Азонни эшитган мўмин банда уни диққат билан тинглаши, муаззин жумлани тугатиши биланоқ уни ичида такрорлаши лозим. Бу ҳақда Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рўзадор кишига қуйидагилар суннатдир:
1. Нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш;
2. Фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш;
3. Биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш;
4. Мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш;
5. Қуръон ўқиш;
6. Қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш;
7. Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш;
8. Таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш;
9. Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган киши учун витр намозини ҳам жамоат билан ўқиш.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф