Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўп одамлар алданиб, ундан унумли фойдалана олмайдиган икки неъмат бор – соғлик ва бўш вақт», дедилар.
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Агар Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кирса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаларини – ибодат билан – бедор ўтказар, аҳли-оиласини ҳам уйғотар, ибодатда қаттиқ тиришар ва аёлларига яқинлик қилмасдилар».
Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одам боласи қиёмат куни беш нарсадан сўралмагунича Роббиси олдидан унинг қадами жилмайди: Умрини қандай кечирди, йигитлик даврини нима билан ўтказди, молини қаердан топдию, қаерга сарфлади ва билган нарсаларига қандай амал қилди».
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким қўрқса, тунда юради, ким тунда юрса манзилга етади. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг матоси қимматдир. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг матоси жаннатдир”.
Ҳаёт вақтлардан иборат, ким вақтини бекор ўтказса, ҳаётини бекор ўтказибди. Салафлардан бири: “Эй Одам фарзанди, сен вақтлардан иборатсан, агар бир кунинг ўтса, сенинг бир қисминг кетибди”, деган эканлар.
Айтишларича, Қиёмат куни ҳаётини ибодат билан ўтказган инсон тасбеҳ айтмаган баъзи нафасларига афсусланар экан. У Кунда бутун умрини бефойда ўтказган кишининг ҳоли нима бўлар экан-а?! Дарвоқе, жуда кўп одамлар бўш вақтларидан унумли фойдаланишмайди. Баъзи одамлар бекор вақтини ўтказадиган нарса (бозор айланиш, кино кўриш, интернетда чатлашиш кабилар)ни топганидан хурсанд бўлса, бошқалари вақтини гуноҳ-маъсиятда ўтказиб роҳатланишади.
Унутманг! Вақтларни унумли ўтказиш ва ғанимат билиш вожибдир. Зеро, ўтиб бораётган вақт асло ортга қайтмайди.
И.Бўтаев,
Олтиариқ тумани “Сертутбуво” масжиди имом-ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Ихлос ва тақво
Рўза – Аллоҳ учун қилинган ибодатдир. Унда риё ва намойишкорлик бўлмайди, чунки рўза тутган одамни фақат Аллоҳ билади. Қуръонда бундай дейилган: “Эй иймон келтирганлар! Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақволи бўлсангиз!” (Бақара, 183).
2. Сабр ва ирода кучини мустаҳкамлаш
Рўза инсонни нафсига қарши мустаҳкам қилиб, унинг иродасини кучайтиради. Очлик ва чанқоққа сабр қилиш орқали киши ҳаётдаги бошқа синовларга ҳам чидамли бўлади.
3. Шукр ва қадриятни англаш
Инсон одатда неъматларнинг қадрини уни йўқотганда билади. Рўза тутиш орқали киши таом, сув ва бошқа неъматларнинг аҳамиятини ҳис қилади ва Аллоҳга шукр қилишни ўрганади.
4. Ҳақиқий бойлик тақвода эканини тушуниш
Рўза тутган одам, хоҳ у бой ёки камбағал бўлсин, бир хил аҳволга тушади. Бу эса инсонга моддий бойликдан кўра маънавий бойлик муҳимроқ эканини кўрсатади.
5. Соғлиқ ва тиббий фойдалари
Рўза организмни тозалайди, ҳазм тизимини дам олдириб, турли касалликлардан ҳимоя қилади. Илмий тадқиқотлар рўзанинг токсинларни йўқотишга ва метаболизмни яхшилашга ёрдам беришини кўрсатган.
6. Рўза ва ижтимоий бирдамлик
Камбағаллар ва муҳтожларнинг аҳволини ҳис қилиш орқали инсонда меҳр-оқибат, хайрия ва закот бериш ҳисси уйғонади. Бу жамиятда ҳамдардлик ва бирдамликни мустаҳкамлайди.
7. Дуоларнинг қабул бўлиши
Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди, чунки у Аллоҳ учун сабр қилиб, унинг розилигини истаган ҳолда ибодат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта одамнинг дуоси рад этилмайди: рўзадорнинг ифтор вақтидаги дуоси, одил подшоҳнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси” (Имом Термизий ривояти).
8. Руҳий покланиш
Рўза нафақат жисмоний, балки руҳий покланишдир. У инсонни гуноҳлардан тийишга, яхши хулқ-атворга, гуноҳ ва ёмонликлардан узоқлашишга ўргатади.
Рўза инсон ҳаётининг барча жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатувчи улкан ибодатдир. У нафақат савобли амал, балки инсонни маънавий ва жисмоний жиҳатдан юксалтирувчи буюк ҳикматдир.
Аллоҳ барчамизга рўзанинг ҳақиқий ҳикматларини англаб, уни чуқур ҳис қилишни насиб этсин!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ