад кулиб боқади.
Волейбол бўйича
1-ўрин Юнусобод тумани
2-ўрин Учтепа тумани
3-ўрин Сергели тумани диний соҳа ходимларига насиб этди.
Стол тенниси мусобақасида
1-ўрин Юнусобод тумани «Масжидул Хайр» масжиди имом ноиби Адҳамхўжа домла Ҳикматуллаев;
2-ўрин Мирзо Улуғбек тумани «Олтинтепа» масжиди имом ноиби Раҳматуллоҳ домла Ҳикматуллаев;
3-ўрин Миробод тумани «ал-Бадр» масжиди имом ноиби Жамшид домла Назаров лойиқ кўрилди.
Шашка йўналишида
1-ўрин Шайхонтоҳур тумани «Обидхон Махдум» масжиди имом ноиби Адҳам домла Латипов;
2-ўрин Учтепа тумани «Азиз ота» масжиди имом ноиби Абдураҳмон домла Камолов;
3-ўрин Юнусобод тумани «Омина» масжиди имом ноиби Абдураҳим домла Тўрақулов муносиб кўрилди.
Шахмат бўйича ҳам ғолиблар аниқланди:
1-ўрин Бектемир тумани «Бектемир» жоме масжиди имом-хатиби Зиёвуддин домла Аймуҳамедовга;
2-ўрин Сергели тумани «Маъруф ота» масжиди имоми Сарвар домла Муҳаммадиевга;
3-ўрин Мирзо Улуғбек тумани «Тўра бува» масжиди имом ноиби Муҳаммадамин домла Абдуллажоновга насиб этди.
Ғолибларга қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати