(ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ)
«Оила мен учун муқаддас. Муқаддаслиги шуки, авваламбор қаерда ишлашидан қатъи назар, ким бўлишидан қатъи назар агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, тарбияга алоҳида эътибор бермаса, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Шунинг учун мен фарзандларимнинг тарбиясига жуда катта эътибор бераман. Ҳар бир фарзандимга ҳам, неварамга ҳам алоҳида ўзимнинг муносабатим бор. Ҳар бир неварамнинг алоҳида характерини биламан, орзусини, истагини биламан»,
Ш.Мирзиёев
Исломда балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш қатий лозим, деган гап йўқ.
Янги қурилаётган ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, ундан соғлом авлод дунёга келиши, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бошқа шу каби ҳаётий масалалар. Ана шу илк қадам – қизларимизнинг вояга етиб, турмушга чиқиши билан бевосита боғлиқдир.
Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни ҳаётга тайёрламай турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяпдилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт.
Зеро, оилада йигит ва қиз ўз вазифа ва масъулиятларини адо этишлари, соғлом зурриётларни дунёга келтиришлари учун аввало ўзлари соғлом бўлишлари керак. Ҳозирга келиб тиббий кўрикнинг аҳамиятини аксарият ота-оналар тушуниб етдилар. Аммо шундай бўлса-да, “Ҳали турмушга чиқмаган ёш қиз турли йўналишдаги шифокорларга учраб юришининг нима кераги бор?” деб тор мулоҳаза юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай фикрлаш сабабли тиббий кўрикнинг талаб даражасида ўтказилишига эътибор бермай, гиёҳвандликка берилган ёки наслий касаллиги бўлган куёвга узатиш оқибатида бахтсиз қолган қизлар, пушаймон чеккан ота-оналар ҳаётда учраб турибди.
Аксарият эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлик кузатилади. Бу ҳол келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслиги, ҳомиладорлик оғир кечишига, гўдаклар нобуд бўлиши ёки ногирон туғилишига, туғуруқдан кейинги турли асоратларга, ҳатто бепуштликка олиб келиши мумкинлигини шифокорлар таъкидлайди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти). Зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, бека, жамият аъзоси сифатидаги вазифаларини тўкис адо этишга қийналади. Насл-насабимизнинг бевосита давомчилари бўлмиш фарзанд-набираларимизни вужудга келишида қиз ва йигитларимиз ҳар томонлама баркамол, соғ-саломат бўлишларининг аҳамияти катта эканлигини унутмайлик. Шундан келиб чиққан ҳолда, бўлажак келин ва куёвларимизни “ҳаёт” деб аталмиш ва айни вақтда катта масъулият ва бурчга асосланган мустаҳкам оила қуриш ишига пухта тайёрлашимиз зарур. Бахтли ва саодатли келажак гарови бўлган мустаҳкам оила, соғлом она ва бола масъулиятига ҳеч қачон бепарво ва лоқайд бўлмайлик. Айниқса, бўлажак она, мураббия, оила бекаси бўладиган қизларимизни турмушга беришдан олдин тарбияси, соғлиғи, касб-ҳунар ўрганиши, яхши маълумотли бўлиши, оила, қайнона ва эри билан бўладиган муносабат ва муомалалар, бурч ва вазифаларини яхши билиши йўлида кўпроқ бош қотирайлик ва ҳаракат қилайлик. Ёшлар ўрта умумтаълим мактаби таълимини олишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Муҳими, илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандининг комил инсон бўлишига интилади.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Никоҳ икки дунё саодатига йигит ва қизни бирга элтувчи муқаддас ришта бўлсин.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(3-қисм)
УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:
Þ Ҳар бир ҳаракатларимизни Худо кўриб турганини доим эсда тутишлик даркор!
Þ Ҳатто илм ҳам гўзал инсонийлик учун кифоя қилмайди. Чунки инсоннинг гўзаллиги унинг одоб-ахлоқи билан намоён бўлади.
Þ Уламолар фақат илмнинг ўзи олимга наф бермаслигига, балки унинг одоб билан зийнатланиши зарурлигига шайтонни мисол қилиб келтирганлар. Яъни шайтонда ҳам илм бўлган, аммо унда гўзал ахлоқ бўлмаган. Шунинг учун одоб инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи мезон ҳисобланади.
Þ Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб берган.
Þ Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талаби!
Þ Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматлари.
Þ Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади.
Þ Мошинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.
Þ Жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади.
Þ Чунки йўл ҳаракати қоидаларидан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – вожиб саналанади.
Þ Мошина ҳайдаш, автоулов бошқариш учун белгиланган тартибда, ўрнатилган қоидаларга мувофиқ тегишли ташкилот томонидан берилган расмий ҳужжат (ҳайдовчилик гувоҳномаси, махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни ҳайдаш яхшиликка олиб келмайди.
Þ Ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни бошқаришнинг оқибати ҳайдовчи инсоннинг ўзи учун ҳам, оила аъзолари учун ҳам, бошқа одамлар учун ҳам жуда аянчли, ўта зарарли ва ниҳоятда ачинарли бўлиб, баъзи ҳолатларда эса бу дунёдан тезроқ кетишига ҳам сабаб бўлади.
Þ Ўзини таниган, ақл-заковатли, узоқни кўзлаган, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларига зарар етказишни хоҳламаган инсонлар ўзларини эҳтиёт қилиб, автоуловни ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома)сиз бошқаришдан жиддий ва қаттиқ сақланадилар.
Þ Шаръий қоидаларимизга кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади.
Þ Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.
Þ Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни “йўлнинг ҳаққи” деганлар: “кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликга буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Муттафақун алайҳ).
Þ Ҳадиси шарифдаги “азият” сўзи кўп нарсаларни ўз ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир. Айниқса ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир!
Þ Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда шундай деганлар: “Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир” (Муттафақун алайҳ).
Þ Очиқ ойдин гуноҳ қиладиган одамни “фосиқ” дейилади. Бир мусулмонни жонига қасд қилиш катта гуноҳлигини билиб туриб, уни қонини ҳалол санаш – куфрдир.
Þ Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида мошинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки мошина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Мошина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи мошинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин, жавобгар бўлади.
Þ Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади.
Þ Мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби эканлигини инобатга олиш лозим.
Þ Бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.
Þ Асло шошилиб юрманг! Ҳалокат учун 100 мартта эмас, 1 мартта хатога йўл қўйиш қифоя қилади.
Þ Беш (5) нарсада шошилиш тавсия этилади:
1) Меҳмонга овқат тортишда.
2) Қарзни узишда.
3) Маййитни кўмишга ҳозирлашда.
4) Қизни турмушга чиқаришда.
5) Гуноҳдан тавба қилишда.
Þ Аёллар, ёшлари катталар, ёш болалар ва ногиронлар йўлдан ўтаётганда имкон қадар уларга йўл бериш ва уларни чўчитмасликка бор куч билан ҳаракат қилиш керак! Зеро ҳадиси шарифларда “Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади” дейилади.
Þ Йўлда билиб-билмай сизга озор етказган инсонга жавоб қайтаришга ҳаракат қилманг!
Ислом одоби ёмонлик қилганга ёмонлик қайтаришга буюрмайди!
Балки яхшилик қилишга буюради!
Þ Агар ўз ҳаётингиз қадрига етмасангиз, сиз билан бўлган ҳамроҳларингиз ҳаётини, мошинангиз атрофидагиларни ҳаётларини ўйланг! Ваҳоланки, ўз ҳаётингиз қадрига етмасликка ҳам ҳаққингиз йўқ!
Þ Кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомошинада ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади.
Þ Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилишлари лозим.
Þ Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.
Þ Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларнинг телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш-эшитиш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланишлари мутлақо ман этилади.
Þ Муборак динимизнинг йўл ҳаракатидаги ЭНГ АСОСИЙ 4 (тўрт) та талаби:
1) Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этиш;
2) Йўлда юриш одобларини сўзсиз бажариш;
3) Бир-бирларига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилиш;
4) Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўриш.
Þ Шариат ман этган нарсаларни истеъмол қилиб автомобилни бошқаришда бандасидан эмас, гуноҳи икки карра бўлишидан аввало Худодан қўрқиш керак!
Þ Имкон қадар фарзандларига ҳам мошина ҳайдашни ўргатмоқлик лозим.
Þ Бировнинг шахсий мошинасига минган одам худди унинг уйига кирган кабидир. Ўзини шунга хос ва мос тутиши лозим.
Þ Ким мусулмон?!?
Мусулмон киши ким ўзи аслида?!?
Бунинг жавобини Жаноби севикли Пайғамбаримиз Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўргатиб, муборак таълим-тарбияларини бердилар: «Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир» (Имом Бухорий ривоятлари);
Þ Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинани кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!
Þ Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинага ҳасад эмас, ҳавас билан, ўзидан пастроққа эса меҳр билан қараш даркор, Яратганга шукр ва истиғфорни кўпайтириш лозим.
(3 – қисм тугади. Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов.