Бугун, 2 апрель куни пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган инсонлар учун маърифий мулоқот тадбири ташкил этилди. Унда кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ходимлари қатнашишди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини кўрсатиш мақсадида, хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни муҳтарам Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани, ушбу Фармонда “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбирда имконияти чекланганларга давлатимиз Раҳбари томонларидан барча соҳаларда бўлгани каби, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ бир қатор марказий масжидларда жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида ташкил этилаётгани, “Ўзбекистон” телеканалининг “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви сурдо таржимаси билан эфирга узатилаётгани, яқин кунларда “Ҳидоят сари” студияси ва “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланаётган кўрсатувлар ҳам сурдо таржимаси билан намойиш этилиши режалаштирилаётгани, уларга бўлган юксак эътиборнинг намунаси эканини қайд этди.
Кўзи ожиз шахслар орасида Аллоҳ таборака ва таолонинг исм ва сифатларини билиш юзасидан мусобақа ҳам ўтказилди. Ғолиблар диплом ва муносиб совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида имконияти чекланган юртдошларимизни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Мазкур маърифий суҳбат ва самимий мулоқот уларга олам-олам қувонч бағишлади.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир сафар аэропортдан меҳмонхонага такси олдим. Машина тоза, ҳайдовчи хушмуомала эди. Ўзини Аҳмад деб таништириб, қўлимга карточка берди: “Вақтингиз хайрли ўтсин. Менинг вазифам – сизни манзилингизга энг тез, энг хавфсиз, энг кам харажат ва энг муҳими – ҳалол хизмат ила етказиш”.
Йўлда менга яна турли қулайликларни таклиф этди.
— Ҳамма мижозлар билан шундай илтифотлимисиз? – деган саволимга бироз тин олиб деди:
— Ростини айтсам, бу тарзда ишлашни икки йил олдин бошлаганман. Ундан олдин кўпчилик ҳайдовчилар қатори эдим. Вақти-вақти билан ҳақни ошириб юбориш, мижозга ёлғон гапириш, нолиш ва шикоят қилиш оддий ҳол эди. Машина ҳам, қалб ҳам тоза эмас эди.
— Кейин нима бўлди?
— Бир куни машинам радиосидан “танлаш кучи” ҳақида эшитиб қолдим. Ҳаётимдаги кўп нарса танловимга боғлиқ экан. Ишимни юзаки, нолиб эмас, виждон билан, ҳалол бажарсам, мижозларим кўп, кўнглим хотиржам бўлади. Осон йўлни танласам — пул бўлиши мумкин, лекин барака бўлмайди. Шунда ўзимга сўз бердим: энди ишимни ҳалол қиламан. Йўлни айлантириб ҳақни оширмайман. Вақтни ўғирламайман. Мижозга у истагандай хизмат қиламан.
Натижасини Аллоҳ кўрсатди. Биринчи йилнинг ўзида даромадим икки баробар ортди. Бу йил эса тўрт баробарга етди. Энг муҳими, қалбим хотиржам. Энди мижозлар ўзлари менга қўнғироқ қилиб, олдиндан банд қилишади. Чунки одамлар ҳалол хизматни зумда англайди ва қадрлайди.
Бу сўзлар мени ўйга толдирди. Шунда англадим: ҳалоллик — катта шиор эмас, кундалик энг оддий одат ва қўйиладиган энг тўғри қадам экан. Айнан шу фазилат инсонга барака ва хотиржамлик олиб келар экан.
Абдулҳай ХУШВАҚТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими