Қадимда элчилар тили ва гапириш оҳангига разм солиб, ўша халқ маданияти, дини ва урф-одатларини илғаб олишган. Ҳадиси шарифда: “Шеърда сеҳр, баёнда ҳикмат бор”, дейилади.
Яҳё ибн Маоз айтади: “Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарса билан қайнайди, тиллар эса унинг чўмичидир. Бирон киши гапираётганида унга назар солиб турсанг, унинг тили қалбида бор нарсани олиб чиқаётганини кўрасан. Яъни, у дилнинг таъмини баён қилади”.
Қуръони карим саҳифаларини жамлашга киришган ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу энг соф ва чиройли Қурайш лаҳжасини тадбиқ этишга жиддий эътибор берган. Юсуф Хос Ҳожиб: “Тилингни авайла, омондир бошинг, сўзингни авайла, узаяр ёшинг”, дея таъкидлайди.
Қарийб 31 йилдан буён 21 октябрни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаймиз. Бироқ ҳамон кўча эълонлари, дўкон ва ошхоналар пештоқига аксар кишилар тушунарсиз, чет сўзларни ёзади. Айниқса, лотин алифбосига асосланган ёзувимизда “х” ва “h” ҳарфларининг фарқига борилмайди.
Аслида она заминга хизмат қилиш шу каби нарсалардан бошланмайдими? Тилимизни давлат тили даражасига кўтаришга кўп машаққатлар билан эришилган. Аждодларимиз бундан 40 йил олдин ҳам тилимизнинг давлат тили бўлишини орзу қилиб ўтиб кетишган...
Бугун ушбу неъмат қадрига етмай, тилимизни бузиш, хато талаффуз қилиш каби ҳолатларга бефарқмиз. Қадимдан давлатчилиги шаклланган бир миллатлигимиз ва унга бўлган ҳурмат ва бу юртни, миллатни келажак авлодларга соф ҳолда етказиш ҳисси ҳаёлимизга ҳам келмаётгандек... Фақат моддиятни ўйлаяпмизми?
Азим Тошкентнинг мактабларидан бирида таълим берган оғайнимиз ҳикоя қилади: “Ўқувчиларнинг она тили қоидаларини ўрганишга, яъни сўз қурилиши, бирикмаси, имло, тиниш белгилари ҳақидаги билими етарли эмас. Ҳатто еттинчи-саккизинчи синфда ўқиётган боланинг диктант, иншо ёзишда нўноқлиги сезилади. Ачинарлиси, улар ҳали етарли билимга эгамаслигини тан олишмайди. Шу мактабда атиги бир юз йигирмата сўздан етмиш иккита хато қилган саккизинчи синф ўқувчиси олдида мактабнинг директор ўринбосари, тиниш белгиларни хато ҳисобламанг, деганида афсусдан ёқамни ушладим. Мактаб кутубхоналари эса, ҳалигача етарли адабиётлар билан бойитилмаяпти...”.
Кўчада йўл ҳаракатини бузган ҳайдовча ёки йўловчи жаримага тортилади. Ёки жамоа жойларда ҳурматсизлик қилган қонунбузар жазодан холи қолмайди...
Кўча афишалари, реклама тахта ёзувлари, дўконлар тепасидаги ёзувлардаги хатоликлар, ажнабий ёзувларнинг кўпайиб кетганини кўриб, ачиниб кетади киши.
Яқинда олти ёшли жияним “мени салон красотага оборинг”, деб қолди. Ғалати эшитилган бу сўзни тушунмагандай опамга қарадим: “Тоғаси, бу сартарошхонани айтаяпти”, дейди.
Ҳа, аҳамият берсангиз, кўп жойларда ҳар беш-олти ердан тўрттаси “салон красоты” экан. Ё дўкон пештахтасидаги: “2000 hildagi oboylar” деган ёзувга эътибор беринг. Биринчи сўзда “х” ҳарфи ўрнига "h"ни, иккинчисида русча “обой” сўзига ўзбекча “лар” қўшимчасини қўллаган. Ушбу иборани чиройли қилиб, соф она тилимизда “2000 xildagi gulqog’ozlar” деб ёзиш ҳам мумкин эдику!
Шунга ўхшаш йўловчи ташиш машиналаридаги “Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф” каби ибораларга диққат қилинг. Бу ёзувни ўқиган киши йўловчиларга ҳам лицензия бериладими, деб ҳайрон бўлмайдими?
“Салон красоты” атамасига анча кўникиб қолгандирмиз балки. Аммо ўқишни энди ўрганаётган боғча боласи ё мактабга бораётган ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз салон красоты, деб гапириши табиий ҳол бўлиб қолди.
Хулоса ўрнида, ҳар кимнинг инсонийлиги тилига қай даражада эътибор беришига боғлиқ. Зеро, Ҳақ таоло Ўзининг “мутакаллим”, яъни сўзлагувчи деб аталмиш сифатидан башариятга улуш қилиб берган катта неъматни қадрлаб, ундан хайрли мақсадда фойдаланайлик.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, бутун халқимизни юртимизга меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, ушбу қутлуғ айёмда барчамизни Рамазони шарифга мана шундай соғ-омон, бирлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.
Эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.
Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта.
Рамазон ойининг улуғ фазилатлари, ахлоқий-маънавий аҳамияти айнан ана шундай олижаноб ишларда яққол намоён бўлади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётганини таъкидлаш ўринлидир.
Жорий йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада тегишли амалий ишларни бошлаб юборганимиз замирида ҳам ана шундай буюк интилишлар мужассамдир.
Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ва фаровонлиги сифатида намоён бўлади.
Азиз дўстлар!
Қутлуғ заминимиз узра Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғилиб турган мана шундай саодатли кунларда аждодлар хотирасини, уларнинг
эзгу ишлари, хайрли амалларини эслаш ва давом эттириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом дини ва маданияти равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса ёшларимиз ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта.
Улуғ аждодларимизнинг шонли анъаналарига садоқат билан яшаб келаётган халқимизнинг азму шижоати билан ноёб меъморий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳрида – Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий мажмуасини бунёд этиш ишлари якунига етказилганини фахр билан айтиб ўтмоқчиман.
Рамазони шариф кунларида муҳтарам уламоларимиз, илм-фан ва ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ана шу табаррук масканларда буюк азиз-авлиё ва алломаларимиз хотирасига эҳсон дастурхонлари ёзиб, бу муқаддас зиёратгоҳлар эшикларини халқимиз учун кенг очишни режа қилганмиз ва бу ишларни албатта амалга оширамиз.
Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин мамлакатлардаги ватандошларимизга, бутун мусулмон умматига ҳам самимий табрик ва тилакларимизни йўллаймиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи – моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман.
Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Рўза кунларида қилинадиган барча ибодатлар, эзгу ният ва амаллар ижобат бўлсин!
Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти