Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ عِنْدَ كُلِّ صَلَاةٍ، وَلَأَخَّرْتُ صَلَاةَ الْعِشَاءِ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ. فَكَانَ زَيْدُ بْنُ خَالِدٍ يَشْهَدُ الصَّلَوَاتِ فِي الْمَسْجِدِ وَسِوَاكُهُ عَلَى أُذُنِهِ مَوْضِعَ الْقَلَمِ مِنْ أُذُنِ الْكَاتِبِ لَا يَقُومُ إِلَى الصَّلَاةِ إِلَّا اسْتَنَّ ثُمَّ رَدَّهُ إِلَى مَوْضِعِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.
Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим, Хуфтон намозини кечанинг учдан бирига сурар эдим», дедилар.
Бас, Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу намозларга худди мирзалар қулоғига қалам қистириб олгани каби, мисвок қистириб олиб ҳозир бўлар эди. Қачон намозга турса, албатта мисвок қилар ва сўнг яна жойига қайтариб қўяр эди».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.
Бу ҳадисда ҳар намоздан олдин мисвок қилишга ва иложи бўлса, Хуфтон намозини кечанинг охирги учдан бирида ўқишга тарғиб қилинмоқда.
Шу билан бирга, ҳадисни эшитгандан кейин унга қандай амал қилиш ушбу ҳадиснинг ровийcи Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳунинг мисолларида кўрсатилмоқда.
Ҳозир ҳам худди Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳуга ўхшаб, мисвогини ўзи билан олиб юрадиган ва ҳар бир намоздан олдин мисвок қилиб оладиган мусулмонлар бор.
Баъзи уламоларимиз «Ҳар намоздан олдин мисвок қилиш вожиб», деганлар.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: رَكَعَتَانِ بِالسِّوَاكِ أَفْضَلُ مِنْ سَبْعِينَ رَكْعَةً بِغَيْرِ سِوَاكٍ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мисвок билан ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир», дедилар».
Аҳмад ва Дора Қутний ривоят қилганлар.
Шарҳ: Тишни ва оғизни тозалаб юришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Саълабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Муҳаммад Халил ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъуд Музаккар раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганларини эшитдим: “Баъзи улуғлардан бундай ҳикоя келтирилган:
“Мансур ибн Аммор айтади: “Бир хароба жойга кирдим. У ерда қўрқув билан намоз ўқиётган йигитни кўрдим. Ичимда: “Албатта, бу йигитда бир гап бор. Эҳтимол, у Аллоҳ азза ва жалланинг валий дўстларидан бўлса”, дедим. Намоз ўқиб бўлгунича кутиб турдим. Намозидан салом бергач, унга салом бердим. У алик олди. Унга: “Жаҳаннамда бир водий борлигини билмадингиз-ми? Аллоҳ таоло у ҳақида бундай деган:
كَلَّا إِنَّهَا لَظَى
“Йўқ! Албатта у (жаҳаннам) кучли алангадир”.
نَزَّاعَةً لِّلشَّوَى
“Бошнинг терисини сидириб олувчидир”. (Бош териси шилиб олинган дўзахийга Аллоҳ таоло яна янги тери ато этади. Жаҳаннам ўти эса яна уни шилиб олади ва шу тариқа тўхтовсиз давом этаверади.)
تَدْعُو مَنْ أَدْبَرَ وَتَوَلَّى
“У чақирадир; орқага кетган ва юз ўгирганни” (Маориж сураси, 15-17-оятлар).
Оятни эшитган йигит чуқур нафас олди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди, оҳ тортди-ю, ҳушидан кетди. Ўзига келганда, менга: “Яна Қуръон оятидан ўқиб беринг!” деди. Мен:
وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ
“Ёқилғиси одамлар ва тош бўлган” (Бақара сураси, 24-оят) деган оятни ўқидим. Оятни эшитиши биланоқ жони узилиб, ерга йиқилди.
Либосини кўтариб, кўксини очсам, кўкраги устига:
فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ
“Бас, у розилик ҳаётидадир”
فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ
“Олий жаннатдадир”
قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ
“Унинг мевалари яқиндир” (Ҳааққоҳ сураси, 21-23-оятлар) деган оятлар ёзилганини кўрдим.
Кеч бўлгач, уйқуга ётдим. Тушимда уни тўшак устида, бошига тож кийиб ўтирган ҳолда кўрдим. Ундан: “Аллоҳ таоло сени нима қилди?” деб сўрадим. Шунда у: “У Зот менга Бадр аҳлининг савобини берди ва яна зиёда қилди”, деб жавоб берди. Мен яна ундан: “Нега сенга уларнинг савоби мислича савоб берди?” десам, у: “Чунки улар кофирларнинг қиличлари билан ўлдирилдилар. Мен эса Маликул Ғаффорнинг қиличи билан ўлдирилдим”, деб жавоб берди.
Ушбу қиссани олим Ёфиъий “Ровзур раёҳийн фий ҳикаятис солиҳийн” китобида келтирган.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан