Абдуллоҳ саховатли, қалби юмшоқ киши эди. Уни Аҳмад исмли камбағал қўшниси бор эди. Бир куни Аҳмад кўп молга муҳтож бўлиб қолди. Лекин... Унга кўмак берадиган киши топилмади. Охири оқибат уйини сотишга қарор қилди.
Харидорлардан бири Аҳмадга:
- Қанча деяпсиз?
- Минг динор.
- Минг... Атрофда бундай уйлар беш юз динор туради-ку? Нархини ошириб юбормадингизми? Инсоф қилинг.
-Тўғри айтасиз биродар. Лекин бу уйнинг қўшниси саховатли, яхши инсон. Исми Абдуллоҳ. Касал бўлсам кўргани чиқади. Ҳол аҳвол сўрайди. Хурсанд бўлсам севинади. Хафа бўлсам ҳамдард бўлади. Шу ҳовлида яшаётганимдан бери бир оғиз ёмон гапини эшитмаганман. Харидор Аҳмаднинг гапларини эшитгач: “Кимнинг Абдуллоҳ каби қўшниси бўлса, уйини сотмаслиги керак”- деди.
Абдуллоҳ қўшниси ва харидор ўртасида бўлиб ўтган гапларни эшитиб хафа бўлди. Чунки қўшниси пулга эҳтиёж сезиб қолганини ундан яширганди. Абдуллоҳ дарҳол Аҳмаднинг олдига бориб, эй азиз қўшним! Сизга қанча пул керак бўлса мана олинг, дея бир халта ҳамённи чиқарди. Уйингизни сотманг. Мен сизга қўшни бўлиб қолишни хоҳлайман.
Бу воқеа халқ орасида тарқалиб, зарбул масалга айланди. (Воқеа қаҳрамони бўлган меҳрибон қўшни Абдуллоҳ – машҳур Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ эди).
Яна бир ибратли воқеа.
Бир киши дўстидан уйида сичқон кўпайиб кетганини айтиб, ундан қандай халос бўлиш мумкин деб сўрабди.
- Шуни ҳам билмайсанми? Мушук боқиб қўй. Олам гулистон! Ҳаммасидан бир кунда қутиласан, қўясан.
- Мен ҳам аввалига шундай деб ўйлагандим. Қарасам мени уйимдаги сичқонлар қўшнимнинг уйига ўтиб кетар экан. Сичқонлар қўшнимга озор берганидан кўра, ўзимнинг уйимда юргани маъқул.
Хулоса шуки, ёши катта инсонлар ўз фарзандларига шу каби тарбиявий аҳамиятга эга ибратли воқеаларни айтиб, уларнинг мурғак қалбида қўни-қўшниларга нисбатан гўзал муомалани шакллантириши лозим. Зеро, бизнинг ҳам қилаётган ишларимиз келгуси авлодга ибрат мактаби бўлиб қолсин.
ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги матбуот котиби
Искандарбек Зокиров
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.