Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

ЭЪТИБОР, ЭҲТИРОМ ВА ЭЪЗОЗ

06.09.2024   5817   10 min.
ЭЪТИБОР, ЭҲТИРОМ ВА ЭЪЗОЗ

Дил изҳори

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз мустақиллигининг 33 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Бугун ҳар бир гўшада байрам шукуҳи ҳукмрон. Бу айём ўзини шу Ватан фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун қадрли, азиз ва мўътабар. Чунки у бизга ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни бахш этди.

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Президентимиз фармонларига мувофиқ турли соҳа вакиллари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Шундай фидойи юртдошларимиз қаторида уч нафар имом-хатиб “Имом Бухорий” ордени билан мукофотлангани барча диний соҳа вакилларини бениҳоя хурсанд қилди. Айтиш жоизки, яқин ўтмишда имом-хатибларга бу даражада эҳтиром кўрсатилмаган.  Ушбу қувончли воқеа янги Ўзбекистонда ислом дини ва соҳа ходимларига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Имом-хатиблар юксак мукофотларни 30 август куни Кўксарой қароргоҳида давлатимиз раҳбаридан қабул қилиб олди. Қуйида уларнинг дил сўзлари билан танишасиз.

Маърифий соҳада илмий асос яратилмоқда

— Бугун мен жуда ҳам шодман. Мана шундай улуғ мукофотни шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзидан қабул қилиб олиш менга юксак шараф бўлиш билан бирга, катта масъулият ҳам юклади. Мамлакатимизда Президентимиз  раҳбарлигида барча соҳаларда инсон қадри ва унинг шаънини юксалтириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самараларини бирма-бир санаб адоғига етиш мушкул.

Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий каби буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий мактабини ўрганиш ва тадқиқ этиш учун илмий-тадқиқот марказлари фаолияти кенг йўлга қўйилди.

Динимизни илмий жиҳатдан ўрганишни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда шу номдаги мадрасага асос солинди. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Уларда талабалар ва ёш тадқиқотчилар буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш баробарида замонавий илмларни ҳам ўзлаштириб, етук олим бўлиб камол топади. Шулар қаторида турли ҳудудларда ҳадис, калом, тасаввуф, фиқҳни ўрганишга ихтисослашган илмий мактаблар, хусусан, бизнинг вилоятимизда ҳам тасаввуф илми мактаби фаолияти йўлга қўйилгани диний-маърифий соҳада янги давр бошлаганидан дарак беради.

Қувонарлиси, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро Арк қўрғони яқинида Мир Араб олий мадрасасининг янги биноси барпо этилди ва фойдаланишга топширилди. 200 ўринга мўлжалланган олий мадрасада Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда 100 нафардан ортиқ талаба замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва спорт залида малакали устозлардан таълим олмоқда.

2021–2024 йилларда вилоятимиздаги 15 та масжиднинг янгитдан қуриб фойдаланишга топширилгани, 42 та масжидда эса йирик таъмирлаш ишлари олиб борилгани мамлакатимизда муборак динимизга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг исботидир.

Мустақиллик байрами арафасида шундай улуғ эътирофга сазовор бўлиш, менга чексиз ғурур бағишлади. Келажак авлодни янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкори қилиб тарбиялаш, халқимизнинг маданий-маърифий, диний-ахлоқий дунёқарашини бойитиш йўлидаги фаолиятимда бу мукофот менга қанот бағишлайди, дея ишонч билан айта оламан.

Жобир домла ЭЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Бухоро вилоятидаги вакили,

Бухоро вилояти бош имом-хатиби,

Мир Араб олий мадрасаси ректори

* * *

Аждодларимизнинг ўлмас мероси чуқур ўрганилмоқда

— Бугун жуда бахтиёрман. Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида давлатимизнинг энг юксак мукофотларидан бири “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланганимдан қувончим чексиз, сўз билан таърифлашга ожизман. Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган орденга биринчилардан бўлиб лойиқ кўрилганимдан, юксак мукофотни давлат раҳбарининг ўз қўлидан олганимдан бошим кўкка етди.  

Турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқлар ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, одилона сиёсат натижасидир. Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимизда ўнлаб янги масжидлар қурилди, мавжудларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Мисол учун, бир вақтлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турган Абул Муин Насафий зиёратгоҳини бугун бутун дунё сайёҳлари  катта завқ ва ҳайрат билан томоша қилмоқда.

Мазкур мажмуада Абул Муин Насафий илмий меросига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияларда Туркия, Миср, Франция, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан юзлаб олим ва каломшунос мутахассислар иштирок этиб, юртимизда эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолади. Шунингдек, Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар, Китоб туманидаги Хўжа Илм Кони ва Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшуворий, Қамаши туманидаги Лангар ота мажмуаларини реконструкция ва реставрация қилиш ишлари амалга оширилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида муборак ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлган ватандошларимиз сони бармоқ билан саноқли бўлган. Бугунги кунда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли уларнинг сони 15 мингдан ошди. Жорий йилда фақат Қашқадарё вилоятининг ўзидан 801 нафар фуқаро ҳаж амалларини бажариб келди.

Ҳаж мавсумида Президентимиз ҳожилар ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилгани нафақат ҳаж зиёратига борганларни, уларнинг оила аъзоларини, барча мўмин-мусулмонларимизни беҳад қувонтирди.

Бундай ғамхўрликдан руҳланган ҳожиларимиз, вилоятимиздаги барча жоме масжидлар имом-хатиблари ва уларнинг ноиблари “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида хайрли амалларни бажаришмоқда.

Раҳматулло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом-хатиби

* * *

Юксак маънавий-ахлоқий жамият барпо этиш йўлида

Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизда кўзга кўринган илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият вакиллари қаторида давлат мукофоти билан тақдирланганим менга чексиз фахру ифтихор бағишлади.

Яратганга беҳад шукрлар бўлсинки, юртимизда Истиқлол байроғи остида халқимизнинг юрт равнақи йўлидаги азалий истакларини рўёбга чиқа бошлади. Бу, албатта, ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, энг аввало, инсон манфаатига қаратилган бўлиб, уларнинг негизида фаровон турмуш, илм-фан равнақи, юксак маънавий-ахлоқий, илмий-ижодий салоҳиятни янада юксалтириш ва ривожлантириш ётади.

Бугун шу мақсадда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар мақтовга лойиқ. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий меъморий мажмуаси юксак даражада ва  маҳобатли шаклда бунёд этилмоқдаки, у бир неча асрлар давомида юртимиз ва дунё мўмин-мусулмонлари учун руҳий-маънавий озиқа оладиган муҳташам даргоҳга айланади. Шунингдек, келажак авлод учун бир неча юз йиллар зиё сочадиган, ёшларга илм-маърифат нурини таратадиган осори-атиқа бўлади.

Давлатимиз етакчиси раҳбарлигида бунёд этилаётган ва Учинчи Ренессанс пойдевори, дея таърифланаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳам буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаларини дунё ҳамжамиятига намоён этадиган, ислом маърифатини кенг тарқатадиган ва ёшларни улуғ алломаларга муносиб авлод қилиб тарбиялайдиган маърифат кошонаси бўлиб асрлар оша хизмат қилди, инша Аллоҳ.

Мана шу ўзгаришлар кўз ўнгимда рўй бераётгани ва ўзим ҳам унда иштирок этиб, улкан савобли ишларга сабабчи бўлаётганимдан фахрга тўламан. Бундан ўттиз йил олдин Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида янги қурилган жоме масжидининг имом-хатиби сифатида ўз фаолиятимни бошлаганман. Истиқлолнинг илк даврларида вилоятимизда бор йўғи 4 масжид бор эди. Улардаги шарт-шароитлар ҳақида сўз юритишнинг ҳожати ҳам йўқ. Бугун вилоятимизда 200 дан ортиқ масжид фаолият юритяпти. Уларнинг барчаси замон талабига мос тарзда таъмирланган, бинолари янгидан бунёд этилиб, намозхонлар учун барча шароитлар ҳозирланган.

Яна бир таъкидлаш жоиз бўлган воқеа имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланди. Олдинлари  фақат тўй-маъракалардагина кўриниш берадиган имомларимиз бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда, уни халққа етаказишда астойдил фидойилик кўрсатмоқда. Айниқса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш, ҳанафий мазҳабига хос диний тушунчаларни тарғиб қилиш, диндошларимиз тўғри йўлда юриши учун олиб борилган маънавий-маърифий ишларда бевосита иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман. 

Камтарона меҳнатим юксак қадрланишидан, “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланганимдан беҳад миннатдорман. Аслида бу мукофот нафақат менинг, балки бутун Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган барча имом-хатиб ва ноибларнинг улкан меҳнати натижаси, деб ҳисоблайман.

Биз, дин пешволари бундай эътибор ва эҳтиром олдида қарздорликни мудом ҳис этамиз. Бунга жавобан юртимиз тинчлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида янада куч-ғайрат ва фидокорлик билан хизмат қиламиз. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар бардавом бўлишини доимо Раббимиздан сўраймиз. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман...”, деб марҳамат қилган.

Алишер НАИМОВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари,

Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

13.06.2025   12737   5 min.
Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.

Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.

Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».

Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: Мен ҳам қавмим тарафидаман, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.

У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.

Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар? дедилар. Улар яна: Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!, дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?-дедилар.

Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.

Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:

“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ