Чилонзор туманидаги Сўгалли ота зиёратгоҳи ёнида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қурилишини бошлатган масжид узоқ йиллар қаровсиз ҳолда қолиб кетган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили февраль ойида бу ерга келиб, масжидни кенг ва кўркам қилиб қуриш бўйича топшириқлар берган эди.

Бугун 2 гектардан зиёд майдонда улкан мажмуа бунёд этилди. Аввалги лойиҳадаги айвон ўрни ҳам масжид биносига қўшилиб, янада кенгайтирилди. Мажмуадан, шунингдек, конференц-зал, ўқув хоналари, таҳорат хона, музей ва бошқалар жой олган. Йўл бўйидаги Сўгалли ота мақбараси таъмирланган. Бетон қолдиқлари чиқариб ташланиб, кўкаламзорлаштирилган.

Маълумки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлган. Турли диний-маърифий мавзуларда юздан зиёд китоблар ёзиб, ислом дини моҳиятини тўғри етказиш, одамларнинг билим ва маънавиятини оширишга катта ҳисса қўшган.

Президентимиз бу масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб бўлганини таъкидлади. Шайх ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берилди.










Манба: https://president.uz
Хорижий давлатларга ишлаш, малака ошириш ёки ўқиш мақсадида бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олиш, диний-миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва она Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни кунларда бир гуруҳ тажрибали уламо ва имом домлалар Жанубий Кореяда хизмат сафарини давом эттирмоқда. Жумладан, Фатво маркази бош мутахассиси Саиджамол Масайитов, Тошкент шаҳридаги “Оқ уй” масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжонов, "Абу Сахий” масжиди имом-хатиби Зиёвуддин домла Мирсодиқов, Наманган шаҳридаги “Саид Азим Хўжа” масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур домла Насриддинов ва Бухоро вилояти Ромитан тумани бош имом-хатиби Отабек домла Раҳимов ватандошлар билан мулоқотлар қилмоқда. Ушбу сафарда Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Беҳзод Соипов ҳамроҳлик қилмоқда.
Имом-хатиблар Жанубий Кореядаги бир неча масжидларда юзлаб ҳамюртларимизга ҳалол ризқ топишнинг фазилатлари, ёт ғоялардан сақланиш, юртга садоқат, ота-онага ҳурмат, фарзанд тарбияси, омонатга риоя қилиш каби мавзуларда маърифий суҳбатлар ўтказишмоқда.
Ватандошларимиз бундай эътибор ва манфаатли маърузалардан мамнун бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати