Сурхондарё вилояти Денов тумани Намозгоҳ маҳалласида Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи жойлашган.
Хожа Алоуддин Аттор нафақат Сурхон воҳаси, балки Мовароуннаҳр маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган мутасаввуф олимдир. У ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди ва куёви, икки буюк халифасидан бири бўлиб, асл исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Хоразмийдир. Отаси хоразмлик бўлиб, атторлик савдоси билан шуғулланган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Хожа Алоуддин Аттор Хоразмда туғилган. Бухоро мадрасасида таълим олган. Хожа Алоуддин Аттор милодий XIV асрнинг 90-йилларида Бухородан Деновга келгач, нақшбандия тариқати тарғиботини давом эттирди. Нақл қилишларича, Алоуддин Аттор вафотидан 7 йил аввал Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиш мақсадида Ҳисор вилоятидан Бухорога бормоқчи бўлади. 18 кун деганда Бухорога етиб, Нақшбанд қабрини зиёрат қилади. Шаввол ойининг бошида яна уйига қайтади. Муҳаммад ибн Тоҳир Хоразмийнинг ривоятига кўра, Алоуддин Аттор 802/1399 йил 2-ражаб ойининг душанба куни дардга чалинади. Ўша ойнинг йигирманчи кечаси хуфтон намозидан сўнг вафот этади. У қўним топган қабристон “Шайх Аттор Валий” ёки “Остона бува” деб номланади.
Хожа Алоуддин Аттор сағанаси XV асрга оид бўлиб, аввал бу манзилда фақат Валийнинг ҳамда ўғли ва набирасининг қабри бўлган, кейинчалик бу жой катта зиёратгоҳга айланган.
2019-2020 йилларда маҳаллий ҳомийлар томонидан эски мақбара ўрнида ҳашаматли мақбара бунёд этилди. Қабр мақбаранинг ертўла қисмига олиниб, тепасига рамзий қабр қўйилди. Мақбарага ганчкорлик усулида чиройли безаклар берилди. Маскан ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА
2026 йил 26 январь куни Бухоро вилоятида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шунингдек, диний соҳа ходимлари ўртасида жамоавий ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида шахмат, шашка, стол тенниси ҳамда волейбол бўйича вилоят босқичи мусобақалари ташкил этилди.
Тадбир белгиланган режа ва спорт қоидалари асосида ўтказилиб, вилоятнинг туман ва шаҳар масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар фаол иштирок этдилар.
Ғолиблар:
Шахмат:
1-ўрин — Одилов Ҳайдаржон (Кўгон т., “Хўжа Каъбул Ахбор Вали”)
2-ўрин — Исоев Мустақим (Шофиркон т., “Қори Фазлиддин”)
3-ўрин — Исмоилов Исмат (Қоракўл т., “Қобулота”)
Шашка:
1-ўрин — Раҳмонов Бобожон (Вобкент т., “Мири Хурд Вобкандий”)
2-ўрин — Авезов Абдуллоҳ (Қоракўл т., “Бозорхўжа”)
3-ўрин — Нажмиддинов Ғайрат (Ромитан т., “Маҳаллаи-боло”)
Стол тенниси:
1-ўрин — Бобоқулов Садам (Пешку т., “Хўжа Пешкў”)
2-ўрин — Нажмиддинов Асатилло (Бухоро ш., “Умар ибн Хаттоб”)
3-ўрин — Бозоров Ваҳобиддин (Пешку т., “Чиқирчи”)
Волейбол:
1-ўрин — “Баҳовуддин Нақшбанд” жамоаси
2-ўрин — “Нажмиддин Кубро” жамоаси
3-ўрин — “Жалолиддин Мангуберди” жамоаси
Мусобақалар диний соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спортга қизиқишни ошириш ҳамда ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирни ташкил этишда Мир Араб олий мадрасаси ҳамда вилоят спорт федерацияси яқиндан амалий ёрдам кўрсатди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати