Истанбулда пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллуд саналарига бағишлаб ал-Мавлид ан-Набий анъанавий исломий санъат кўргазмаси очилди.
Туркия диний жамғармасининг Аёллар, оила ва ёшлар маркази томонидан ташкил этилган кўргазма Долмабоғча саройининг санъат галереяси (Сарой коллекциясининг музейи)да ўтказилмоқда.
"Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ гўзал ва гўзал нарсаларни севади ҳамда гўзал нарсаларни кўрсатиш, гўзал нарсаларга қараш ва гўзал нарсаларни яратишни маслаҳат берганлар" деди кўргазманинг очилишида Туркия дин ишлари вазири Али Эрбаш.
Кўргазма 200 га яқин асардан иборат бўлиб, уларда 50 нафар талаба ва 8 та Туркия диний жамғармаси Аёллар, оила ва ёшлар марказининг санъат мактаблари усталари қатнашмоқда. Эбру техникаси, хаттотлик, чинни кулолчилиги, миниатюралар, чарм буюмлари, “тезхип” олтин билан ёзиш ва бошқалар ёрдамида яратилган саккизта санъат йўналиши намойиш этилган.
Кўргазма 8 дан 13 ноябргача, душанбадан ташқари соат 09:00 дан 17:00 гача ишлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?
Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?
Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?
Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?
Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?
Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?
Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?
Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.
Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?
Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?
Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.
Даврон НУРМУҲАММАД