Ислом молияси соҳасида жаҳоннинг энг обрўли нашрларидан бири бўлган www.islamicfinancenews.com Ўзбекистонда ислом молияси соҳасида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, саводхонликни ошириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича мақола эълон қилди. Islommoliyasi.uz сайти ва телеграм саҳифаси асосчиларидан бири Хондамир Нусратхўжаев бу борада қилинаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан Жаҳонгир Имамназаров ва Музаффар Низомиддиновлар билан суҳбатлашди.
Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси (ICD) ташкилотга аъзо мамлакатларда ислом молиясини ривожлантириш мақсадида хусусий тармоқ ва ҳукуматларга молиялаштириш ва маслаҳат бериш орқали кўмаклашади.
Бугунги кунда ICD томонидан Ўзбекистоннинг саккизта тижорат банкида ислом дарчалари очиш бўйича маслаҳат гуруҳи иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 2020 йил сентябрь ойида ICD Ислом тадқиқот ва тренинг институти (IRTI) билан ҳамкорликда ислом молияси маҳсулотлари ва тамойиллари бўйича бир ойлик тренинг ўтказиш бўйича шартнома имзоланди. Режага кўра 2021 йилда Ўзбекистоннинг бешта тижорат банкида ислом дарчалари фаолият бошлаши кўзда тутилган.
ICD ташкилотининг вакили Музаффар Низомиддинов сўзларига кўра, ислом дарчаларини очишга тайёргарлик кўриш жараёнида айниқса банкларнинг мижозлар билан ишлайдиган ходимлари зарур билимларга эга бўлишларига катта аҳамият берилмоқда.
Келишувга кўра бешта тижорат банки учун тренинглар ташкил қилинади ва улар IRTI мутахассислари томонидан олиб борилади. Ушбу тренингларда тижорат банкларининг тахминан 125 нафар ходими малака ошириш, ислом банкчилигининг турли мавзуларида зарур билимларни олиш имкониятига эга бўладилар. Тренинглар ҳар бир банк учун беш кун давом этиши ва халқаро парвозлар учун тақиқлар олинганда ташкиллаштирилиши кўзда тутилган.
Бирлашган Миллатлар Тараққиёт Дастури (БМТД) 2020 йилнинг биринчи ярмида “Ўзбекистонда барқарор тараққиётни молиялаштириш” мавзусидаги тадқиқот доирасида мамлакатда ислом молияси имкониятларини ўрганди ва кенг кўламли сўровнома ўтказди. Ушбу сўровномада 7200 та иштирокчи, жумладан, 2235 та корхона ва тадбиркорлар, 4938 та аҳоли вакиллари ва мамлакатда фаолият олиб бораётган 30 та тижорат банкининг 27 таси қатнашди.
Лойиҳа етакчиси Жаҳонгир Имамназаров тадқиқот юзасидан қуйидаги маълумотларни тақдим этди:
- Сўровномада иштирок этган корхона ва тадбиркорларнинг 60% ва аҳолининг 68% банкдан кредит олмаслигининг асосий сабаби диний қарашлари эканлигини айтганлар.
- Агар Ўзбекистонда ислом молияси муассасалари фаолият юритишни бошласа сўровномада қатнашган 61% корхона ва тадбиркорлар, 75% аҳоли вакиллари уларга мижоз бўлиш истагини билдирганлар.
- Ислом молияси маҳсулотлари қимматроқ бўлса ҳам улардан фойдаланасизми деган саволга 47% корхона ва тадбиркорлар, 55% аҳоли вакиллари ижобий жавоб берганлар.
- Корхона ва тадбиркорларнинг 44%, аҳоли вакилларининг 42% ислом банкларига музораба битими орқали маблағларини йўналтиришга тайёр эканликларини айтганлар.
- Сўровномада қатнашган 27 та тижорат банкларининг барчаси ислом молияси ва банкчилиги жорий қилинишини қўллаб қувватлашини билдирганлар.
Тадқиқот ушбу соҳадаги муаммолар, имкониятлар, саводхонлик ва бошқа масалаларни ҳам ўз ичига олган. Одамларнинг сўз ва истаклари уларнинг қабул қиладиган амалий қарорларидан фарқ қилсада, сўровнома натижалари энг асосий савол – Ўзбекистонда ислом молиясига талаб етарли даражада бўладими-йўқми деган масалага очиқ-ойдин ижобий жавоб берди.
Ишнинг қолган амалий қисми эса аҳолисининг 95% мусулмон бўлган ушбу мамлакатда ҳам ислом молиясини жорий қилиш ва шу билан ушбу соҳа ривожланаётган 40 дан ортиқ давлат қаторига қўшилишга имконият беришдир.
Ислом молияси сайтидан олинди.
Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Тугмани босиш билан дунёнинг исталган нуқтасидаги янгиликдан бохабар бўламиз. Бироқ, бу имконият ўзи билан бирга маънавий инқирозни ҳам олиб келди.
Интернетдаги анонимлик ва чегарасизлик маданиятсизликка йўл очиб берди. Айниқса, сўнгги пайтларда тармоқларда олимларни, зиёлиларни ва ўз соҳасининг мутахассисларини ҳақорат қилиш, уларни обрўсизлантиришга уриниш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
Тарихдан маълумки, қайси жамиятда илм аҳли қадрланса, ўша юрт юксалган. Олим – бу йиллар давомида мисқоллаб билим йиққан, уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнат эвазига шу даражага чиққан ва жамиятга наф келтирадиган шахс бўлиб етишган. Уни ҳақорат қилиш нафақат бир инсонга, балки у ифодалаётган илмга, маърифатга ва тафаккурга қилинган тажовуздир.
Зиёли инсонларни қадрлаш шунчаки инсоний фазилат эмас, балки илоҳий буйруқдир. Қуръони Каримда олимларнинг мақоми ҳақида шундай марҳамат қилинади:
«...Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур...» (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло даражасини баланд қилиб қўйган шахсларни интернетда пастга уришга уриниш, нафақат илмга, балки илоҳий тақсимотга ҳам ҳурматсизликдир.
Олимларни обрўсизлантиришга уринишларнинг бир нечта сабаби бор:
Илмий баҳс-мунозара соғлом жамият белгиси. Агар бирор олимнинг фикрига қўшилмасангиз, унинг фикрларига илмий асосланган раддия ёзинг. Аммо шахсиятга ўтиш, оиласини ёки обрўсини тажовуз ва ҳақорат қилиш, бу заифлик ва маданиятсизлик аломатидир.
Илм аҳлини хор қилган жамиятда барака бўлмайди ва у ерда адолат қарор топмайди.
Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган. Ижтимоий тармоқда ёзилган ҳар бир сўз учун қонун олдида жавоб беришга тўғри келиши ҳам мумкин.
Интернет бизнинг маданиятимиз кўзгуси. Бу кўзгуни ҳақорат ва нафрат билан эмас, ҳурмат ва илм билан тўлдирайлик. Зеро, олимларни асраш келажакни асраш демакдир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби