Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки Муқаддас масжид ходими Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд ташаббуси билан Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги - Ислом оламидаги вақфлар ва ислом ишлари бўйича вазирларнинг IX халқаро конференцияси жорий йилнинг 3-5 август кунлари Макка шаҳрида ўтказилди. “Мўътадиллик тамойиллари ва қадриятларини тарғиб қилиш ҳамда мустаҳкамлашда Ислом ишлари ва вақф вазирликларининг ўрни” мавзусида ташкил этилган конференцияда 250 га яқин дин арбобларидан иборат ислом оламининг 62 давлатидан таниқли муфтийлар, Вақф ишлари вазирлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Мазкур нуфузли конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов иштирок этди. Делегация таркибида ЎМИ тасарруфидаги Вақф хайрия жамоат фонди раиси Исохон Абдуллаев ҳам анжуманда қатнашди.
Халқаро конференциянинг очилишида Саудия ислом ишлари Вазири Шайх, доктор Абдуллатиф бин Абдулазиз Ол Шайх барча иштирокчиларни мазкур конференцияда кўриб тургани билан самимий қутлаб, конференцияни юқори савида ўтишида ва барча иштирокчиларни янада фаол бўлишга чақирди.
У ўз нутқи давомида вазирлик ҳозирда дунёнинг турли мамлакатларидаги Ислом ишлари вазирликлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун жадал ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлаб, бу саъй-ҳаракатлар ортида исломий ишларни ўзаро ривожлантириш, халқаро алоқа ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бағрикенгликни тарғиб қилиш, дунё бўйлаб исломни тўғри тушунишни тарғиб қилиш, Қуръон ва суннатни ҳурмат қилиш ва терроризмга қарши курашишни мақсад қилганини айтиб ўтди.
Вазирнинг маърузасида Қуддус ва Фаластин масаласи, исломий даъват билан боғлиқ масалалар, масжидларга ҳурмат кўрсатиш ва исломий миллат ҳаётига таъсир кўрсатадиган бошқа масалалар шунингдек, имом-хатибларни тайинлаш бўйича тажриба алмашиш, уларга юкланган дастурлар ва масъулиятлар муҳокама қилиниши таъкидланди.
5 август куни конференциянинг ялпи мажлисида М.Муҳаммадсиддиқов “Ўзбекистонда ёшларнинг таълим-тарбиясига қаратилган эътибор” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, конференцияда ислом умматини турли гуруҳларга бўлиш, қон тўкиш, мол-мулкка тажовуз қилиш ва мазҳабсизликни тарғиб қилиш каби ҳар қандай ҳаракатлардан мусулмонларни огоҳлантириш зарурлиги қайд этилди.
Жамиятларда маънавий-ахлоқий ва оилавий қадриятларни муҳофаза қилиш, ёт ижтимоий тушунчалар ёки оиланинг бошқача шаклларини, никоҳдан ташқари жинсий муносабатларни ўрнатишга бўлган уринишларни олдини олиш муҳимлиги таъкидланди.
Конференцияда Ислом ва мусулмонларга қарши нафрат уйғотишга қарши туриш, исломнинг имижини бузиш ва диний ёки ирқий асосда зўравонликка ундашга қарши кураш бўйича маданий дастурлар ишлаб чиқиш белгилаб қўйилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Исломофобияга қарши кураш чора-тадбирлари тўғрисида»ги резолюциясини қабул қилиш чоралари муҳокама қилинди. Анжуманда саккизта энг муҳим тавсиялар эълон қилинди.
ТИИ Матбуот хизмати
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати