Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Тўқнашувлар содир бўлганда (ишониб юрган одаминг асл башарасини кўрсатганда) сиқилма. Агар ўша тўқнашув юз бермаганда, узоқ муддат алданиб юрган бўлардик. Тўғри, тўқнашувлар юракни эзадиган нарсалар бўлади, лекин улар рост нарсалардир.
Доктор Мустафо Маҳмуд
*****
Сенга бировни чаққан кимса сени ҳам бировга чақади. Сенга бошқалар ҳақида хабар келтирган кимса бошқаларга ҳам сен ҳақингда хабар олиб боради. Сендан рози бўлиб турганда сени ўзингда йўқ фазилатлар билан мақтайдиган кимса сендан ғазабланганда сени ўзингда йўқ иллатлар билан айблайди.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Агар сени танқид қилиб турувчи топилмаса, кўп ҳолларда сен муваффақиятга эришолмайсан.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Агар Аллоҳга дуо қилмоқчи бўлсанг ва вақт зиқ бўлиб, ҳожатларинг тиқилиб кетган бўлса, қиладиган дуоингнинг ҳаммаси Аллоҳдан сени афв қилишини сўраш бўлсин! Чунки, агар Аллоҳ сени афв қилса, сен сўрамасанг ҳам ҳожатларинг раво бўлади.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Порахўрлик кенг тарқалган давлатда истаган ишингни қила оласан.
Султон Сулаймон Қонуний
*****
“Пули кўп одамнинг ташвиши бўлмайди. Шунинг учун фақат пулдор инсонларнинг кўнглига кулиш, табассум қилиш сиғади”, деган гап нотўғри.
Бахт пулнинг кўплигида эмас. Инсон ўзини бахтли ҳис қилиш учун ҳамёнида ёки банкдаги ҳисоб рақамида кўп пул бўлиши шартмас. Бахт - Аллоҳнинг тақсимига рози бўлишдадир.
*****
Албатта, Дин айтиладиган сўз ва амал қилинадиган сулукдан иборатдир. Агар сўз сулукдан ажраса, узилса, айтилаётган насиҳат, қилинаётган даъват зое бўлади.
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий
*****
Агар ҳаёт сенга тушкунликка тушишинг учун битта сабаб келтирса, сен ҳаётни давом эттириш учун мингта сабаб келтир. Ер юзида инсон иродасидан кўра қувватли нарса йўқ.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Бу ҳаёт сенинг хафалигингни аритиш учун тўхтаб турмайди. Ё синишингга қарамай йўлингда давом этасан ёки йиқилган жойингда бир умр қолиб кетасан.
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Кўпчиликка эмас, Тўғри Йўлга эргаш!
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Албатта, бу кунлар кўп сабр ва сукутни талаб қилади.
Шамсиддин Табризий раҳимаҳуллоҳ
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Макка фатҳ бўлди. Бир пайтлар ғордан ваҳий даҳшатидан титраб-қалтираб ёлғиз тушиб келган бир нафаргина Инсон бутун бир умматга айланди.
Тун зулматида Қурайш ўлдиришга қасд қилган Инсон Маккадан содиқ дўсти билан Мадина томон чиқиб, бир неча йилдан сўнг Макканинг тўрт дарвозасидан куппа-кундуз куни ғолиб бўлиб кириб келди! Курайш эса, ўша куни ўзларидан қасос олинишини кутиб, у зотнинг олдида бош эгиб ўтирарди. Уларни нима қилди деб ўйлайсиз?
У кишини ёлғончига чиқарганларни, азият берганларни, Каъба атрофида сажда қилаётганида устига туянинг эшини (яъни, кўп китобларда " سَلَى جَزُور"ни туянинг ичак-чавоғи деб ёзишади. Устоз Абдул Азим Зиёуддин домла «Нурул яқийн» китобларида ёзган изоҳда бундай тушунтирганлар: «Имом Бухорий ривоятида سَلَى جَزُور ва Муслим ривоятида سَلَى جَزُور, яъни «туянинг қоғоноғини» дейилган. Қоғоноқ — ҳомилани ўраб турувчи шиллиқ парда, йўлдош.) ағдарганларни, Абу Толиб дарасида қамал қилганларни, у кишини ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб айблаганларни, сўнгра у кишини ўлдириш учун ҳар бир қабиладан биттадан киши танлаб, у кишининг қони барчага тарқалиши учун биргаликда ўлдирмоқчи бўлганларни нима қилди деб ўйлайсиз?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қасос олмадилар. Балки уларга: «Бораверинглар, сизлар озодсизлар!» дедилар!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилишлари ва исломга кириши учун қартайиб қолган, оёқларини кўтаришга ҳам мажоли йўқ отаси Абу Қуҳофани олиб келди. У ҳали-ҳамон иймон келтирмаган эди. Уни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарияни овора қилибсан-ку, уни уйида қолдирсанг бўлмасмиди, биз ўзимиз унинг олдига борар эдик», дедилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтди: «Ё Аллоҳнинг Расули! Сизнинг боришингиздан кўра отам келиши тўғрироқдир».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтиришга таклиф қилдилар. Унинг кўксини силадилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Абу Қуҳофа иймон келтирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлади. Қўлида кўп саҳобалар исломга кирган, кўп буюклар иймонга кирган буюк саҳобанинг отаси энди Исломга кирди...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига қаранг! У киши ёши бир жойга бориб қолган қариянинг ҳузурларига келишини ноўрин билдилар. Ўзлари унинг олдига боришга тайёр эканликларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёши катталарга шафқатли эдилар. Доимо: «Сочлари оқарган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир!» дер эдилар.
Бир қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб келди. Саҳобалар унга йўл беришмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни ҳурмат қилмаганлар биздан эмас!» дедилар.
Қарияларга худди отамиз ёки бобомиз каби муомалада бўлишимиз лозим. Онахонларга эса онамиз ёки бувимиз каби муомалада бўлишимиз керак. Инсон қариганда ўзининг заифлиги, беморлиги ва ожизлигига қараб қачонлардир ёш бўлганини, кучли бўлган пайтларини эслайди, эзилади. Гарчи бошқаларга кўрсатмаса-да, қалбида синиқликни ҳис қилади. Бу синиқликка фақатгина атрофдагилар берадиган эътибор ва ҳурматгина даво бўла олади! Кўнгил олиш ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди