Умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак.
Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “ҳўжа кўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло буюради:
“Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...”. Саҳиҳи Бухорий, 1773.
Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорий аёлга: “....Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар. Термизий ривояти.
Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир.
Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир:
“Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зойе бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)”. Ибни Можа ривояти;
Ибни умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб туяларига ўрнашсалар Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) ва уч маротаба такбир (Аллоҳу акбар)ни айтиб шундай дердилар: “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина мунқолибун. Аллоҳумма инна насъалука фий сафарина ҳаза ал-бирро ват-тақва ва минал амали ма тарзо. Аллҳумма ҳаввин сафарона ҳаза ватви анна буъдаҳу. Аллоҳумма антас-соҳибу фис-сафари вал холифату фил аҳли. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ваъсаис-сафар ва каабатил манзор ва суил мунқолаб фил аҳли вал мали вал валад” (маъноси: “Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз. Ё, Аллоҳ! Биз Сендан ушбу сафаримизда яхшилик, тақво ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Ё, Аллоҳ! Ушбу сафаримизни енгиллаштир ва узоғини яқин қил. Ё, Аллоҳ! Сен сафарда ҳамроҳ ва аҳли-оилага кафилдирсан. Ё, Аллоҳ! Мен Сендан сафар қийинчиликлари, ғамга солувчи манзара ҳамда аҳли-оила, мол ва фарзандга ёмон ҳолда қайтишдан паноҳ тилайман”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида эса: “Айибуна таибуна абидуна лироббина ҳамидуна” (маъноси: “Ё, Аллоҳ! Қайтишимизни тавба қилувчи, ибодат қилувчи ва ҳамд айтувчи ҳолда қилгин”), жумласини қўшиб қўярдилар. Муслим ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уловга минмоқчи бўлсалар оёқларини узангига қўйишлари билан: “Бисмиллоҳ”, – дер эканлар. Эгарга ўрнашиб олганларидан кейин: “Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳал. Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза, вама кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун”, – деб қўяр эканлар. Уловга миниладиган ҳайвонлардан ташқари замонавий йўл воситалари ҳам киради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Учта дуо борки, шаксиз мустажобдир. Мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандига қилган дуоси”. Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:“Менинг ушбу масжидимда ўқилган намоз ундан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Фақатгина масжидул ҳаром бундан мустаснодир. Масжидул ҳаромда ўқилган намоз менинг масжидимда ўқилган юзта намоздан афзалдир”. Имом Аҳмад ривояти.
Аллоҳ таоло умра зиёратига отланган ватандошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини ўз дагоҳида қабул қилсин!
Жаҳонгир Убайдуллоҳ,
Т
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров
таваллудининг 100 йиллигига бағишланади
ХХ аср иккинчи ярмида СССР ташқи сиёсатида дин омили, айниқса ислом билан боғлиқ масалалар алоҳида, эҳтиёткорона ва тизимли тарзда юритилди.
СССРда ислом омилининг халқаро муносабатларда чекланган, аммо мақсадли қўлланилиши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (қисқача ЎОҚМДБ, русча қисқартмаси САДУМ, 1993 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси) фаолияти билан узвий боғлиқ бўлди. Ушбу тизимда шаклланган ва амалда халқаро диний дипломатияни юқори савияда олиб борган энг муҳим шахслардан бири – Шайх Юсуфхон Шокиров (1926–2000) ҳисобланади. У ярим асрга яқин вақт давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎОҚМДБ) тизимида хизмат қилиб, собиқ иттифоқнинг мусулмон дунёси билан алоқаларида амалий, ташкилий ва интеллектуал боғловчи вазифасини бажарди.

Табаррук оила
Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йилда Қирғизистон Республикасининг Тўқмоқ шаҳрида машҳур ислом олимлари оиласида таваллуд топди. Шу ўринда минтақамизда ислом дини ривожига салмоқли ҳисса қўшган сулолалар қаторида Шокировлар оиласини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Юсуфхон тўранинг оталари – Олимхон тўра Шокиров, Қўқон хони Худоёрхон амрига мувофиқ шариат хизмати учун Боласуғунга жўнатилган андижонлик Шокирхон тўранинг катта ўғли бўладилар (Шокирхон тўранинг Олимхон тўрадан кейинги иккинчи ўғли Алихон тўра Соғуний экани ҳаммага маълум). Олимхон тўра Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг 1943 йилдаги таъсис қурултойи фаол иштирокчиси, мазкур қурултой қарорига кўра, ЎОҚМДБнинг Қирғизистондаги биринчи вакили-қозиси (ҳозирги тилда айтганда, муфтийси), ЎОҚМДБ Президиумининг аъзоси. Шокировлар сулоласининг дин йўлидаги хизматларини давом эттирган ҳолда, Юсуфхон тўранинг ўғиллари Муҳаммад-Акмалхон Шокиров ҳам узоқ йилллар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида раҳбар лавозимларда (бўлим бошлиғи, проректор) фаолият юритди.

Диний ва дунёвий илмлар билимдони
Юсуфхон тўра Шокиров дастлабки таълимни оталаридан олган бўлсалар, совет тузумининг атеистик сиёсатига қарамай, кейинчалик ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллашга муваффақ бўлдилар.
Дастлаб 1948–1955 йилларда Бухородаги машҳур Мир Араб мадрасасида Қуръон қироати ва тажвид, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, араб тили, мантиқ ва балоғат фанларини пухта ўзлаштирдилар.
1955–1961 йилларда эса Миср Араб Республикасидаги машҳур “Ал-Азҳар” университетида ўқиб, араб тили факультетини аъло баҳолар билан тамомладилар. Ал-Азҳар университетидаги таълим Юсуфхон тўранинг халқаро тафаккурини кенгайтириб, анъанавий ислом илмлари билан замонавий гуманитар фанлар уйғунлигида ислом оламидаги интеллектуал жараёнларни англаш ва келгусидаги дипломатик фаолияти учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Ю.Шокиров 1962–1967 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг Шарқ факультетида таҳсил олди. Лекин бу билан чекланиб қолмай, кейинчалик 1974 йилда Москва шаҳрида совет даври учун имконсиз бўлган дин билан боғлиқ мавзуда – “Ал-Азҳар – минг йил давомидаги араб филологияси маркази” мавзусида араб филологияси фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Шунингдек, у Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида тадқиқотлар олиб борди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎОҚМДБ) тизимидаги фаолият: дипломатия ва ислом таълими
1961 йилда Мисрдан қайтгач, Ю.Шокиров диний идорада янги ташкил этилган халқаро алоқалар бўлими мудири лавозимида иш бошлаб, йирик дин арбоблари ҳисобланган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Исмоил Махдум Соттиевдан дин ва сиёсат мувозанатини сақлаш, “диний дипломатия” маҳоратини ўргандилар.
Бу давр СССР ташқи сиёсатида Яқин Шарқ, Осиё ва Африка мамлакатлари билан муносабатларни фаоллаштириш босқичига тўғри келди. Советлар ҳукумати мусулмон мамлакатларни деколонизация (мустамлакадан озод бўлиш) жараёни ва миллий озодлик ҳаракатларида қўллаб-қувватлаш орқали уларни капитализм (АҚШ ва Европа давлатлари) таъсиридан ўзига оғдиришга ҳаракат қилар эди.
1960-1980 йилларда мусулмон етакчилари Шарқ (асосан мусулмон) мамлакатларидан келган хорижий делегацияларга гўёки “дин эркинлиги мавжуд” эканини намойиш қилишлари, халқаро майдонда “тинчлик учун кураш”да фаол иштирок этишлари, совуқ уруш даврида қуролсизланиш сиёсатини тарғиб қилишлари СССР ташқи сиёсати учун ижобий баҳоланди.
Бу 1958 йил февраль ойида СССР Министрлар Совети қошидаги Дин ишлари бўйича кенгаш раиси А.А.Пузиннинг КПСС Марказий Қўмитаси котиби Н.А.Мухитдиновга (машҳур ўзбек сиёсатчиси Нуриддин Акрамовични кўпчилик яхши билади) тақдим этган “СССРнинг мусулмон ва бошқа диний ташкилотларидан Шарқ мамлакатларида совет таъсирини кучайтириш мақсадида фойдаланиш юзасидан” хатида ҳам ўз аксини топган.
Ўз навбатида, диний идора раҳбарияти бу сиёсатдан диний китоблар (Қуръони карим, Имом Бухорий асарлари, диний тақвим, диний журнал ва б.)ни чоп этиш, йирик зиёратгоҳ ва масжидларни таъмирлаш, Ҳаж сафарини ташкил қилиш, халқаро анжуманлар ўтказиш, олий ислом институтини очиш каби мусулмонлар учун манфаатли мақсадларда самарали фойдаландилар.
1961 йили собиқ иттифоқдаги диний идоралар орасида биринчи бўлиб ЎОҚМДБда халқаро алоқалар бўлими ташкил этилди. 1962 йил 30-31 октябрда Тошкентда ўтказилган диний уламолари халқаро конференцияси қарорига кўра, тўррта мусулмон диний идоралари таклифига биноан, Москвада СССР мусулмон ташкилотларининг халқаро алоқалар бўлими ташкил этилди ҳамда муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон унга раҳбар этиб тайинландилар.

Бундан ташқари, Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Ислом конференцияси (ҳамкорлик) ташкилоти, Ислом олами уюшмаси қошидаги Бутунжаҳон масжидлар олий кенгаши, Жаҳон тинчлик кенгаши, Совет ва Ўзбекистон тинчлик қўмиталари, Совет ва Ўзбекистон тинчлик жамғармалари, Осиё ва Африка мамлакатлари бирдамлик қўмитаси, Совет ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар жамияти Бошқарув кенгаши аъзоси бўлганлари диний идора 70 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишига олиб келди.

Айнан шу даврда пухта билим ва тажрибага эга, араб, инглиз, турк, рус ва форс каби асосий тиллар билан бир қаторда, жами 17 та тилни мукаммал билган Юсуфхон тўра Шокиров диний идоранинг ташқи дунё билан алоқаларида асосий мулоқотчига айланди. Унинг раҳбарлигида:
хорижий мусулмон делегацияларини қабул қилиш;
ЎОҚМДБ вакилларининг халқаро анжуманларда иштирокини ташкил этиш;
расмий мурожаатлар ва баёнотларни тайёрлаш;
ҳаж сафарлари бўйича халқаро ҳужжатларни мувофиқлаштириш;
ҳар бир ўтказилган тадбир ва мулоқот бўйича раҳбариятга таҳлилий ҳисобот ва таклифлар тақдим этиш ишлари амалга оширилди.
Айниқса, 1974 йил 20-23 август кунлари Самарқандда Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро конференция ЎОҚМДБ халқаро сиёсатида бурилиш нуқтаси бўлди. Анжуманда 20 дан ортиқ давлатдан 60 нафарга яқин хорижий уламолар иштирок этди. Юсуфхон Шокиров ушбу тадбирда халқаро ташкилий қўмита котиби сифатида иш юритди.

Муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, ўринбосарлари Исмоил Махдум Соттиев, халқаро бўлим мудири Юсуфхон тўра Шокировнинг Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш ва халқаро даражада меҳмонларни кутиб олишда малакали хизмат кўрсатадиган диний кадрларни тайёрлаш бўйича таклифлари доирасида 1971 йилда Тошкент шаҳрида Олий маъҳад ташкил этишга муваффақ бўлинди. Шу сабабли мазкур олий маъҳадга раҳбарлик қилиш бир вақтнинг ўзида диний идора халқаро алоқалар бўлим мудири вазифасини бажарган Юсуфхон тўра Шокиров зиммасига юклатилди.

Аввалига ҳужжатларда “олий диний мадраса”, “олий диний мактаб” (высшая духовная школа) деб юритилган мазкур билим даргоҳига 1974 йилги Имом Бухорий конференцияси муносабати билан буюк юртдошимизнинг номи берилди ҳамда у расман “Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти” деб номланадиган бўлди (диний соҳа вакиллари ва халқ орасида ҳанузгача “олий маъҳад” номи энг кўп қўлланилиб келмоқда).
1975–1997 йилларда Юсуфхон тўра Шокиров ЎОҚМДБ (кейинчалик Ўзбекистон мусулмонлари идораси) раисининг ноиби сифатида фаолият юритди. 1997 йилдан умрининг охиригача у Бош маслаҳатчи лавозимида ишлаб, халқаро муносабатлар ва диний дипломатия соҳасидаги тажрибасини шогирдлари – янги авлод кадрларга ўтказди.
СССРнинг совуқ уруш, қайта қуриш ва парчаланиш давридаги (1961–1991) диний дипломатия соҳасида тўпланган тажриба айнан унинг мактаби орқали сақлаб қолинди ҳамда диний идора халқаро сиёсатида институционал ворислик таъминланди.
Юсуфхон тўра Шокиров юртимиздаги анъанавий ислом таълими, халқаро ислом илм марказлари ва совет академик мактабини бирлаштирган ноёб шахс сифатида Диний идоранинг мусулмон дунёси билан муносабатларида муҳим рол ўйнади ва уни том маънода “халқаро диний дипломатия профессори” деб аташ адолатли бўлади.
Юсуфхон тўра Шокиров самарали меҳнат фаолияти билан бир қаторда, Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида талабаларга тафсир, ҳадис, араб адабиёти ва балоғат фанларидан дарс берди ҳамда кўплаб шогирдларга устозлик қилди.

У ислом илмлари ва филология соҳасида 200 дан ортиқ мақола, маъруза ва чиқишлар муаллифи бўлиб, энг машҳур асарлари қуйидагилар:
“Ал-Азҳар – минг йил давомидаги араб филологияси маркази” номли монография (Москва, 1975);
4 жилдли “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” китобининг “Хазойинул маъоний” (Б ҳарфидан бошланувчи луғат) асари (Тошкент, 1983);
“Қиссаи Рабғузий” китобидаги оят ва ҳадисларнинг ўзбек тилидаги тадқиқи (Тошкент, 1992);
“Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи” китоби (Тошкент, 1993).

Хотира ва тарихий аҳамият
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида 74 ёшда Тошкент шаҳрида вафот этди. Жаноза намозини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиди ва “Минор” қабристонига дафн этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан 2026 йил январь ойида Шайх Юсуфхон тўра Шокиров таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда. Унинг ҳаёти ва фаолияти диний идора тизимининг барча ходимлари – уламолар, имомлар, мударрислар ҳамда янги ёш авлод вакиллари учун буюк ибрат мактаби ҳисобланади.
Уйғун ҒАФУРОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: https://oliymahad.uz/46061