Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Феврал, 2026   |   3 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:11
Пешин
12:42
Аср
16:20
Шом
18:07
Хуфтон
19:19
Bismillah
20 Феврал, 2026, 3 Рамазон, 1447

Биз золим қавммиз(ми)...?

08.04.2019   2996   4 min.
Биз золим қавммиз(ми)...?

Нега инсонларда меҳрдан кўра қаҳр, сокинликдан кўра жаҳл ва ғазаб тез шаклланади? Нега инсонларда ўзгаларга (айниқса ўзидан заифроқларга)  нисбатан зулмкорлик кайфияти тез ривожланади? Америкалик олимлар ана шу масалага ойдинлик киритиш учун моҳиятан анчагина шафқатсиз ижтимоий тажриба ўтказишди. Бу тажриба мутлақо кутилмаган натижа келтирди...

Стэнфорд университетининг руҳшунослик бўлими ертўласида ўзига хос қамоқхона жиҳозланди. Тажрибада илгари судланмаган, хушмуомала, анчайин уятчанг, тартиб-интизомли одамлар кўнгиллилар сифатида қатнашдилар. Улар икки гуруҳга бўлиниб, ярми маҳбус, қолганлари эса турма назоратчилари “роли”га киришдилар.

Тажриба шартига биноан, “турма”даги ижтимоий-маиший шароитлар мунтазам оғирлаштириб борилиши керак эди. Биринчи кечадаёқ “маҳбус”лар исён кўтаришди. Бу норозилик “назоратчилар” томонидан шафқатсизларча бостирилди. Ҳар икки гуруҳ аъзоларининг феъл-атворида “рол”га мос салбий хусусиятлар пайдо бўла бошлади. Назоратчилар маҳбусларни қийнашнинг янги-янги усулларини ўйлаб топишга киришдилар: овқатдан маҳрум қилиш, ҳожатхонадан фойдаланишни таъқиқлаш ва ҳоказо.

Атиги бир ҳафтадан сўнг, кўнгилчан, хушмуомала одамлар, хўмрайган ва қаҳрли “зек”лар ҳамда муросасиз назоратчиларга айланишди.

Шартлари ва муҳитининг ўта шафқатсизлиги боис, тажрибани муддатидан олдин тўхтатишди. “Маҳбуслар” бундан беҳад шодланган бўлсалар, “назоратчилар” ҳаммаси бунчалик тез тугаганидан афсусланишди...

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Бир-бирига зулм ўтказишга мойиллик инсон руҳиятининг туб-тубида “мудраб” ётадими?

Юқоридаги тажриба шундан дарак бермаяптими? Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтганда :    

Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Инсонни тупроқдан ясаб жон киритган Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзимиздан минг чандон зиёдроқ яхши билади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз  каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

“Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик”.  (Моида сураси, 13)

Оятдаги аҳддан мурод Аъроф сурасининг 172-173 оятларида зикр қилинган “Ал-Мийсоқ” воқеасидир. Хўш, унда нима бўлган эди?

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: «Мен Раббингиз эмасманми?» (деди). (Улар): «Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик», – дедилар. Қиёмат куни: «Биз бундан ғофил (бехабар) эдик ёки ота-боболаримиз олдиндан мушрик бўлганлар. Биз улардан кейин келган зурриёт эдик. (Ўша) ноҳақ кишиларнинг феъллари сабабли бизни ҳалок қиласанми?» – дейишларини (билганимиз учун шундай қилдик).   

(Аъроф сураси, 172-173)

Энди ушбу оятлардан келиб чиқиб юқорида тилга олган зулмкорлик синдромининг нима учун инсонларда тез шаклланиши ҳақида хулоса чиқарамиз. Маълумки Аллоҳ таоло инсонларни зарра шаклида Одам алайҳиссалом сулбларидан чиқариб уларга савол билан мурожаат қилади: “Мен Раббингиз эмасманми?” Бандалар бу саволга: “Раббимизсан! Гувоҳлик бердик” дедилар. Мана шу жавоб уларнинг Аллоҳ билан аҳдлашганликларини билдиради. Бу аҳд Аллоҳ ва унинг буйруқларига тўла бўйсуниш учун берилган аҳддир. Аммо, ер юзида одамлар тарқалиб нафси ва шайтонннинг найрангларига учгандан сўнг, улар исёнкорга айланди ва Аллоҳ уларни тўғри йўлга қайтариш учун Ўз элчилари пайғамбарларни юборди. Афсуски, одамларнинг аксари то бугунга қадар Аллоҳ таоло ва унинг пайғамбарларига берган аҳдларини бузишиб, тўғри йўлдан юз ўгирдилар. Натижада оятда келтирилганидек ўз аҳдларини бузганликлари сабабли улар Аллоҳнинг лаънатига учради ва қалблари бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйилди. Демак, инсондаги бу нуқсон яни зулм, бешафқатлик, ғазаб ва қаҳрларнинг бош сабаби Аллоҳ таоло ва пайғамбарига итоат этмасликдан келиб чиқар экан.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло шундай деди: “Эй бандаларим! Албатта мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва сизларнинг ораларингизда ҳам зулмни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманг”.

Умри Исломда, тақвода, ҳидоятда ва Аллоҳнинг розилиги талабида ўтган инсоннинг қалбида ҳеч қачон ноҳақ зулм, қаҳр, жаҳл ва ғазабга жой қолмайди.        

                        

Саидаброр Умаров

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фотиҳа сураси фазилатлари

19.02.2026   2400   8 min.
Фотиҳа сураси фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони каримнинг биринчи сураси Фотиҳа бўлиб, у Маккада нозил бўлган. Суранинг ўнга яқин номлари бор. Улардан машҳури – “Фотиҳа” (Очувчи)дир. Каломуллоҳ ушбу сура билан бошлангани сабабли шундай ном берилган. Сура етти оят, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборат бўлса-да, Ислом дини асосларини ўзида жамлаган, яъни бутун Қуръони каримнинг маъносини ўз ичига олган. Шу сабаб ушбу сура “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб”, яъни “Қуръоннинг онаси” номлари билан ҳам аталади.

Ҳижратдан кейин Мадинада, қибла ўзгарганда такроран нозил бўлгани сабабли бу суранинг яна бир номи “Ас-сабъул масоний”, яъни “етти такрорланувчи”дир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳаҳиҳат, Биз Сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, намознинг ҳар бир ракатида такрорланадиган Фотиҳа сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик», дейди (Ҳижр сураси, 87-оят).

Баъзи уламолар бу сура аввал Маккада, сўнг Мадинада икки марта нозил бўлган, шу боис такрорланувчи деган номга эга, дейдилар. Шунингдек, намознинг ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади.

Қуръони каримда Аллоҳга ҳамд билан бошланувчи беш сура бўлиб, улардан биринчиси Фотиҳадир.


Сура ҳақида ҳадислар

«Фотиҳа сураси Қуръоннинг онасидир, у Китобни Очгувчидир, у етти такрорлангувчидир»;

«Менинг жоним тасарруфида бўлган Зотга қасам, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш туширилмаган. У етти такрорланувчидир. У менга берилган Қуръони азимдир» (Имом Термизий ривояти);

«Қуръони каримнинг барча суралари ичида энг улуғи Фотиҳадир» (Имом Бухорий ривояти);

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эди. Юқоридан ғичирлаган овоз эшитилди. Жаброил осмонга қаради-да: «Мана бу осмоннинг эшикларидан бири ҳеч очилмаган эди, бугун очилди. Ундан бир фаришта тушди. Бу фаришта бугундан бошқа ҳеч ерга тушмаган эди». У салом берди ва:

«Суюнчи! Сендан аввалги Набийларга берилмаган икки нур Сенга берилди, Фотиҳа сураси ва Баҳара сурасининг охири. Улардан ўқиган ҳар бир ҳарфингга (савоб ва жавоб) берилади», деди (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса бераман. Агар у (банда): “Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин” деса, Аллоҳ:

– Бандам менга ҳамд-шукр айтди, – дейди. Банда:

  • Ар-Роҳманир Роҳийм, – деса, Аллоҳ:
  • Бандам менга сано-мақтов айтди, – дейди. Банда:
  • Малики йавмиддин, – деса, Аллоҳ:
  • Бандам мени улуғлади, – дейди. Банда:
  • Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн, – деса, Аллоҳ:

– Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман, – дейди. Агар банда:

– Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаз зооллийн, – деса, Аллоҳ:

– Бу бандамга хос, сўраганини бердим, – дейди» (Имом Насоий ривояти).

 

Сура ҳақида уламолар фикрлари

«Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри маъруф ва наҳйи мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди» (Маҳмуд Замахшарий, “Кашшоф”).

«Аллоҳ таоло аввалги китоблар илмини Қуръонда жамлаган. Қуръон илмини Муфассалда жамлаган. Муфассал илмини Фотиҳада жамлаган. Ким Фотиҳа сураси тафсирини ўрганса, нозил этилган барча (самовий) китоблар мазмунидан хабардор бўлади» (Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ).

 

Сура хосиятлари

Муфассирлар Фотиҳа сурасини ўқишда инсонга кўринадиган ва кўринмайдиган мингта хосият бор, дейишади. Улардан айримлари “Фатавои суфия” китобида бундай келтирилади: “Ким қирқ кун Бомдод намози суннатини ўқиганидан кейин то фарз намозига такбир айтилгунича қирқ бир маротаба Фотиҳа сурасини ўқиб, Аллоҳ таолодан нимани сўраса, барча дуоси ижобат бўлади. Агар камбағал бўлса, Аллоҳ таоло уни бой қилади, касал бўлса, шифо беради, заиф бўлса, қувватли қилади, ғариб бўлса, Аллоҳ уни азиз қилади, бепушт, фарзандсиз бўлса, фарзандли бўлади, қарздор бўлса, қарзидан нажот топади”.

Фотиҳа сураси ўқилган жойга Аллоҳ таолонинг қирқ йилгача бало ва офатлари келмайди. Зам-зам сувига Фотиҳа сураси ўқиб дам солинса, кейин у шифо умидида ичилса, турли касалликларга шифо бўлади.

Шунингдек, ушбу сура “Шифо” сураси деб ҳам аталиб, у қалбдаги ва танадаги турли касалликларга даво бўлади. “Сиҳоҳи ситта”да (олти саҳиҳ ҳадислар тўпламида) Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни – ўттиз отлиқ аскарни жангга жўнатдилар. Йўлда бир араб қишлоғига тушдик. Улардан бизни меҳмон қилишларини сўраган эдик, истамадилар. Шу вақтда уларнинг бошлиқларини чаён чақиб олган экан, улар бизнинг олдимизга келиб: “Ораларингизда чаён чаққанига  қарши дам соладиган киши борми?” деб сўрашди. Мен шундай дуони билишимни айтиб: “Аммо сизлар бизга ҳақ тўламасангизлар мен ҳам дам солмайман”, дедим. Улар: “Биз сизларга ўттизта қўй берамиз”, дейишгач, мен “Алҳамду” сурасини етти марта ўқиган эдим, ҳалиги одам дарддан бутунлай халос бўлди. Биз қўйларни олганимиздан кейин кўнглимизда шубҳа уйғонди ва улардан биронтасига тегмай, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эдик, у зот: “Алҳамду” – руқия, у билан дам солса шифо бўладиган сура эканини қаердан билдинг? У қўйларни тақсимлаб олинглар ва менга ҳам ўзларингиз билан бирга бир улуш бўлинглар”, дедилар».

Имом Аҳмад ва Имом Байҳаҳий “Шуъабул иймон” китобида Абдуллоҳ ибн Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен сенга Қуръонда нозил бўлган энг яхши сура ҳақида хабар берайми?” дедилар. Абдуллоҳ: “Хабар беринг, ё Расулуллоҳ”, деди. Набий алайҳиссалом: “У Фотиҳа сурасидир. Унда барча касал учун шифо бордир”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳа сураси ҳар қандай дардга шифодир» дедилар (Имом Доримий ривояти); «Бу сурани чаён чақиб олганга етти марта ўқиб дам солинса, иншааллоҳ, шифо бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Хулоса шуки, Фотиҳа сурасининг улуғ фазилатларига тўлиқ эга бўлиш учун, аввало, ҳар биримиз тажвид қоидалари асосида уни тўғри ўқишни ўрганишимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатиб, уларни мунтазам ушбу сурани ўқиб юришига одатлантиришимиз лозим. Фотиҳа сурасини ўқиш Аллоҳ таолонинг ғазабини қайтаради. Сура ўқилган жойга Аллоҳ таолонинг хайри ва баракаси ёғилади. Ўқиган инсон Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади. Сурани ўқиб кейин қилинган барча хайрли дуолар мустажобдир.

 

Манбалар асосида
Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.

 

Мақолалар