Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

31.07.2019   7611   2 min.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

Мўътазилийлар ҳижрий иккинчи – милодий саккизинчи асрда ҳукуматни бошқараётган даврда “Қуръонни махлуқ дедириш” сиёсати авж олди. Халифа Маъмун олиму уламоларни саройига чақиртириб, уларга мажбуран “Қуръон махлуқ” деган гапни айттиришга уринди. Баъзи олимлар таъриз – сўз ўйини билан вазиятдан қутулиб қолдилар. Аммо уламолар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдек ҳақда собит туриб, у гапни умуман тилга олмаганлар ҳам бўлди.

Халифанинг ёнидаги баъзилар “Аҳмад ибн Ҳанбални ҳамма яхши кўради ва унга эргашади. Шунинг учун “Қуръон махлуқ” деган гапни аввал унга айттириш керак” дея маслаҳат беришди. Халифа бу маслаҳатга амал қилиб, буюк олимни саройига олиб келтирди ва мазкур гапни айттиришга уринди. Улуғ имом бу гапни айтмадилар. Ғазаб отига минган халифа буюк олимни зиндонга ташлади ва дарра уришга амр қилди.

Кунларнинг бирида дарра уриш учун имомни ташқарига олиб чиқиб кетилаётганда бир воқеа бўлади-ки, бу ҳодиса Имом Аҳмаднинг хотираларидан ҳеч қачон кетмади. Воқеани имомнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳикоя қилади:

“Мен отамнинг мана бу гапларини кўп эшитганман: “Аллоҳ Абул Ҳайсамни раҳматига олсин! Аллоҳ Абул Ҳайсамни афв этсин! Дарра уриш учун мени ташқарига олиб чиқиб кетишаётганда, бир киши ортимдан кийимимни тортди ва менга қараб: “Мени танийсизми?” деб сўради. Мен “Йўқ” дедим. “Мен Абул Ҳайсам Айёрман. Ўғри, киссовурман. Амирул мўъмининнинг девонхонасида менга алоҳида-алоҳида тарзда ўн саккиз минг марта дарра урилгани ёзиб қўйилган. Мен шайтонга эргашиб, дунёга эришиш илинжида бу оғриқларга сабр қилдим. Сиз эса Раҳмоннинг тоати йўлида, Дин учун оғриқларга сабр қилинг!” деди. Менга ўн саккиз минг марта ўрнига ўн саккиз марта дарра урилди. Кейин ходим чиқиб, “Амирул муъминийн сизни афв этди” деди”.

“Маноқибу Имом Аҳмад”, “Сифатус софва” китоблари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон – зиёрат туризм ўчоғи

05.05.2025   1215   5 min.
Ўзбекистон – зиёрат туризм ўчоғи

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ислом дунёси харитасидаги энг муҳим нуқталардан бири саналади. Унинг қадимий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро, Термиз, асрлар давомида нафақат савдо ва илм-фан марказлари бўлиб хизмат қилган, балки мусулмон оламининг барча бурчакларидан зиёратчиларни ўзига жалб этган муқаддас масканларга айланган.


Бугунги кунда Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида тобора кўзга ташланаётган йўналишга айланмоқда, бунда маънавий мерос, бой тарих ва меҳмондўстликнинг ноёб уйғунлигини тақдим этмоқда. 


Буюк алломалар ва авлиёлар замини 


Ўзбекистонга зиёратчиларни жалб этадиган энг муҳим омиллардан бири - бу машҳур ислом уламолари, шайхлар, сўфий устозлар ва солиҳ инсонлар билан боғлиқ кўплаб мақбаралар ва зиёратгоҳларнинг мавжудлигидир. Бу ерда буюк Имом ал-Бухорийнинг мақбараси жойлашган. У машҳур “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламининг муаллифи бўлиб, бу асар аҳамияти жиҳатидан фақат Қуръони каримдан кейинги ўринда туради. Самарқанд яқинида жойлашган унинг мақбараси бутун дунё мусулмонлари учун муҳим зиёратгоҳга айланган. 

 


Бухорода ислом оламининг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш мумкин. Унинг таълимоти кундалик ҳаётда ботиний покланиш ва ибодат қилишнинг аҳамиятини таъкидлаган бўлиб, Ҳиндистондан то Яқин Шарққача бўлган мусулмонлар тафаккурига чуқур таъсир кўрсатган.


Бундан ташқари, Ўзбекистон Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий, Имом Марғузий каби буюк алломаларнинг ватанидир. Уларнинг асарлари диний фалсафа, шариат илми ва ҳадисшуносликнинг пойдеворини ташкил этган. Бу алломаларнинг мақбараларини зиёрат қилиш нафақат маънавий эҳтиром кўрсатиш, балки ислом илмининг илдизларига яқинлашиш имкониятидир.


Маънавий саёҳатлар учун замонавий инфратузилма


Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти зиёрат туризмини фаол ривожлантириб, ислом мамлакатларидан ташриф буюрадиган меҳмонлар учун инфратузилма ва шароитларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Масжид, мақбара, мадраса ва бошқа муқаддас жойлар асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда таъмирланмоқда. Уларнинг атрофида қулай шароитлар яратилмоқда: меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, қулай транспорт воситалари, араб, инглиз, форс ва бошқа тилларда хизмат кўрсатувчи таржимонлар ҳамда гидлар иштирокидаги саёҳат дастурлари ташкил этилмоқда.


Форс кўрфази мамлакатларидан келган зиёратчилар учун сафар давомидаги барча диний ва маданий жиҳатларни инобатга олган ҳолда махсус зиёрат дастурлари ташкил этилади. Ўзбекистон нафақат оддий саёҳат қилинадиган мамлакат, балки ҳар бир мўмин-мусулмон эҳтиром ва тарихий ворислик руҳини ҳис эта оладиган ҳақиқий маънавий тикланиш марказига айланмоқда.

Маданий ва диний бойликлар 


Ўзбекистонга зиёрат қилишнинг ўзига хос жиҳатларидан бири ислом цивилизациясининг маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятидир. Самарқанддаги Регистон, Бухородаги Пои Калон мажмуаси, Хивадаги Ичан-қалъа каби меъморий ансамбллар ўзининг улуғворлиги ва маънавий теранлиги билан кишини ҳайратга солади. Бу ёдгорликлар араб хаттотлиги, геометрик нақшлар, гумбазли меъморчилик ва Шарқ фалсафаси уйғунлашган бой ислом санъатининг ёрқин намунасидир. 


Бу ерга зиёрат қилиш нафақат диний саёҳат, балки Самарқанд ва Бухоро ўз аҳамияти жиҳатидан Бағдод, Қоҳира ва Қуртуба билан тенг бўлган Исломнинг Олтин даври тарихига маданий чўмиш ҳисобланади. 


Ўзбекистон - Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк 


Ўзбекистон тарихан цивилизациялар чорраҳасида жойлашган. Бу хусусият кўп миллатли ва кўп конфессияли маданиятнинг ривожланишига туртки бўлди, бу ерда ислом нафақат дин, балки цивилизация бирлигининг асосига айланди. Бугунги кунда республика Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий ва маънавий кўприк вазифасини бажаришни давом эттирмоқда.


Бу, айниқса, ҳақиқий маънавий қадриятларга, ҳаёт маъноси ва ички мувозанатни излашга қизиқиш ортиб бораётган замонавий дунёда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон ўз меҳмонларига айнан шундай йўлни - меҳр ва ҳурмат билан сақланиб келинаётган буюк исломий мерос билан танишиш орқали илдизларга, ҳақиқатга, Аллоҳга эришиш йўлини таклиф этади.

Араб мамлакатларидан келган мусулмонлар учун Ўзбекистонга қилган сафар шунчаки саёҳат эмас, балки ҳақиқий маънавий кашфиётга айланиши мумкин. Бу ислом тарихининг кам маълум, бироқ улуғвор жойларини ўзлари учун кашф этиш, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш, қардошлик, бирдамлик ва исломий ҳамжиҳатлик муҳитига шўнғиш имкониятидир.


Ўзбекистон нафақат исломий меросни сақлаб қолмоқда, балки уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқда, одамларни маънавиятни излашга, тарихни ҳурмат қилишга ва мусулмон халқлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга илҳомлантириб келмоқда.


Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА

Ибратли ҳикоялар