Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сочларига оқ оралаб, пешонасига ажин тушган бир киши ора-сира масжидга келиб, жамоатдан дуо сўрарди: “Фарзанд талабидаман, жамоат билан дуо қилсангизлар...”
Бир куни шу одам: “Домла, фарзанд сўраб қилинадиган дуолар борми? Менга ўргатинг”, деб қолди. Мен унга оятларда келган дуоларни, уларнинг маъноларини ўргатиб, дуо қилиш одоблари ва Аллоҳдан умидни узмаслик ҳақида билганимча тушунтирдим.
Бир йилча ўтиб, ҳалиги одам қўлида чақалоқ билан кўзлари севинчга тўлиб кириб келди: “Домла, Аллоҳ менга фарзанд берди! Қизли бўлдим!..” деди. Унинг хурсандчилигидан биз ҳам қувондик.
– Аллоҳга шукр! Бунга сизнинг дуо ва маслаҳатларингиз туфайли эришдик. Қулоғига азон айтиб, хайрли дуолар қиласиз деб чақалоқни тўғри олдингизга олиб келавердим.
Фаолиятим давомида кўп оталарни кўрганман, лекин қизли бўлиб бунчалик севинган отани ҳали учратмагандим. У ҳамма оталардан кўра бахтлироқ эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг ҳузурида бир қиз бўлсаю уни тириклай кўмиб юбормаган, таҳқирламаган ва ўғлини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таолонинг ҳузурида қиз боланинг қадри улуғ. Афсус, буни кўпчилигимиз англаб етмаймиз. Орамизда қиз фарзанд кўрганидан хафа бўладиган оталар, келинини айблайдиган қайноналар учраб туради. Наҳот улар фарзанднинг ўғил ё қиз бўлиши бандасининг қўлида эмаслигини тушуниб етишмаса?! Ахир Қуръони каримда: «Осмонлару Ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир», деб марҳамат қилмаганми?! (Шўро сураси, 49–50-оятлар.)
Албатта, қиз болани иймон-эътиқодли, тақволи ва солиҳа қилиб тарбиялаш осон иш эмас. Бу ота-онадан катта масъулият ва эътибор талаб этади. Агар бунинг уддасидан чиқса, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан улуғ башорат бор: “Қизларни тарбиялаш билан имтиҳон қилинган кишига ўша қизлари жаҳаннамдан парда бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Яна икки йил ўтиб, ҳалиги инсоннинг оиласида хурсандчилик бўлди: Аллоҳ унга икки ўғил ҳадя этди. Неъматларга шукр қилган эди, Аллоҳ яна зиёда қилди.
Бу воқеа хотини қиз туққанида ғазабланиб, уни ота-онасиникига жўнатиб юборадиганлар учун улкан ибратдир.
Абдураҳмон АСҚАРОВ,
Тошкент шаҳридаги
“Катта Қозиработ”
жоме масжиди
имом-хатиби
Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида касб-маҳоратини оширган масжидлар муаззинларига ижозат шаҳодатномаси топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, диний таълим муассасалари устоз-талабалари, малакали муаззинлар ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим қироати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзлаб, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар бўлаётгани, Давлат Раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида бугунги юксалишларга эришилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Хусусан, Диний идора томонидан юртимиз масжидларида янграётган азон оҳанглари янада гўзал бўлиши учун саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига урғу бердилар.
Сўзга чиққан Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Муфтий ҳазратлари ташаббуси билан имом-хатиблар қироатини яхшилаш ва муаззинларнинг азон айтишларини чиройли қилиш бўйича хайрли ишлар йўлга қўйилгани, бу борада мўътабар манбалар ва замонавий усуллар асосида ўқув режалари ишлаб чиқилгани, қарийб беш йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида икки мингдан зиёд муаззин учун азон ва иқома бўйича ўқув семинарлар, онлайн ва офлайн машғулотлар олиб борилгани, мазкур амалий машғулотлар давомида баҳолаш мезонларига кўра саралаб олинган 196 нафар муаззин махсус ўқитилгани, бугун уларнинг 70 нафардан зиёдига ижозат шаҳодатномалари берилаётгани ҳақида тўхталди.
Тадбир давомида иштирокчиларга муаззинларнинг малака ошириш дарслари жараёнларидан видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, малакали муаззинларнинг азон садолари тингланди.
Шундан сўнг азон ва иқома айтиш бўйича ижозат шаҳодатномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари ва Шайх Алижон қори томонидан малака оширган бир гуруҳ муаззинларга ижозат шаҳодатномалари ва китоблар тўплами топширилди.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатган Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозларга ташаккурномалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати