Қориларимизнинг Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ намозларини ўқиши учун қўшни республикаларга юборилиши ўзига хос яхши анъанага айланди.
Бу йил ҳам ўтган йилларда бўлгани каби, бир қатор қориларимиз жорий йил Рамазон ойида таровиҳ намозларини ўқиб беришлари учун Россия Федерациясига жўнаб кетди.
Россия мусулмонлари диний жамияти таклифига биноан, 26 май куни, эрта тонгда 6 нафар – Чилонзор тумани Бош имом-хатиби Абдукаримов Ҳусниддин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ходими Худойбердиев Фаррух, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими ходими Хайдаров Миродил, Шайхонтоҳур тумани “Дорус-Салом” масжид ноиб-имоми Убайдуллаев Ислом, Чилонзор тумани “Қатортол” масжиди имом-хатиби Алимов Аброр ва Яшнобод тумани “Али ибн Абу Толиб” масжиди ноиб-имоми Мирсодиқов Нурилла каби қориларимиз Москва шаҳрига сафарбар этилди.
Қориларимиз муборак ой давомида Россия Федерацияси шаҳарларида мусулмонларга таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўқиб берадилар.
Шунингдек, сафар давомида қориларимиз Россия Федерацияси шаҳарларида ташкил этиладиган диний маросимларда иштирок этишлари кутиляпти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД