Қадрли ватандошлар!
Аввало, ушбу қутлуғ айёмда сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ҳеч шубҳасиз, бу йилги Конституция байрамининг алоҳида руҳи ва шукуҳи борлигини бугун барчамиз чуқур ҳис этиб, англаб турибмиз. Бу, биринчи навбатда, мазкур айёмнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий бир шароитда ўтаётгани билан боғлиқ, десак, тўғри бўлади.
Айниқса, шу йил 27 октябрда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга очиқлик ва рақобат руҳида ўтган сайловлар янгиланган Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этиш йўлида ғоят муҳим қадам бўлганини яна бир бор таъкидлаш лозим.
Меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги хоҳиш-иродаси, бирлиги ва ҳамжиҳатлиги, сиёсий маданияти яққол намоён бўлган ушбу сайловлар натижаларига кўра, юртимизда конституциявий ҳуқуқ ва ваколатлари кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги вакиллик тизими шакллангани албатта барчамизни мамнун этади.
Яна бир муҳим жиҳати – ҳокимлар бир пайтнинг ўзида маҳаллий кенгашларга ҳам раҳбарлик қилиб келган амалиётдан ушбу органларга илк бор депутатлар орасидан сайланган кенгаш раиси бошчилик қиладиган янги тизимга ўтилмоқда.
Бундан ташқари, ҳокимларнинг 30 дан зиёд ваколатлари маҳаллий кенгашларга ўтказилгани ижтимоий ҳаётимизда демократия, халқпарварлик тамойиллари тобора кенг ўрин олаётганидан далолат беради.
Биз “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий принципга амал қилган ҳолда, парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг фаоллигини янада ошириш, самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, бир сўз билан айтганда, уларни чинакам халқ овозига айлантиришга қаратилган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилган устувор тамойилларни ҳаётимизга изчил татбиқ этиш борасида юртимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан сўнгги йилларда иқтисодиётимиз 2 карра ўсгани, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 3 минг долларга етгани, камбағаллик даражаси 23 фоиздан 11 фоизга тушгани, мактабгача таълимда қамров 74 фоиздан, олий таълимда эса 39 фоиздан ошгани, ҳеч шубҳасиз, тарихий натижадир.
Ислоҳотларни жадал давом эттириб, янгиланган Конституциямиз нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида тадбиркорликни ривожлантириш, шу асосда аҳоли даромадларини ошириш, оила ва маҳаллаларда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Шунингдек, Асосий қонунимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгиланганидан келиб чиқиб, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, янги уй-жойлар, тиббиёт, таълим, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, йўл ва коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш биринчи даражали аҳамият касб этади. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми 2 баробар кўпайтирилиб, тиббий суғурта тизимига ўтиш ва аҳолини кафолатланган тиббий хизматлар билан тўлиқ таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Таълим соҳасидаги дастурларимиз доирасида яқин йилларда олийгоҳларда қамров 50 фоизга етказилади. Биргина 2025 йилда боғча ва мактабларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш учун давлат бюджетидан 4 триллион сўм маблағ ажратилади.
Яна бир муҳим йўналиш – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш учун жами 46,5 триллион сўм маблағ сарфланиб, 1 миллион фуқарони камбағалликдан чиқариш режалаштирилмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоийлашувини ошириш ва умуман жамиятимизда инклюзивликни таъминлаш бўйича ишлар ҳам янги босқичга кўтарилади. Пенсия тизимини ислоҳ этиш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилади.
Маълумки, янгиланган Бош қомусимизда фуқароларнинг экология соҳасидаги ҳуқуқлари конституциявий даражада белгиланиб, давлатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлашга қаратилган мажбуриятлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.
Кириб келаётган 2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада катта вазифаларни аниқ белгилаб олганимиз ана шу конституциявий қоида ва принципларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлади, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азиз юртдошларимни, бутун халқимизни ушбу йил бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақираман.
Ҳеч қачон унутмайлик: табиатни асраш – бу инсонни, келажакни асраш демакдир. Бебаҳо бойлигимиз бўлган серҳосил далаларимиз, зилол булоқларимиз, дарё ва кўлларимиз, тоғ ва адирларимизни асраб, боғу роғлар, яшил масканларни кўпайтирсак, Ўзбекистонимиз янада гўзал диёрга айланади, авлодларга биздан озод ва обод Ватан қолади.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Конституциямиз мамлакатимизда миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда доимо ишончли кафолат бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Шу маънода, халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган Асосий Қонунимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Бу ноёб қомуснинг ҳар бир моддаси ва қоидасини ўрганиш, уларга ҳурмат, меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, тўлақонли ижро этиш барчамиз учун муқаддас бурч ва мезонга айланишини истардим.
Аминманки, ана шундай юксак масъулият билан астойдил меҳнат қилиб, ислоҳотларимиз самарасини янада оширамиз ва олдимизга қўйган улуғвор мақсадларга албатта етамиз.
Сиз, азиз юртдошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Ватанимизнинг обрў-эътибори, шону шуҳрати зиёда бўлсин!
Барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг ижодкори бўлган халқимиз омон бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
2026 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация таркибида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўмон Султонлигида амалий ташриф билан бўлди.
Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов каби расмий ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди.
Мулоқот давомида архив ҳужжатларини реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштириш соҳасидаги замонавий технологиялар, илғор тажрибалар ҳамда илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларни чуқур ўрганишга қаратилган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Унда икки халқнинг муштарак тарихий илдизлари, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ва тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини илмий тадқиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувдан сўнг делегация аъзолари Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишдилар. Хусусан, тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган замонавий лабораториялар, махсус ускуналар ҳамда технологик жараёнлар намойиш этилди.
Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказувчи замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши курашиш, архив материалларини биологик омиллардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, бой тарихий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Эътиборлиси, мазкур ташриф ва учрашувлар тафсилоти Қатарнинг Доҳа шаҳрида инглиз тилида чоп этиладиган етакчи «The Peninsula» газетасида ҳам кенг ёритилди. Нашрда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари билан бир қаторда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда маърифий ташаббусларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг ушбу ташрифдаги иштироки институтнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотлар ривожига ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Тошкент ислом институти матбуот хизмати