Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2025   |   3 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:01
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2025, 3 Жумадул сони, 1447

Довуд ва Сулаймон (алайҳимуссалом)

02.09.2018   17874   6 min.
Довуд ва Сулаймон (алайҳимуссалом)

Аллоҳ Довуд ва Сулаймонга (алайҳимуссалом) ерда ҳокимлик, мол-мулкда кенглик ва илмда барака берди. Яна уларга одамларга қоронғи бўлган кўп нарсаларни билдирди. Шунингдек, уларга қурол-аслаҳалар берди, жинлар, ҳайвон ва ҳашаротларни бутунлай бўйсундирди. “Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: “Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган зот – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”, дедилар. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жонворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта, бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир” (Намл, 15–16).

 

Аллоҳ Довудга (алайҳиссалом) тоғ ва қушларни у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундирди. Яна унга совут ясашни ўргатди ва темирни хамирдек юмшоқ қилиб берди: “Аниқки, Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!”. Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, мен қилаётган амалларингизни кўриб тургувчиман” (Сабаъ, 10–11). Довуд (алайҳиссалом) бу каби неъматларга шукр қилар, Аллоҳга тавба-тазарру билан зикр, дуо ва тасбеҳ айтар, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм чиқарар эди.

 

 “Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани билгувчимиз. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон учун) ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик” (Анбиё, 81).

 

* * *

 

Бир қавмнинг токлари мева туккан эди. Қавмнинг қўйи кириб уни янчиб ташлади. Довуд (алайҳиссалом) қўйни ток эгасига беришга ҳукм қилди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Ток новдасини қўй эгасига берамиз. Ток унинг уйида ўз ҳолатини тиклаб олсин. Қўйдан эса ток эгаси фойдаланиб турсин. Ток новдаси олдинги ҳолига қайтиши билан ўз эгасига, қўй ҳам ўз эгасига қайтарилиб берилади”, деди.

 

* * *

 

Ҳудҳуд Сулаймоннинг (алайҳиссалом) хабарчиси, сувли ерлар ва аскарлар манзили ҳақида хабар берувчи “кўзи” эди. Кунларнинг бирида Сулаймон (алайҳиссалом) қушларни кўздан кечираётиб Ҳудҳудни топа олмади ва ғазабланиб, уни койиди. Ҳудҳуд бир қанча вақтдан сўнг қайтиб келди ва Сулаймонга (алайҳиссалом): “Сен ва лашкаринг огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва ҳузурингга Сабаъ ва уларнинг маликалари ҳақидаги хабарни келтирдим. Уларнинг катта салтанати бор экан. Ўзлари ақлли, мол-мулкли ва шу билан бирга жаҳолатда экан. Улар қуёшга сажда қилади ва бу ишларининг моҳиятини тушунмайди”, деди.

 

Аллоҳнинг пайғамбарини мамлакатининг ёнгинасида у билмаган ва даъвати етиб бормаган, ҳанузгача қуёшга сиғинадиган салтанат бор экани ғазаблантирди. Унда дин ва пайғамбарлик ҳамияти жунбушга келди. Шаҳарга қудратли аскарлари билан бостириб боришдан олдин мамлакатнинг мушрика маликасини Исломга даъват қилиб, итоат ва бўйсунишга чорлаб, мактуб ёзди. Мактубда хушмуомалалик билан жиддийлик, пайғамбар тавозеси билан подшоҳнинг қатъияти жамланган эди.

 

Малика оқила эди, ҳукм чиқаришга ошиқмади. Лекин ҳали ҳидоят топмаган эди. Салтанат аъёнларини бу мактуб билан таништирди. Давлат арконлари эътибор қозониш ва тилёғламалик қилиш мақсадида катта қўшин тортишни маслаҳат қилишди. Аммо малика уларнинг сўзларини қабул қилмади: “Мен Сулаймонга ҳадялар жўнатаман ва уни синаб кўраман. Агар ҳадяларни қабул қилса, у подшоҳ бўлади. Шунда у билан жанг қилинглар. Агар туҳфаларни қабул қилмаса, у пайғамбардир. Унга эргашинглар”, деди.

 

Малика Сулаймонга (алайҳиссалом) ҳадялар жўнатди. Сулаймон (алайҳиссалом) юз ўгириб, улардан воз кечди. Сўнг: “Ширкингизда ва мулкингизда қолдиришим учун мол бериб, мен билан савдолашмоқчимисиз? Аллоҳ менга берган мулк, бойлик ва лашкар сиз эга бўлган нарсалардан яхшироқ”, деди.

 

Малика ва қавми бўйсунди. Сулаймон (алайҳиссалом) Аллоҳга ҳамд айтди. У маликага Аллоҳнинг мўъжизаларидан бирини кўрсатишни истади. Жинларга маликанинг тахтиравонини отлиқ қўшин етиб келгунига қадар келтиришларини талаб қилди. Оз фурсат ичида Сулаймоннинг (алайҳиссалом) истаган нарсаси рўёбга чиқди. Бу мўъжиза эди. Сулаймон (алайҳиссалом) маликанинг фаросатини синаш учун тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйишга буюрди. «Бас, у келгач: “Тахтинг шундаймиди?” дейилди. У: “Худди ўшанинг ўзи”, деди » (Намл, 42).

 

Сулаймон (алайҳиссалом) малика учун ойнадан улкан қаср қуришни ва қаср остидан сув оқизиб қўйишни буюрди. Ойна ҳақида билмаган киши уни сув деб ўйларди. У ойнани оқадиган ва тўлқилланадиган нозик сув деб тушунди, оёқларини очиб, уни кесиб ўтмоқчи бўлди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Бу чиннидан силлиқланган сув”, деб уни огоҳлантирди. Шунда маликанинг қалб кўзидаги парда очилди: зоҳирга қараб баҳолаб, қуёшга ибодат қилиб, адашганини билди. Ва: “Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар хожаси – Аллоҳга бўйсундим”, дейишга ошиқди” (Намл, 44)

 

Аллоҳ Сулаймонга (алайҳиссалом) ҳикмат берди. Шунингдек, Аллоҳ унга пайғамбарлик берди. Яҳудлар туҳматидан у зотни поклади: “Сулаймон кофир эмас эди. Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар” (Бақара, 102). Ва яна: “Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир” (Сод, 30);

 

“Шак-шубҳасиз (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир” (Сод, 40) деб марҳамат қилди.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Саудия Aрабистонида минглаб қадимий тош ёзувларини ҳужжатлаштириш лойиҳаси бошланди

24.11.2025   3000   2 min.
Саудия Aрабистонида минглаб қадимий тош ёзувларини ҳужжатлаштириш лойиҳаси бошланди

Саудия Арабистонининг Aл-Ула вилоятидаги Қироллик комиссияси минтақадаги археологик жойларда топилган 25 000 дан ортиқ қадимий ёзувларни таҳлил қилиш ва рақамли қайд этиш бўйича йирик тадқиқот лойиҳаси бошланганини эълон қилди. Ушбу матнлар темир даврига бориб тақалади ва Aрабистоннинг шимоли-ғарбий тарихининг минг йилликларини қамраб олади.

Лойиҳанинг мақсади ёзувларни лингвистик жиҳатдан чуқур таҳлил қилиш, 3D сканерлаш формати ёрдамида рақамлаштириш ҳамда уларнинг тарихий ва маданий контексти билан таққосланадиган ягона рақамли маълумотлар базасини яратишдир. Бу олимларга ёзув ва тилларнинг ривожланишини, шунингдек, қадимги жамиятларнинг Aл-Ула воҳаси билан ўзаро таъсирини чуқурроқ тушуниш имконини беради, деб хабар беради, IslamNews нашри.

Aл-Ула: Цивилизациялар чорраҳаси

Тадқиқотчилар ўнта турли тил ва ёзувлардаги ёзувларни топишдир, бу кашфиёт Aл-Уланинг маданий марказ ва цивилизациялар учрашадиган жой сифатидаги мақомини тасдиқлайди. Aсосий археологик жойлардан бири Дадан ва бошқа Шимолий араб тилларидаги кўплаб матнлар омбори бўлган Aқма тоғи (Жабал Aқма). 2023 йилда халқаро ЮНЕСКО ташкилоти ушбу жойни Жаҳон хотираси реестрига киритди ва уни “қадимги даврнинг энг катта очиқ кутубхонаси” деб номлади.

Яна бир чўққи, Aқра тоғида тарихий зиёрат йўллари билан боғлиқ илк арабча ислом ёзувлари мавжуд. IslamNews хабар беришича, Дадан ва ал-Ҳижр (Мадаин Солиҳ) орасидаги йўллар савдо ва Ҳаж даврини акс эттирувчи дастлабки арабча матнларнинг бир қисмини сақлаб қолган.

Вади Aбу Aвд каби водийларда кундалик ҳаёт манзаралари, қабила рамзлари ва инсоннинг табиат билан ўзаро таъсирини тасвирлаб берадиган Лиҳи ва қоятош ёзувлари мавжуд.

Энг муҳим ёдгорликлар қаторида 24 ҳижрий (тахминан 645 йил) санага оид “Зуҳайр ёзуви” бор. У ал-Улада араб тилининг тарқалиши ва ислом цивилизациясининг пайдо бўлиши ҳақидаги дастлабки ёзма ёзувлардан бири ҳисобланади.

Таълим ва меросни сақлаш

Лойиҳа шунингдек, археологик фанларга қизиқувчи талабалар учун ўқув дастурларини ва тарихий меросга жамоатчиликнинг қизиқишини ошириш ташаббусларини ўз ичига олади. Тадқиқот натижалари тил, тарих ва археология бўйича ихтисослашган академик журналларда нашр этилади.

Қироллик комиссияси ушбу лойиҳа Саудия Aрабистонининг маданий меросни сақлаш, академик билимларни ривожлантириш ва ал-Ула вилоятининг минтақада уч минг йилдан ортиқ вақт давомида гуллаб-яшнаган қадимий цивилизациялар ва тилларни ўрганиш бўйича глобал марказ сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга содиқлигини акс эттиришини таъкидлайди.

Манбалар асосида
И.АҲМЕДОВ тайёрлади.