Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Март, 2026   |   18 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:31
Қуёш
06:49
Пешин
12:39
Аср
16:35
Шом
18:24
Хуфтон
19:36
Bismillah
07 Март, 2026, 18 Рамазон, 1447

2. БАҚАРА СУРАСИ, 120–121 ОЯТЛАР

12.09.2020   9337   2 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 120–121 ОЯТЛАР

وَلَن تَرۡضَىٰ عَنكَ ٱلۡيَهُودُ وَلَا ٱلنَّصَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمۡۗ قُلۡ إِنَّ هُدَى ٱللَّهِ هُوَ ٱلۡهُدَىٰۗ وَلَئِنِ ٱتَّبَعۡتَ أَهۡوَآءَهُم بَعۡدَ ٱلَّذِي جَآءَكَ مِنَ ٱلۡعِلۡمِ مَا لَكَ مِنَ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٍ١٢٠

120. Яҳудийлар ва насронийлар динларига кирмагунингизча асло сиздан рози бўлишмайди. "Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқийдир!", денг. Қасамки, агар сизга ҳужжат келганидан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига кўнсангиз, Аллоҳ тарафидан дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам бўлмайди.

Яъни, эй Пайғамбар, сиз яҳудий ва насронийларнинг динингизга осонгина киришларидан умид қилманг, аксинча уларнинг динига кирмагунингизгача асло сиздан рози бўлишмайди. Бордию уларнинг хоҳишларига кўнгудай бўлсангиз, Аллоҳ ўз ҳолингизга ташлаб қўяди, сизга ҳеч қандай ёрдам бермайди. Муфассирлар бундай дейишади: “Яҳудий ва насронийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яраш-сулҳ битими тузишни сўрашди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан муроса қилиб муҳлат берсалар, у кишига эргашишларини, кўрсатмаларига мувофиқ яшашларини билдиришди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай дейди: "Бу оят қибла ҳақидадир. Мадина яҳудийлари ва Нажрон насоролари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларнинг қибласига қараб намоз ўқишларидан фахрланишарди. Аллоҳ қиблани Каъба тарафга ўзгартиргач, бу уларга оғир ботди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бирор нарсада бўлсин, динларига мос келишидан умид узишди. Шунда Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди".

ٱلَّذِينَ ءَاتَيۡنَٰهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ يَتۡلُونَهُۥ حَقَّ تِلَاوَتِهِۦٓ أُوْلَٰٓئِكَ يُؤۡمِنُونَ بِهِۦۗ وَمَن يَكۡفُرۡ بِهِۦ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ١٢١

121. Биз Китоб берганлар унинг ҳаққини адо этиб ўқишади, ўшалар имон келтиришади. Ким уни инкор қилса, ана шулар зиёнкорлардир.

Аҳли китоблардан баъзилари инсофли бўлишгани учун ўз китобларини яхши фаҳмлаб-англаб ўқишар эди. Улар Ҳақни таниб, Қуръони каримга имон келтиришганди. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Салом каби олимлари ҳам бўлган. У киши бир неча сафдошлари билан бирга Исломга кирган. Ато ва Калбийдан ривоят қилинишича, оят Ҳабашистондан Жаъфар ибн Абу Толиб билан келган денгизчилар ҳақида нозил бўлган. Улар Ҳабашистон ва Шом аҳлларидан иборат қирқ киши эди. Заҳҳок: "Бу оят имон келтирган яҳудийлар ҳақида тушган" деса, Икрима ва Қатода: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида нозил бўлган", дейишади.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Анъом сураси фазилатлари

06.03.2026   6415   6 min.
Анъом сураси фазилатлари

Анъом сураси Қуръони Каримнинг олтинчи сураси бўлиб, у Маккада нозил бўлган, бир юз олтмиш беш оятдан иборат. Анъом – "Чорва моллари" деганидир. Сурада бир неча оятлар чорва моллари ҳақида келганлиги сабабли у Анъом деб номланган. Қуръони Каримда Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланувчи беш сура бўлиб, улардан биринчиси Фотиҳа бўлса, иккинчиси Анъом сурасидир.

Сурада Ислом ақидаси асослари, Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлиги, шариат аҳкомлари, жумладан, оилавий масалалар, ҳайвонлар ва унинг гўшти ҳақидаги масалалар, жиҳод аҳкомлари, ғайридинларга доир кўрсатмалар, қиёмат, охират, пайғамбарлар, дунё ва ҳаёт моҳиятига тааллуқли маълумотлар баён қилинган.

Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида ҳадисларда ҳам кенг баён қилинган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Анъом сураси нозил қилинаётганда Жаброил алайҳиссалом билан бирга тушган фаришталар кўплигидан ер билан осмон орасини тўсиб қўйган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарнинг баланд овозда тасбеҳ айтаётганини эшитиб, у зот алайҳиссалом ҳам тасбеҳ айтган ва Аллоҳга сажда қилган" (Имом Муслим ривояти).  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Анъом сураси нозил бўлаётганда фаришталар саф тортиб, тасбеҳ айтиб туришди, уларнинг жуда кўплиги туфайли ер ҳам силкинди", дедилар. Шу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло барча айбу-нуқсонлардан покдир, Унга ҳамду санолар бўлсин", деб тасбеҳ айтди.

 Восила ибн Астоъ ал-Лайсийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тавротни ўрнига менга еттита узун сура берилди", дедилар. Ушбу суралардан бири Анъом сурасидир.

Ушбу сура ҳақида муфассир олимлар фикрлари:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Маккада тўлалигача нозил қилинган. Унинг атрофида етмиш минг фаришта тасбеҳ айтиб турган”, деганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Қуръони Каримдаги энг сара фазилатли суралардан биридир” деганлар.

Сурада бошқа самовий динларда ҳам буюрилган айрим шаръий ҳукмлар келган бўлиб улар қуйидагилар:

  • Аллоҳга ширк келтирманг;
  • Ота-онага яхшилик қилинг;
  • Фарзандларингизни очликдан қўрқиб ўлдирманг, чунки уларни ҳам сизларни ҳам биз ризқлантирамиз;
  • Фаҳшнинг ошкорасига ҳам маҳфийсига ҳам яқинлашманг;
  • Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирманг;
  • Вояга етмагунича етимнинг молига яқинлашманг,ноҳақ йўл билан уни еманг;
  • Мезон, яъни тарозу ва ўлчовни адолат билан адо этинг;
  • Биз инсонларга тоқатидан ташқари нарсани буюрмаймиз;
  • Гапирсангиз фақат ҳақ ва тўғри гапни гапиринг;
  • Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг;
  • Мен буюрган тўғри йўлга эргашинг, фирқаларга бўлиниб бошқа йўлга эргашманг, акс ҳолда тўғри йўлдан адашиб кетасиз.

Шунингдек, сурада Аллоҳ таъало инсонларни энг катта зулм - ширкдан сақланишга буюради. Ширк сабабли инсон барча қилган хайрли амаллари савобидан айрилади, дунё ва охиратда зиён кўрувчилардан бўлади.

Сурадан келган айрим оятлар билан танишамиз:

"Ҳамд осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир" (1-оят). Яъни еру-осмондаги барча нарса ва махлуқотлар доимо Аллоҳга ҳамд айтиб туради. Буни инсонлар кўрмайди, эшитмайди ва ҳис қилмайди. Ҳамд фақат оламлар робби Аллоҳгадир.

"Улардан олдин неча аср (кишилари)ни ҳалок этганимизни кўрмадиларми?! Уларга Ерда сизларга бермаган имкониятларни бердик, устиларига осмон (ёмғир)ни ёғдирдик ва остиларидан анҳорларни оқизиб қўйдик. Сўнгра гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва улардан кейин бошқа аср (кишилари)ни келтирдик" (6-оят).

Ушбу оятда тарихда яшаб ўтган аввалги қавмлар ҳаётини ўрганиш орқали улардан ибрат олишга, ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга, яхши амалларни қилиш ва ёмонликлардан қайтишга чақирилади.

"Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир" (59-оят).

Бу оятда ғайб илмларини Аллоҳ таолонинг ўзигина билур дейилмоқда. Пайғамбарларнинг ҳам фақат айримларига бу илмдан ато этилган. Оятда Аллоҳ таолонинг азалий  “илм” сифати билан ошкораю-пинҳона нарсалардан доимий равишда огоҳ экани билдирилмоқда. Шу илмига биноан қиёматгача бўладиган ишларни “Лавҳул-маҳфуз”га олдиндан битиб қўйган. Инсонлар тақдирини Аллоҳ таоло буйруқ тариқасида эмас, балки васф ва таъриф сифатида ёзган. Масалан, фалон кимса ўз ихтиёри билан шайтон васвасасига берилади, деб ёзилган. “Берилсин!” деб ёзилмаган. Акс ҳолда банда жавобгар бўлмас эди.

"Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай" (160-оят).

Ушбу оят шарҳида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис келтирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир яхшилик қилишни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга битта яхшилик ёзилади, агар уни қилса, унга ўнта яхшилик ёзилади. Ким бир ёмон ишни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга ёмонлик ёзилмайди. Агар ўша ишни қилса, унга битта ёмон амал қилгани ёзилади", дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади

Мақолалар