Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Март, 2026   |   17 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:32
Қуёш
06:50
Пешин
12:39
Аср
16:34
Шом
18:23
Хуфтон
19:35
Bismillah
06 Март, 2026, 17 Рамазон, 1447

Улар учун жаннатда “Ҳамд уйи” барпо этилади

11.05.2018   4472   6 min.
Улар учун жаннатда “Ҳамд уйи” барпо этилади

САВОЛ: Ассалому алайкум! Устозлар, ҳали 4 ёшга тўлмаган ўғлим бу ёруғ оламни тарк этди. Илтимос ёш болаларнинг ўлимдан кейинги ҳолатлари ҳақида маълумот берсангизлар. 

ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! 

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ وَلَدُ الْعَبْدِ قَالَ اللهُ لِمَلَائِكَتِهِ: قَبَضْتُمْ وَلَدَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: قَبَضْتُمْ ثَمَرَةَ فُؤَادِهِ؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: مَاذَا قَالَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: حَمِدَكَ وَاسْتَرْجَعَ، فَيَقُولُ اللهُ: ابْنُوا لِعَبْدِي بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَسَمُّوهُ بَيْتَ الْحَمْدِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ фаришталарига:

“Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?” дейди.

“Ҳа”, дейдилар.

“Унинг дил мевасини қабз қилдингизми?” дейди.

“Ҳа”, дейдилар.

“Бандам нима деди?” дейди.

“Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди”, дейдилар.

Шунда Аллоҳ:

“Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни “Ҳамд уйи” деб номланглар”, дейди”. 

Ушбу уч ҳадисни Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Фарзанднинг ўлими ота-она учун чексиз мусибат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки фарзанд ота-онанинг бир бўлаги, юрагининг парчаси, жигаргўшаси, кўз қувончи бўлади.

Шунинг учун ҳам фарзандининг ўлимига сабр қилган ота-оналарга катта ва улуғ мартабалар ваъда қилинган. 

Булардан баъзи намуналарни юқорида келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Мусулмонлар ушбу таълимотларни ўзларига сингдириб олиб, ҳаётларига татбиқ қилганлар. Мусулмонлар фарзанд ўлимига сабр қилишнинг инсоният тарихидаги нодир намуналарини кўрсатганлар. 

Биргина мисол келтирайлик: 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб:

“Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим”, деди.

“Сен доимо ҳузуримга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!” деди Абу Анас. 

“У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр этиб, Пайғамбар қилди”. 

“Келтирган нарсанг нима?!”

“Ароқ ҳаром қилинди”.

“Бу сен билан менинг ажрашишимиз”, деди. Сўнгра мушрик ҳолда ўлиб кетди. 

Сўнгра Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Умму Сулаймнинг олдига келди. Умму Сулайм унга:

“Модомики мушрик экансан, сенга тегмайман”, деди.

“Йўқ. Бу сенинг истагинг эмас”.

“Менинг истагим нима?”

“Сенинг истагинг сариқ (олтин) билан оқ (кумуш)да”.

 “Албатта, мен гувоҳлик бераман ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам гувоҳ қиламанки, агар сен мусулмон бўлсанг, сенинг Исломинг туфайли розиман. Эй Анас, тур! Амакингни бошлаб бор!” деди Умму Сулайм. 

У (Абу Талҳа) туриб, қўлини елкамга қўйди. Бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганимизда у зот бизнинг гапларимизни эшитдилар ва: “Мана, Абу Талҳа ҳузурингизга пешонасида Ислом нури порлаб келди!” дедилар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди ва: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу”, деди. 

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун уни уйлаб қўйдилар. Аёли унга ўғил туғиб берди. Бола катта бўлиб, йўлга кирди. Отаси уни жуда ҳам яхши кўрар эди. Бир куни Аллоҳ таборака ва таоло болани қабз қилди. 

Абу Талҳа келиб:

“Ўғлимнинг ҳоли қандай, эй Умму Сулайм?” деди.

“Жуда яхши. Тушлик қилиб олмайсанми? Бугун тушлигинг кеч қолиб кетди”, деди ва унга таом тақдим қилиб туриб: 

“Эй Абу Талҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолсада, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?” деди.

“Йўқ”, деди Абу Талҳа.

“Ўғлинг дунёни тарк этди”, деди Умму Сулайм.

“Қани у?!”

“Ана, ётоқхонада”. 

У кириб, боланинг юзини очди ва истиржоъ айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Умму Сулаймнинг гапини айтиб берди. Шунда у зот:

“Мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳ бу кеча боласига сабр қилганлиги учун унинг раҳмига бир ўғил бола илқо қилди”, дедилар… 

У болани туғди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Анасга дедилар: 

“Эй Анас, онангнинг олдига бориб, “Ўғлингнинг киндигини кесганингдан кейин унга ҳеч нарса егизмай туриб, менга юбор”, дедилар, дегин”. 

У (онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Менга учта ажва (хурмо) келтир”, дедилар. Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб, оғизларига солиб, чайнадилар ва боланинг оғзини очиб, солдилар, бола тамшана бошлади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ансорийда, хурмони яхши кўради!” дедилар. Сўнгра:

“Онангга бориб, “Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин”, деб айт”, дедилар”.

Имом ал-Баззор ривоят қилган.

 

“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Банданинг ҳаққи

05.03.2026   3767   2 min.
Банданинг ҳаққи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Банданинг ҳаққи енгил қараладиган нарса эмас. Бу ҳақ – то адо қилинмагунча кечилмайдиган ҳақ. Бу шундай ҳақки, Аллоҳ таоло аралашмайдиган ҳақ.

Банданинг ҳаққи иймоннинг бир бўлаги. Адо қилинмагунча жаннатга киришдан тўсиб турадиган девор. Бандани ҳаққини адо қилиш аслида иймон келтиришдан бошланади.

Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.

“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир” бу калом Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир” буниси эса банданинг ҳаққидир.

Ушбу жумлалар бир-биридан ажратилганда эса, иймон мукаммал бўлмайди.

Намозни баркамол ўқингиз, Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Закот берингиз” банданинг ҳаққидир.

“Аллоҳга итоат этингиз” Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Пайғамбарга итоат этингиз” банданинг ҳаққидир.

“Менга ва ота-онангга шукр қилгин”

“Менга (шукр қилгин) Аллоҳнинг ҳаққидир.

“Ота-онангга шукр қилгин” банданинг ҳаққидир.

Агар киши Аллоҳнинг ҳаққини гўзал адо қилса-ю, банданинг ҳаққига риоя қилмаса нажот топмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ҳаж қилса-ю, (унда) рофас (фаҳш) ва фисққа йўл қўймаган бўлса, у уйига худди онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

“Ҳаж” – Аллоҳнинг ҳаққи.

“Фахш ва фисқ” бандалар ҳаққига риоя қилмаслик оқибатида бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради”, дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда” , дедилар (Имом Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

“Намоз ва рўза” Аллоҳнинг ҳаққи. Аёл уни адо қиларди.

“Тилдаги озор ва беҳаёлик” бандаларнинг ҳаққи. Шу ҳақ адо қилинмагани сабабли “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда”, дедилар.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор тумани “Охунгузар” масжиди имом-хатиби.