Ислом дини одамларнинг доимо бир-бирларига яхшилик қилишга амр қилади. Жумладан, шу гўзал дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасига яхшлик қилиш лозимлигини тушунтирган. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли улуғ кишилардир. Ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром билан уларга яхшилик қилиш ҳар бир фарзанд учун зарур бўлган вазифалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...” (Анкабут, 8).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилиги ва Аллоҳнинг ғазабида ота-онанинг ғазабидадир» (Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, кимки Аллоҳ таолони рози этаман деса, ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилсин. Чунки ота-она фарзанди учун қилган дуолари мақбул бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Уч дуо дарҳол қабул бўлади. Уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандларини койиб қилган дуоси” (Бухорий ривояти).
Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизнинг ҳузурингизга ҳижрат қилиш ва жиҳод қилишга байъат қилиш учун келдим”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?”, – деб сўрадилар. У: “Ҳа, иккиси ҳам ҳаётлар”, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан ажр олишни истайсанми?” – дедилар. У киши: “Ҳа”, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онанг ҳузурига қайтиб бор, кейин улар билан бирга бўлиб, яхшилик қил”, – дедилар.
Бу ҳадисдан бизга маълум бўладики, бизнинг ҳаёти дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни ҳурмат-иззитини жойига қўйиб, уларга хизмат қилиб дуоларини олишимиз керак экан. Чунки, ота-онанинг хизмати барча эзгу амаллардан, қолаверса, ўзи ўниб ўсган диёридан бошқа жойга мол-дунё ва аҳли-оиласини ташлаб ҳижрат қилишдек, ҳамда мушриклар тамонидан эзилётган мўминларга ёрдам бериш савобидан кўра шарафли амал эканлиги кўриниб турибди. Аллоҳ барчаларимизниинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни ўтганларини Аллоҳ раҳмат қилсин ва борларини саломат қилсин.
Манбалар асосида тайёрланди.
Қодирхон Азизов,
Косонсой туман бош имом хатиби.
Анъом сураси Қуръони Каримнинг олтинчи сураси бўлиб, у Маккада нозил бўлган, бир юз олтмиш беш оятдан иборат. Анъом – "Чорва моллари" деганидир. Сурада бир неча оятлар чорва моллари ҳақида келганлиги сабабли у Анъом деб номланган. Қуръони Каримда Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланувчи беш сура бўлиб, улардан биринчиси Фотиҳа бўлса, иккинчиси Анъом сурасидир.
Сурада Ислом ақидаси асослари, Аллоҳ таолонинг ягона илоҳлиги, шариат аҳкомлари, жумладан, оилавий масалалар, ҳайвонлар ва унинг гўшти ҳақидаги масалалар, жиҳод аҳкомлари, ғайридинларга доир кўрсатмалар, қиёмат, охират, пайғамбарлар, дунё ва ҳаёт моҳиятига тааллуқли маълумотлар баён қилинган.
Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида ҳадисларда ҳам кенг баён қилинган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Анъом сураси нозил қилинаётганда Жаброил алайҳиссалом билан бирга тушган фаришталар кўплигидан ер билан осмон орасини тўсиб қўйган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарнинг баланд овозда тасбеҳ айтаётганини эшитиб, у зот алайҳиссалом ҳам тасбеҳ айтган ва Аллоҳга сажда қилган" (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Анъом сураси нозил бўлаётганда фаришталар саф тортиб, тасбеҳ айтиб туришди, уларнинг жуда кўплиги туфайли ер ҳам силкинди", дедилар. Шу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло барча айбу-нуқсонлардан покдир, Унга ҳамду санолар бўлсин", деб тасбеҳ айтди.
Восила ибн Астоъ ал-Лайсийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тавротни ўрнига менга еттита узун сура берилди", дедилар. Ушбу суралардан бири Анъом сурасидир.
Ушбу сура ҳақида муфассир олимлар фикрлари:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Маккада тўлалигача нозил қилинган. Унинг атрофида етмиш минг фаришта тасбеҳ айтиб турган”, деганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Қуръони Каримдаги энг сара фазилатли суралардан биридир” деганлар.
Сурада бошқа самовий динларда ҳам буюрилган айрим шаръий ҳукмлар келган бўлиб улар қуйидагилар:
Шунингдек, сурада Аллоҳ таъало инсонларни энг катта зулм - ширкдан сақланишга буюради. Ширк сабабли инсон барча қилган хайрли амаллари савобидан айрилади, дунё ва охиратда зиён кўрувчилардан бўлади.
Сурадан келган айрим оятлар билан танишамиз:
"Ҳамд осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир" (1-оят). Яъни еру-осмондаги барча нарса ва махлуқотлар доимо Аллоҳга ҳамд айтиб туради. Буни инсонлар кўрмайди, эшитмайди ва ҳис қилмайди. Ҳамд фақат оламлар робби Аллоҳгадир.
"Улардан олдин неча аср (кишилари)ни ҳалок этганимизни кўрмадиларми?! Уларга Ерда сизларга бермаган имкониятларни бердик, устиларига осмон (ёмғир)ни ёғдирдик ва остиларидан анҳорларни оқизиб қўйдик. Сўнгра гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва улардан кейин бошқа аср (кишилари)ни келтирдик" (6-оят).
Ушбу оятда тарихда яшаб ўтган аввалги қавмлар ҳаётини ўрганиш орқали улардан ибрат олишга, ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга, яхши амалларни қилиш ва ёмонликлардан қайтишга чақирилади.
"Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир" (59-оят).
Бу оятда ғайб илмларини Аллоҳ таолонинг ўзигина билур дейилмоқда. Пайғамбарларнинг ҳам фақат айримларига бу илмдан ато этилган. Оятда Аллоҳ таолонинг азалий “илм” сифати билан ошкораю-пинҳона нарсалардан доимий равишда огоҳ экани билдирилмоқда. Шу илмига биноан қиёматгача бўладиган ишларни “Лавҳул-маҳфуз”га олдиндан битиб қўйган. Инсонлар тақдирини Аллоҳ таоло буйруқ тариқасида эмас, балки васф ва таъриф сифатида ёзган. Масалан, фалон кимса ўз ихтиёри билан шайтон васвасасига берилади, деб ёзилган. “Берилсин!” деб ёзилмаган. Акс ҳолда банда жавобгар бўлмас эди.
"Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай" (160-оят).
Ушбу оят шарҳида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис келтирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир яхшилик қилишни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга битта яхшилик ёзилади, агар уни қилса, унга ўнта яхшилик ёзилади. Ким бир ёмон ишни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга ёмонлик ёзилмайди. Агар ўша ишни қилса, унга битта ёмон амал қилгани ёзилади", дедилар (Имом Муслим ривояти).
“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади